MAQOLALAR ИХЛОС СУРАСИНИНГ ФАЗИЛАТИ 1 июня, 2020 0 1,017 Қуръони каримдаги барча 114 суранинг биз билган ва билмаган фазилат ва хусусиятлари бисёр. Биз мазкур мақоладаҚуръони каримдаги энг қисқа суралардан бири бўлган “Ихлос” сурасининг фазилатлари ҳақида сўз юритамиз. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда:“Росулуллоҳ алайҳиссалом саҳобалардан бирини жангга юбордилар. У киши шерикларига намоз ўқиб берар ва намозини Ихлос сураси билан тугатар эди. Саҳобалар жангдан қайтишганидан сўнгсодир бўлган ишни Росулуллоҳга зикр қилишди. Шунда Росулуллоҳ: “Ундан сўрангларчи, нима учун бундай қилди экан?” – дедилар. Улар бориб сўраганларида у киши: “Чунки бу сура Роҳман бўлган Аллоҳнинг сифати ва мен уни ўқишни яхши кўраман”,-дедилар. Бундан хабар топган Росулуллоҳ алайҳиссалом: “Унга Аллоҳ таъоло уни яхши кўришининг хабарини беринглар”,-дедилар. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса бир киши: “Эй, Аллоҳнинг Расули, албатта, мен бу сурани яхши кўраман”,-деди ва Ихлос сурасини ўқиди. Шунда Росулуллоҳ алайҳиссалом: “Бу сурага бўлган муҳаббатинг сени жаннатга киритади”,-дедилар. Имом Термизийдан ривоят қилинган ҳадисда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар: “Росулуллоҳ алайҳиссалом билан юриб борар эдим. У зот бир одамнинг Ихлос сурасини қироат қилаётганини эшитиб: “Вожиб бўлди”,- дедилар. “Эй, Аллоҳнинг Расули, нима вожиб бўлди?” дедим. “Жаннат”, — дедилар. Демак, Ихлос сурасини юракдан, чин ихлос билан ўқисак, Аллоҳ бизни яхши кўрар экан. Ихлос сурасини яхши кўрадиган бўлсак, унга бўлган муҳаббатимиз бизни жаннатга киритаркан. Демак, Ихлос сурасини холис Аллоҳ учун тиловат қиладиган бўлсак, бизларга жаннат вожиб бўлар экан.Шундай экан, Ихлос сурасининг тиловатида, унга муҳаббат қилишда бардавом бўлайлик. Аллоҳ таоло барчаларимизнинг каломига бўлган муҳаббатимизни зиёда айласин. Охиратда Қуръонни барчаларимизга шафоатчи қилсин. Аҳмадуллоҳ Ғофуржонов, “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти 4-курс талабаси