МАҚОЛАЛАР Исрофгарчиликдан сақланайлик 5 мая, 2018 0 1,194 “Исроф” сўзи асли арабча бўлиб, “ҳисобсиз тарзда ишлатиш”, “ҳаддидан ошиш” каби маъноларни англатади. Исрофга йўл қўйган одам Аллоҳ таоло белгилаб берган чегарадан чиқиб, У Зотнинг неъматларини ўрнига сарфламаган ёки ҳожатдан ташқари ишлатган бўлади. Тилимизда ушбу сўз “увол қилиш”, “неъматни қадрламаслик” каби маъноларни англатади. Муқаддас динимиз Исломда исроф қаттиқ қораланган. Аллоҳ таоло Ўз Каломи мажидида: “Енглар, ичинглар, аммо исроф қилманглар. Зеро, У исроф қилгувчиларни севмас”, деб айтган (Аъроф, 31). Бундан келиб чиқадики, Аллоҳ таоло берган неъматларни исроф қилиш, уларни қадрига етмаслик гуноҳдир. Аллоҳ таоло мўминларни сифатлаб, бундай марҳамат қилади: “Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида-мўътадилдир” (Фурқон сураси, 67-оят). Исроф чегарадан чиқиш, ортиқча ва меъёрдан кўп харажат қилиш демакдир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Тежамкор одам камбағал бўлмайди”, деганлар (Аҳмад ривояти). Аллоҳ таоло бизга ҳаёт, соғлик, оила, мол-мулк каби неъматлар инъом этган. Улардан қандай фойдаланганимиз, қаерга сарф қилганимиз ҳақида охиратда сўраламиз. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Сўнгра ана ўша кунда (қиёматда), албатта, (сизларга ато этилган барча ) неъматлар тўғрисида сўроқ қилинурсиз!” (Такосур сураси, 8-оят). Муқаддас динимиз барқарор ҳаёт кечириш учун тежамкор бўлиш ва исрофдан сақланишга буюради. Бунга амал қилган ота-боболаримиз ҳар бир неъматни эъзозлашган, уволидан қўрқишган. Аммо сўнги пайтларда баъзилар тўй-маърака маросимларда ўзини кўз-кўзлашга, кимўзар мусобақасига ўтиб кетяпти. Бугунги кунда тўй маросимларимизда ҳам ҳаддан ташқари дабдабозлик, манманлик ва исрофгарчиликлар авж олмоқда. Мана шу нарса аксар оилавий можаролар, уруш-жанжаллар, ажралишлар, қудалар ўртасидаги совуқчилик ва хакозолар салбий оқибатларини келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. Динимизда “Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг!” (Исро сураси,26-оят) деб буюрилгани учун исрофдан қайтсак, ҳам мақсадга эришамиз, ҳам савоб оламиз. Бу икки карра ютуқ бўлади. Исрофга йўл қўйманг – тўйми, маърака, Исроф кирган уйдан кетар барака. Ҳалол ризқингизни совурманг кўкка, Аллоҳ қаноатни зиёда қилсин. Исроф оилани емирар албат, Қолмагай ўртада меҳр-оқибат. Фаровон турмушга етмай азият, Аллоҳ муҳаббатни зиёда қилсин. Имоми Аъзам (р.а.)нинг ғоят ибратли бир гаплари бор: «Хайр (яхшилик) ва эҳсонда исроф бўлмаганидек, исрофда ҳам ҳеч қандай хайр йўқдир». Дарҳақиқат, Аллоҳ таолонин розилиги йўлида ўзгаларга ҳар қанча хайр-эҳсон (яъни, яхшилик) қилсангиз ҳам ортиқчалик қилмайди, исроф бўлмайди. Аксинча ҳар қандай ишда исрофга йўл қўйсангиз, у ҳар қанча чиройли кўринмасин, ортида ҳеч бир яхшилик йўқ. Юқорида айтиб ўтилганлардан маълум бўлмоқдаки, исрофгарчилик якка шахслар учун ҳам, оилалар учун ҳам ўта зарарли ижтимоий иллат экан. Унинг зарари бу дунё билан чегараланиб қолмай, охиратга ҳам ўтар экан. Шунинг учун исрофгарчиликка қарши биргаликда курашишимиз ҳамда якка ҳолда оила даврасида ва жамият билан бирга исрофга қарши туриш бурчимиз эканини англаб етишимиз ҳамда унга амал қилишимиз лозимдир. Андижон “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Муҳаммадюсуф Тўрақулов [print-me]