Исломга мустаҳкам боғланган макон

0
117

Ислом – Сомалининг давлат дини. Турли манбаларда келтирилишича, мамлакат аҳолисининг 99 фоиздан, то 99,8 фоизгача бўлган аҳолиси Ислом динига эътиқод қилади. Мусулмонларнинг аксари суннийлар. Сомалида шариат қонунига амал қилинади. Мамлакатнинг 2012 йилда қабул қилинган муваққат конституциясида ҳам Ислом Сомали Федератив Республикасининг давлат дини ва Ислом шариати миллий қонунчиликнинг асосий манбаи сифатида белгиланган. Шунингдек, муваққат конституцияда  шариат аҳкомларига мувофиқ келмайдиган ҳар қандай қонун лойиҳаси қабул қилинмаслиги белгилаб қўйилган.

Ислом Африканинг мазкур мамлакатига VII асрда кириб кела бошлаган. Ўшанда дастлабки мусулмонлар бу ерга Арабистон яриморолидан келишган эди.

Ушбу маконда Исломнинг тарқалиши ва мустаҳкамланишида маънавий раҳнамолар – Шайх Мадару, Абд ар-Раҳмон аз-Зайлий, Авайс ал-Баравий, Муҳаммад Гулиду ва бошқа устодларнинг роли катта бўлган.

Сомали тарихи Ислом  кириб келганидан сўнг янги, аниқ белгиланган йўналишга тушиб олди. Бир неча асрлар давомида ушбу маконда бир неча этник гуруҳлар яшаган ҳамда уларни умумий тил ва маданият боғлаб турган. Улар хушбўйликлар ишлаб чиқарувчи эдилар ва қадимий мисрликлар ҳамда Рим империяси билан савдо алоқаларини ривожлантирганлар. Бироқ уларнинг қадимий дини аста-секин Исломга ўз ўрнини бўшатиб берди ва XIII юзйилликка келиб юрт аҳолисининг ҳаммаси мусулмон бўлди.

Сомалиликлар Исломга кирганларидан кейин янги сиёсий тузилма – Ифат давлатини ташкил қилди. У Эфиопия билан қарамлик муносабатларини узиб, Адал султонлигига айланди ва янги султонлик Африканинг шарқий қирғоқлари бўйлаб Ислом давлатлари билан савдо алоқалари ўрнатиш орқали гуллаб-яшнаб кетди. Аммо Адал султонлиги 1541 йил Португалия Эфиопия билан иттифоқ тузиб, Сомалининг қирғоқлардаги шаҳарларига ҳужум қилиб, уларни вайрон қилганидан сўнг қулади. Ҳудудда португалларнинг мавжудлиги султонликнинг қайта тикланишига тўсқинлик қилди ва Адал кўплаб майда султонликларга парчаланиб кетди. XVII асрга келиб португаллар минтақадан суриб чиқарилганидан сўнг бу ерга усмонийлар империяси келиб ўрнашди ва Сомалининг шимолий қисмида ўзларининг гегемонлигини ўрнатди. Бу вақтда жанубий тарафдаги султонлик Занзибар султони билан муносабат ўрнатишга ҳаракат қилаётган эди.

Сомалининг ўша даврларда  усмонийлар империяси ҳукмронлиги остидаги бўлган қисми аҳолиси ҳанафийлик мазҳабига амал қилади, Занзибар билан муносабат ўрнатган қисми аҳолиси эса шофеъийлик мазҳабидадир. Яна унчалик кўп бўлмаган, келиб чиқиши асосан покистонлик бўлган шиалар ҳам бор. Шунингдек, аҳоли орасида қодирия ва шозилия тариқатлари кенг оммлашган. Мамлакат пойтахти Могадишода Бутунжаҳон мусулмонлари конгрессининг Шарқий Африкадаги минтақавий бўлими жойлашган.

Олдинроқ айтиб ўтилганидек, 2012 йил мамлакат муваққат конституцияси қабул қилинган. Бироқ унда баъзи эркинликлар шунчаки расмиятчилик учунгина қайд қилиб қўйилган. Амалда ҳеч нарса ўзгармаган ва Ислом мамлакатнинг ягона қонуний динилигича қолган. Муртадлик, Исломга куфр ва диний эркинлик учун ҳар қандай даъват ўлим жазосига олиб келади.

Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.

Manba:hidoyat.uz

Load More In MAQOLALAR