КЕЧИРИМЛИ БЎЛИШ – ОЛИЙ ФАЗИЛАТ

0
603

Кечиримли бўлиш инсоний фазилатлар орасида катта аҳамият касб этадиган олийжаноб хулқлардан бири саналади. Зеро, динимиз инсонларни доимо кечиримли бўлишга чорлаш баробарида қўрсликдан, қўполликдан қайтарган.

Кечиримли бўлиш имон шохларидан биридир. Ҳадиси шарифларда бу сифатни ҳосил қилишга қайта-қайта тарғиб қилинади.

Аллоҳ таоло афв этувчи Зотдир. Афув – Кечирувчи Унинг улуғ сифатларидан биридир.

Кечиримли инсон жуда катта ажрларга эга бўлган кишидир.

Кечиримли инсон ўзгалардаги хатоларни Аллоҳ учун кечириб юборади. Бу иши билан улкан-улкан ажрларга ҳам эга бўлади. Кечиримли бўлишдан узоқ кимсалар эса жуда катта мукофотдан маҳрум бўлиб қоладилар.

“Бас, кимки афв этиб (ўртани) тузатса, бас, унинг мукофоти Аллоҳнинг зиммасидадир. Албатта, У золим (тажовузкор)ларни севмас”. (Шўро сураси, 40-оят)

Кечиримли бўл, яхшиликка буюр ва жоҳиллардан юз ўгир”.(Аъроф сураси, 199-оят)

“Аҳкомул Қуръон” китобида ояти карима тафсирида қуйидаги нақл келтирилган. Суфён ибн Уяйна Шаъбийдан ривоят қилади: “Жаброил алайҳиссалом Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ушбу ояни нозил қилди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу нима, эй Жаброил”, дедилар. Жаброил алайҳиссалом эса: “Билмайман. Билувчи Зотдан сўрайман деди-да, кетиб, бир муддат туриб, қайтиб келди ва: “Аллоҳ сизга зулм қилганни кечиришингизни, маҳрум қилганга беришингизни ва алоқани узган инсон билан боғланишни буюрди”, деди”.

Рамазон ойи кечирим ойи ҳисобланади. Кечиримли бўлиш ўзбек халқининг қон-қонига сингиб кетган улуғ фазилат саналади. Халқимиз азал-азалдан хато қилган инсонларни кечириб, уларни соғлом ҳаёт тарзига йўллаб келганлар.

Халқимизда “Аллоҳ кечирганни кечиради” деган пурмаъно гап бор. Зеро, бу маъно Қуръони карим оятларидан олинган ҳикматдир. “Агар сизлар афв этсангиз, койимасангиз ва кечирсангиз, у ҳолда, албатта, Аллоҳ ҳам сизларга нисбатан) мағфиратли ва раҳмлидир” (Тағобун сураси, 14-оят).

Ояти каримадан кўриниб турибдики, кечиримли бўлиш ўз соҳибининг гуноҳлари кечирилишига сабаб бўлар экан.

Кечирим ойида муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш арафасида халқимизга хос кечиримли бўлиш, инсонларга доимо ёрдам қўлини чўзиб, эзгу ва хайрли ишларда намуна бўлиб олижаноб фазилатларнинг ёрқин ифодаси сифатида «Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида»ги Фармонга имзо қўйди.

Фармонда келтирилганидек, жинояти учун жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 258 нафар фуқаро афв этилди.

Ушбу Фармон билан мазкур шахслар нафақат афв этилган, балки уларнинг ўз оилалари, яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш бўйича масъул вазирлик ва идораларга тегишли кўрсатмалар ҳам берилди.

Муҳтарам Юртбошимиз бошлаган ушбу хайрли ишни биз ҳам давом эттирайлик. Қариндош-уруғлар, ёру-биродарлар ўтасида қандайдир келишмовчилик, дилхиралик бўлиб ўтган бўлса, биз ҳам кечирайлик, узр-маъзур қилайлик. Зеро, кечиримли бўлиш ўзбек халқига хос гўзал фазилат саналади.

 

Равшанбек Ўринбоев,

“Саййид Муҳйиддин махдум”

ўрта махсус ислом билим

юрти мударриси

Load More In MAQOLALAR