MAQOLALAR Карантин шароитида мотам маросимлари 22 мая, 2020 0 290 Диний таълимотларнинг жамиятда бажарадиган муҳим вазифаларидан бири йўналтириб турувчилик-регуляторлик ҳисобланади. Ушбу функция мазкур динга эътиқод қилувчилар томонидан диний урф-одат ва маросимларни ўз вақтида ҳамда белгиланган тартибда бажарилиши лозимлигини ифода этади. Диний урф-одатларнинг энг муҳимларидан бири мотам маросимлари ҳисобланади. Ислом дини, хусусан, ҳанафий мазҳабида ҳам бу турдаги маросимлар ўзига хос тартибда ишлаб чиқилган. Вафот этган инсон дафн қилингандан кейин ўтказиладиган маросимларни шартли равишда иккига: мотам ва таъзия маросимларига ажратиш мумкин. Мотам марҳумнинг яқинлари томонидан очилган азани англатса, таъзия мусибат етган томонга яқинлари билдирадиган ҳамдардликни ифодалайди. Ҳанафий мазҳаби таълимотида ҳар икки турдаги маросимлар шариатнинг бош манбалари асосида тартибга солинган. Мотам борасидаги ҳукмлар орасида унинг муддати тўғрисидаги кўрсатмалар алоҳида аҳамиятга эга. Ҳанафий мазҳабининг фиқҳ илми бўйича мўътабар манбаларидан бири ҳисобланган Мулла Али Қори Ҳанафий(а.р.)нинг “Шарҳул-виқоя” асарида бу борада қуйидагича фикр билдирилган: “Мусибат учун уч кун ўтириш жоиз, лекин у хилофи авло(энг муносиб, энг яхши йўлга зид)дир”.[1] Ҳанафий мазҳаби уламолари мазкур ҳукмни Пайғамбар(а.с.)нинг бир неча ҳадиси шарифларидан олганлар. Жумладан, Зайнаб бинти Абу Салама(р.а.)дан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисда шундай дейилади: “Умму Ҳабиба (р.а.)нинг олдига кирдим. У: “Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг бундай деганларини эшитганман”, деди: “Аллоҳга ва Охират кунига имон келтирган аёлга маййит учун уч кундан ортиқ мотам тутиши ҳалол эмас. Фақат эрига мотам тутиши бундан мустасно. Вафот этган эри учун тўрт ойу ўн кун мотам тутади”. (Имом Бухорий, Имом Муслим ва Имом Термизий ривояти).[2] Шунингдек, Умму Салама(р.а.) ва Умму Атийя(р.а)лардан ҳам айнан шу мазмундаги ҳадислар ривоят қилинган. Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ”ларида Умму Атийя(р.а.)дан қилинган ривоятда: “Биз уч кундан ортиқ аза тутишдан қайтарилдик, илло эримиз учун тўрт ой-у ўн кун эди”, дейилган.[3] Юқорида келтирилган ҳадислардан марҳум учун аза тутишнинг муддати уч кун эканлиги очиқ-ойдин кўриниб турибди. Шу ўринда аёллар эри вафот этганида тўрт ой-у ўн кун аза тутишлари шариатда тайин қилинган “идда”[4] сабабидан эканлигини ҳам таъкидлаб ўтиш лозим. Аллома ибн Обидин(а.р.)нинг “Роддул-мухтор ъала дуррил-мухтор” китобида баён қилинишича, таъзиянинг уч кун қилиб белгиланиши аслида таъзия билдирувчилар учундир. Жанозага кела олмаган одам шу уч кун ичида келиб ҳамдардлик билдирсин, кейин келиб маййит соҳибларининг ярасини янгиламасин. Шундагина ваъда қилинган савобларга эга бўлади.[5] Ислом динида яқин кишисидан айрилган инсонга таъзия билдириш юксак инсоний фазилатлардан саналади. Бу борада “Шарҳул-виқоя”да: “Таъзия билдириш эркаклар ва фитна хавфи бўлмаган аёллар учун мустаҳабдир”[6], дея таъкидланган. Ҳанафийларнинг бу масала юзасидан таянадиган далилларига мисол сифатида қуйидаги икки ҳадисни келтириш мумкин. Абдуллоҳ ибн Масъуд(р.а.)дан қилинган ривоятда Пайғамбар(а.с.): “Ким мусибат етган одамга таъзия билдирса, унга у(азадор)нинг савоби миқдорича савоб бўлур”,[7]дея марҳамат қилганлар. Шунингдек, Абу Барза(р.а.)дан ривоят қилинган ҳадисда: “Кимки яқинидан айрилган аёлга таъзия билдирса, унга жаннатда чопон кийгизилади”,[8] дейилган. (Имом Термизий ривоят қилган.) Мазкур ҳадислардан таъзия билдириш исломда буюрилган амаллардан эканлиги келиб чиқади. Ҳамдардлик изҳор қилувчилар марҳумнинг яқинларини сабрга, Яратгандан савоб умидида бўлишга чақирадилар. Чунки Қуръони каримда: “Сабр қилингиз. Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир”,[9] дейилган. Шунингдек, Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда: “Мўмин бандаларимдан бирортасининг дунё аҳлидан бўлган севимли кишисини олиб қўйсам, сўнгра савоб умидида сабр қилса, уни фақат жаннат билан тақдирлайман”,[10] дея марҳамат қилган. Ислом динида мусибат пайтида “айтиб” йиғлаш, кийимларни йиртиш, юзига уриш, ўзига ўлим тилаш каби, айниқса, аёллар орасида кўп учрайдиган шариатга зид одатлардан қайтарилади. Шу билан бирга, уламолар, юқорида таъкидланганидек, таъзияни уч кун ичида билдиришни, агар кимдир сафарда бўлса ёки бошқа узрли ҳоллардагина таъзия билдиришни кечиктириши мумкинлигини, сабабсиз уч кундан кейин таъзия билдириш билан мусибат аҳлининг дардини янгиламасликни тавсия этадилар. Мамлакатимиз аҳолисининг аксариятини ҳанафий мазҳабига эътиқод қилувчи мусулмонлар ташкил этади. Улар ўзларининг диний анъана ва маросимларини мазкур мазҳаб кўрсатмаларига мувофиқ амалга оширадилар. Бироқ диний удумлар орасига исломга мутлақо ёт бўлган турли хурофотлар кириб, ўрнашиб қолганлигини ҳам қайд этиш лозим. Хусусан, сўнгги йилларда расм-русумлар, шу жумладан, мотам маросимларининг ташкил этилиши ва ўтказилишида бу ҳолат яққол кўзга ташланмоқда. Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан чиқарилган фатвода мазкур ҳолатлар муолажа қилиниб, марҳумлар хотирасига атаб ўтказиладиган 7, 20, 40, икки ҳайит кунларидаги фотиҳахонлик каби удумларнинг ҳеч қандай шаръий асоси йўқлиги, катта харажатлар эвазига қилинадиган маъракалар ўрнига ўша маблағни хайрли ишларга сарфлашнинг афзаллиги, Рамазон ва Қурбон ҳайитлари байрам бўлганлиги боис бу кунларда хонадонларда шод-у хуррамлик бўлиши лозимлиги, гуруҳ-гуруҳ бўлиб фотиҳахонликка бориб хурсандчиликни азага айлантириш мумкин эмаслиги белгилаб қўйилди.[11] Юқорида баён қилинган фикрлардан келиб чиққан ҳолда хулоса сифатида айтиш мумкинки, ислом динини, хусусан, ҳанафий мазҳаби таълимотини илмий асосда ўрганиш, диний урф-одат ва маросимлар, шу жумладан, мотам ва таъзия маросимларини мўътабар мазҳабимиз кўрсатмалари доирасида ўтказиш, маросимларни ўтказишда исрофгарчиликка йўл қўймаслик, айниқса, бугунги карантин шароитида мотам ва таъзия маросимларини ўрнатилган талабларга амал қилган ҳолда ўтказиш ҳар доимгидан ҳам зарур. Абдулло Ғуломов, “Саййид Муйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари [1] Мулла Али Қори Ҳанафий. Шарҳул-виқоя. Ж.2. –Б. 148. http://www.almeshkat.net [2] Анваршоҳ Кашмирий. Ал-арф аш-шазий шарҳ сунан ат-Тирмизий. Ж.2. – Байрут: Дар ал-кутуб ал-илмийя, 2007. – Б. 435. [3] Анваршоҳ Кашмирий. Файзул-борий ъала саҳиҳ ал-Бухорий. Ж.5. – Байрут: Дар ал-кутуб ал-илмийя, 2005. – Б. 612. [4] “Идда” эри вафот этган ёки талоқ қилинган аёл сақлаши лозим бўлган муддатни билдиради. Идданинг асосий сабаби аёлнинг ҳомиладор эканлиги ёки йўқлигини аниқлаш ва шу орқали насаблар чалкашлигининг олдини олиш ҳисобланади. [5] Қаранг: Миноваров Ш., Абулҳасан Н. Ислом маърифати. – Т: Тошкент ислом университети, 2005. – Б. 29. [6] Мулла Али Қори Ҳанафий. Шарҳул-виқоя. Ж.2. –Б. 148. http://www.almeshkat.net [7] Анваршоҳ Кашмирий. Ал-арф аш-шазий шарҳ сунан ат-Тирмизий. Ж.2. – Байрут: Дар ал-кутуб ал-илмийя, 2007. – Б. 339. [8] Мулла Али Қори Ҳанафий. Шарҳул-виқоя. Ж.2. –Б. 148. http://www.almeshkat.net [9] Анфол сураси, 46-оят. [10] Имом Нававий. Риёзус-солиҳин/Анвар Аҳмад таржимаси. – Т: Мовароуннаҳр, 2004. – Б. 34. [11] Қаранг: Миноваров Ш., Абулҳасан Н. Ислом маърифати. –Т:Тошкент ислом университети, 2005. –Б. 100-106.