MAQOLALAR “Биз аждодларимиз йўлидан юрамиз” дегувчиларга бир оғиз сўз 5 марта, 2023 0 817 “Ота бобом” ақидаси бу — Ота боболари бажариб келган ношаръий урф-одатларга ибодат тусини бериш, шариатга тобе бўлиш ўрнига аждодлар одатига қарамлик, шариат билан урф одат бир-бирига зид келиб қолган вазиятларда “биз аждодларимиз йўлидан юрамиз” деб ўз истакларига таассуб қилиш ҳолатларидир. Ер юзида инсоният яралибдики Аллоҳ тарафдан юборилган барча расул ва пайғамбарлар ўз қавмини Аллоҳ таоло жорий этган шариатга чақириб, ота-боболаридан қолган куфрий ақидалардан воз кечишга даъват этганлар. Буюк тарихдан улуғ ҳақиқатларни сўйловчи Қуръони каримда “ота-бобом” ақидаси туфайли залолатга кетган қавмлар ҳақида кўплаб қиссаларни кўрамиз. Масалан, дастлабки пайғамбарлардан ҳазрати Нуҳ алайҳиссаломни Аллоҳ таоло элчи этиб юборди. У қавмини якка Алоҳга ибодат қилиш ва ҳаромдан тақво қилишга чақирганида улар қулоқ солишмади. Балки ҳазрати Нуҳни менсимадилар, Улар ота-боболаридан Нуҳ тарғиб қилаётган дин ҳақда ҳеч қандай маълумот олмаганларини пеша қилишиб, аждодларига хилоф қилган Нуҳ пайғамбарни шуҳратпарастга чиқаришди. Улар ҳақидаги қиссани Қуръонда шундай тасвирланган: فَقَالَ الْمَلَأُ الَّذِينَ كَفَرُوا مِن قَوْمِهِ مَا هَذَا إِلَّا بَشَرٌ مِّثْلُكُمْ يُرِيدُ أَن يَتَفَضَّلَ عَلَيْكُمْ وَلَوْ شَاء اللَّهُ لَأَنزَلَ مَلَائِكَةً مَّا سَمِعْنَا بِهَذَا فِي آبَائِنَا الْأَوَّلِينَ Бас, унинг қавмидан куфр келтирган зодагонлари: “Бу сизга ўхшаш башар, холос, сиздан афзал бўлиб олмоқчи. Агар Аллоҳ хоҳласа, фаришталарни туширар эди. Аввалги ота-боболаримизда буни эшитган эмасмиз”. (Мўминун сураси 24). Ҳазрати Нуҳнинг бошига тушган бало пайғамбарлар отаси Иброҳим алайҳиссаломни ҳам кўп қийнаган. Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломни тўғри йўлга ҳидоят қилди. Ҳақ билан ботилни фарқига борган ўғил отаси ва у каби эътиқод қилувчи будпараст қавмига уларнинг хатосини очиқ айтишга ўзида жасорат топди. Улар эса ота-боболарининг ботил анъаналари ва диний расм-русумларига содиқ қолишни таъкидладилар. Ҳаққа юрмадилар. Шунда Иброҳим алайҳиссалом уларга қарата: “шу кўйда қолар экансиз сизлар ҳам ва сизларга шундай тарбия бериб кетган ота-боболарингиз ҳам очиқ-ойдин залолатдасизлар”— деб уларнинг айбини юзларига солди. Бу ҳақда Қуръонда шундай ҳикоя қилинган: إِذْ قَالَ لِأَبِيهِ وَقَوْمِهِ مَا هَذِهِ التَّمَاثِيلُ الَّتِي أَنتُمْ لَهَا عَاكِفُونَ (52) قَالُوا وَجَدْنَا آبَاءنَا لَهَا عَابِدِينَ (53) قَالَ لَقَدْ كُنتُمْ أَنتُمْ وَآبَاؤُكُمْ فِي ضَلَالٍ مُّبِينٍ (54 Тарихан жуда узоқларга бориб қадалувчи “ота-бобом”чилар ҳар бир даврда топилган. Улар билан кураш олиб боришга буюрилган пайғамбар ва расуллар зиммаларидаги муҳим масъулиятли вазифалари ўлароқ ўз қавми ичидаги бобокалонларининг эътиқодига қарам бўлиб қолган кофир “ота-бобом”чиларга қарши мардонавор илмий ва амалий чоралар кўриб умрини ўтказганлар. Лекин шунга қарамасдан улар ҳар бир даврда мавжуд бўлиб қолаверган. Шу қаторда собиқ биродарлари каби пайғамбарлар сўнггиси ҳазрати Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам жанобимиз ҳам “ота-бобом”чи мушрикларни тўғри йўлга бошлаш ғамида яшаб ўтганлар. Жоҳилят даврида араблар ичида “Баҳира”, “Саиба”, “Васила” ва “Ҳам” деган одатлар бўларди. Бирор туя беш марта бола туғиб охиргиси эркак туғилса шу она туянинг қулоғини кесиб белги қўйишар ва озодликка қўйиб юборишарди. Уни миниш, сутини соғиш, сўйиб гўштини ейиш ҳаром эди. Шунингдек, ишлатиш мумкин эмас магар бут-санамлар хизмати учунгина фойдаланишар эди. Бу туя жоҳилятда “баҳира” дейиларди. Агар бирор бемор бўлгани: “дардимга даво топилса бир туяни қўйиб юбораман” деб назр қилса ва шу сабаб эркинликка қўйиб юборилса, ўша туя жоҳилят даврида “саиба” дейилар, уни ейиш, ишлатиш ҳаром эди. Хоҳлаган еридан сув ичиши ва хоҳлаган майсазоридан ўтлашига монелик қилинмасди. Илгарги умматлар орасида “ота-бобом” ақидасига асосан кенг тарқалган будпарастлик ширкини мисол қилиб келтирадиган бўлсак, бугунги давримизга оид кўплаб бидъат-хурофотларни санаб келтириш мумкин. Масалан: 1-Маййит чиққан ҳонадон аҳли маййит руҳи келиб ором олиши учун чиннига сув қуйиб унинг ичига беҳи ё олма дарахти шоҳини солиб қўйиши; 2-Сешанба куни маййит чиққан ҳовлидан, бошқа ўлим бўлмаслиги учун бирор мевали дарахтни томири билан қўпориб ташланиши; 3- Ўликнинг мероси тақсимланмай туриб унинг молини турли туман зиёфатлар уюштириб халққа едириб юборилиши; 4- Пайшанбу куни жони узилган жасадни жума намозигача сақлаб қолиниши; 5-Қабрлар устига шам ёқиб қўйилиши; 7- Келин келган вақтда остона олдида олов ёқилиши; 8- Никоҳ жараёнида куёвнинг либосига игна ип билан тикиб турилиши; 9- Хозирда ота-боболаримиз дини деб Зардўштийликни кенг тарғиб килаётганлар, Авесто муқаддас китобимиз, деб сафсата сотадиганлар ҳам бор. Бу тарихда қолиб кетган, аслида эса ботил дин, уни бугун оммалаштириш ислом таълимотига мутлақо зиддир! Жадидчилар ХХ аср бошларида янги чиққанларида мадраса таълим тизимини ислоҳ килиш, дасрликларни ўзгартириш, тафсир ва ҳадис китобларини қўшиш кераклигини кўтариб чиқишди. Шунда қадимчи уламолар ота-боболаримиз китобларини ўзгартирмймиз деб рад қилишган эди. Ҳолбуки ота-боболари ҳам 16 асрда шайбонийлар даврида олдинги темурийлар ва ундан аввалги ота-боболаримиз ўқиган ва ўқитган китобларни мадрасалар таълим дастурларидан олиб ташлашган эди. Юқоридаги ҳужжатлар билан танишиб, таҳлил қилгач қуйидаги хулосага келамиз: Биз аҳли илмлар, бугун тамомий халқимиз ичида оммалашиб кетган ҳар-хил ибодат тусини олган сарқит одатлардан воз кечишимиз, жамиятни ислоҳ этишимиз, бидъатларни ўлдириб суннатларни жонлантирмоғимиз лозиму-лобуд фарздир! Собиқ аждодларимиз одатлари қаторида ношаръий амаллар мерос қолган бўлса, аввало ўтганларимиз ҳаққига Аллоҳдан мағфират сўраб, бу амалларни тарк этишимиз, келажак авлодга эса соғлом ақида ва амалларни ўргатиб қолдиришимиз даркор бўлади! “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти 3-босқич 82-гурух талабаси Рўзиматов Жавлонбек