ҲАСАДНИНГ ЗАРАРЛАРИ

0
400

Ҳасад тоатларни йўққа чиқаради ва гуноҳ ишларни бажаришга ундайди. У тузалмас касалга ўхшайди. Илмсиз, авом инсонлар уёқда турсин, айрим илмли кишилар ҳам айнан мана шу балога гирифтор бўлган. Ҳасад инсонларни ҳалок этиб, жаҳаннамга олиб боради.

Ҳасад беш нарсани келтириб чиқаради:

  • Тоатларни йўқ қилиб юбориш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳасад худди олов ўтинларни еб тугатганидек, яхшиликларни еб битиради» – дедилар.
  • Гуноҳ ва ёмон ишларни бажариш. Ваҳб ибн Мунаббаҳ роҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Ҳасад қилувчининг учта аломати бор. Кўришган вақтида хушомад қилади, йўқлигингда ғийбат қилади ва мусибат келганида ичиқоралик қилади».

         Мен айтаман: Аллоҳ таоло ҳасадгўйнинг ёмонлигидан паноҳ сўрашга бизни буюриши сизга кифоя қилади: «Ва ҳасад қилган ҳасадчининг ёмонлигидан, деб айт»(Фалақ сураси, 5-оят).

Аллоҳ таоло бизни шайтон ва сеҳргарнинг ёмонлигидан паноҳ сўрашимизга буюрганидек, ҳасадчидан ҳам паноҳ сўрашга буюрди. Қаранг! Ҳасаднинг қанчадан-қанча фитналари ва ёмонликлари бор. Ҳаттоки, Аллоҳ таоло ҳасадни шайтон ва сеҳргарга тенглаштирди.

  • Фойдасиз ғам ва машаққат. Шунингдек, мана шу қийинчилик ва ташвиш билан бирга гуноҳ ва маъсият ҳам бор.
  • Қалбни кўр қилади. Қалб ҳасад таъсирида Аллоҳ таолонинг бирор-бир ҳукмини фаҳмламайди. Сўфён Саврий роҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Ўзингизга кўп вақт сукут сақлашни лозим тутинг! Тақвога эга бўласиз. Дунёга ҳарис бўлманг! Эҳтиёткор бўласиз. Бировни ҳақорат қилувчи бўлманг! Инсонларнинг тилидан саломат қоласиз. Ҳасадчи бўлманг! Тез фаҳмловчи бўласиз».
  • Маҳрумлик ва хорлик. Ҳасадчи асло мақсадига етолмайди, душманининг устидан ғалабага эришолмайди. Ҳатим ал-Асом роҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Адоват қилувчи диндор эмас, ўзгаларни айбловчи ибодатгўй эмас, чақимчи ишончли эмас ва ҳасадчи нусрат топувчи (ғалаба қилувчи) эмас».

Аллоҳ таоло барчамизни ҳасад ва ҳасадчиларнинг ёмонликларидан омонда сақласин!

«Минҳожул обидин» китобидан

4-босқич 69-гуруҳ талабаси

Аброрбек Муҳаммадкаримов таржимаси

Load More In MAQOLALAR