“Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм”нинг фазилати

0
1,527

بسم الله الرحمن الرحيم

 

Аллоҳ таоло барча махлуқотни яратди ва Ўз ҳабиби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам орқали ҳар бир ишни “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм” билан бошлашга даъват этди. Бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эътиборга молик ҳар бир иш “бисмиллаҳ” билан бошланмаса, у нуқсонлидир (баракаси оздир)” – дедилар.

Ривоятда келтириладики, “Аллоҳ таоло лавҳ ва қаламни яратгандан сўнг қаламга қиёматгача бўладиган нарсаларни лавҳга ёзишга амр қилди. Шунда қалам: “Эй Раббим! Нима билан бошлайман”, – деди. Аллоҳ таоло: “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм билан бошла” – деди. Қалам ушбу калимани етти юз йил муддатда ёзди. Сўнг Аллоҳ таоло улуғлиги билан “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматидан қайси бир эркак ёки аёл ушбу калимани айтса, унинг номаи аъмолига етти юз йиллик савоб ёзилишини” қасамёд қилиб айтди”.

Уламоларнинг таъкидлашларича, бу калимага давомий бўлган хусусан дарс бошланишида ва ўрталарида одатланган кишиларга жаннат бўлсин!, дейилган. Ушбу ваъдага Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Амалларнинг савоби ниятларга боғлиқдир” деган ҳадисларига мувофиқ тақво билан эришилади.

“Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм” калимасида Аллоҳ таолонинг 99 исм ва сифатларидан айнан учтаси: Аллоҳ лафзи, Ар-Роҳман лафзи ва Ар-Роҳийм лафзлари олинганининг ҳикмати нима экани қуйидагича изоҳланади: Аллоҳ лафзи зотий исмлардан, Ар-Роҳман лафзи сифат исмлардан ва Ар-Роҳийм лафзи феълий сифатлардандир. Демак, бу учала исмни зикр қилиш савоб жиҳатидан барча исмларни зикр қилган билан баробардир. Чунки инсоннинг ҳолати ҳам учтадир: Дунёга келиш ҳолати, дунёдаги ҳолати ва охиратдаги ҳолати. Бас Аллоҳ лафзи инсонни йўқдан бор қилувчи эканига, Ар-Роҳман лафзи дунёда неъмат берувчи эканига ва Ар-Роҳийм лафзи охиратда раҳмли эканига далолат қилувчидир.

 

 

Билим юрти “Тафсир” фани мударриси

Рустамжон Маҳмудовнинг Усмон Позорийнинг

“Тафҳимул мутафаҳҳим ала таълимил мутаъаллим”

китобидан таржимаси

Load More In МАҚОЛАЛАР