MAQOLALAR Биз КЎПЧИЛИКМИЗ… 12 апреля, 2020 0 345 «Қизалоқ отаси билан уйи яқинидаги қумлоқ соҳилга сайрга чиқди. У ердаги манзара кеча тунда содир бўлган бўроннинг даҳшатидан хабар берарди. Қирғоқда минглаб денгиз юлдузчалари сочилиб ётар, шиддатли тўлқин уларни сувдан анча узоққа итқитиб юборган эди. Уларнинг баъзилари ўлик, баъзилари эса ҳаётининг сўнгги дамларини яшамоқда эди. Қизалоқ жажжи қўллари билан ҳалитириклик аломати билиниб турган бир юлдузчани денгизга, сувга улоқтирди. Сўнг бошқасини, яна ва яна… кучи етканича ҳали ҳаёт нафаси тарк этмаган жажжи жониворларни денгизга олиб бориб ташлар, юз минглаб жониворларга раҳми келганидан тинимсиз йиғларди. Шунда отаси унга қараб: «Қизалоғим, сен ҳозир ўнлаб, балки юзлаб ҳайвонларни қутқарарсан. Лекин бу ишинг ҳозирги аянчли вазиятда ҳеч нимани ўзгартирмайди», –деди. Шунда қиз отасига юзланиб ишонч билан: «Тўғри, бир кичик жониворни қутқаришим бутун дунё учун ҳеч нимани ўзгартирмас, лекин ўша жонивор учун бу кўп нарсани, бутун бошли ҲАЁТни англатади», –деб жавоб берди». Аслида бу бир ҳикоя холос. Ундан олинадиган хулоса шуки, ислоҳ, эҳсон ва яхшилик учун ҳар бир инсонда ҳиммат бўлиши, уни арзимас санамаслик ва бу ҳиммат ким учундир кўп нарсани билдиришини яхши англашдир. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда «Унга(инсонга) ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир», дея марҳамат қилган ва бир инсоннинг ҳаётини сақлаб қолишни бутун инсониятни сақлаб қолишга тенглаштирган. «Йўғон чўзилиб, ингичка узиладиган» бугунги синовлик кунларда Ғаний, Ваҳҳоб ва Раззоқ бўлган Роббимиз бизга ато қилган неъматлардан инфоқ-эҳсон қилишда бардавом бўлайлик. «Бир ўзимнинг кимгадир кўрсатадиган арзимас ёрдамим нимани ҳам ҳалқиларди?» деган мулоҳазага бормайлик. Яхшиликларни кичик санамайлик. Охиратда қайси амалимиз бизга фойда беришини, нажотга сабаб бўлишини ҳеч биримиз билмаймиз. Унутманг! Биз КЎПЧИЛИКМИЗ… Манбалар асосида «Саййид Муҳйиддин махдум» ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Абдуллоҳ Ғуломов тайёрлади