ИБРАТЛИ ҲИКОЯ

0
457

Абу Али Риботий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Абдуллоҳ Марвазий билан бир сафарда ҳамроҳ бўлдим. Шунда Абдуллоҳ Марвазий менга айтдики:

-Бу сафаримизда сенга қай бири қулай: сен бошлиқ бўлганингми ёки мен?

Мен айтдим:

-Албатта, сиз бошлиқ бўлганингиз яхши.

-Ундай бўлса, менга бўйинсуниш сенга вожиб, деди.

-Хўп бўлади.

Шундан сўнг қопимизга озиқ-овқатларни солдик. Абдуллоҳ Марвазий қопни кўтарди. Мен эса дедим:

-Менга беринг, мен кўтараман.

У зот айтдики:

-Хўжайин менман! Сен фақат мен нима десам, шуни бажарасан!

Шу куни кечаси билан ёмғир ёғиб чиқди. Абдуллоҳ Марвазий эрта тонг ёмғир тингунича эгнида биргина кийим билан тик туриб, мени ёмғирдан пана қилиб чиқди. Мен эса, ўтирган жойимда “Сиз бошлиқсиз” деб гапирганимга пушаймонлар еб, ўзимни койидим.

Шунда Абдуллоҳ Марвазий менга қараб шундай деди:

-Бирор киши билан ҳамсафар бўлсанг, мен каби ҳамроҳ бўлгин!

Бу воқеа мен учун катта ибрат бўлди.

Ибрат ва хулоса. Биз ҳам мана шундай олижаноб хислатларни ўзимизда, ҳаётимизда кўрсатмоғимиз даркор. Бу ҳаёт сафаримизда барчамизга чин ҳамроҳлар, чин дўстларни Аллоҳ насиб этсин!

 

“Ар-рисалату ал-Қушайрия” китоби асосида

“Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти

4-босқич талабаси Йўлдашев Абдулазиз тайёрлади.

Load More In MAQOLALAR