Кенг маскан кишининг саодатидир

0
61

Зарурий ҳожатлар билан бозор расталарини айланар эканман, менга қараб турган аёлга кўзим тушди. “Қандай таниш эдим бу аёл билан?” деб ўйлаб турганимда, ўзларини таништириб қолдилар. Кўп йиллардан бери учратмаганим бу аёл қурилиш-лойиҳа корхоналаридан бирида ҳисобчи бўлиб ишлардилар. Четроққа ўтиб, ҳол-аҳвол сўраш асносида мен ишлаган ташкилот фаолияти ҳақида ҳам гапириб ўтдилар. Уйга қайтар эканман, кўз олдимдан бирин-кетин лойиҳачилик вазифасида ишлаган вақтларимдаги воқеалар ўтди. Бир лаҳза ўзим фаолият олиб борган ушбу соҳа ҳақида ўйлаб, суннатда бу ҳақда қандай ҳадислар келганини излаб кўрдим.
Нофеъ ибн Абдулҳорисдан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кенг маскан, солиҳ қўшни ва яхши маркаб кишининг саодатидандир”, дедилар”. Ҳа, ҳар биримиз масканларимиз обод, ҳамма қулайликларга эга бўлишини хоҳлаймиз ва шу мақсадда ҳаракат қиламиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уй-жойлар қуришда Аллоҳ таолонинг, йўловчиларнинг, қўни-қўшнилар ва масжиднинг ҳаққига қатъий риоя қилганлар. Бу соҳада ҳам етарли билимга эга бўлганлар.
Ибн Саъд ўзининг “Табақот” китобида шундай ривоят қилади: “Пайғамбар алайҳиссалом Мадинада уй-жой ва ҳовлиларни тақсимлаб бераётганларида Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга уйининг лойиҳасини чизиб берганлар”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иморат қуришда саҳобаларни муайян қоидага асосланишга буюрганлар. Шунинг учун уй қуришда қўшнининг ҳаққи ҳақида сўрашганда: “Иморатингни унинг иморатидан юқори кўтариб юбормагинки, шамолнинг йўлини тўсиб қўясан, қозоннинг ҳиди билан ҳам озор берма, мабодо озор берадиган бўлсанг, унга ҳам таомингдан илингин”, деганлар. Бошқа бир ҳадисда: “Қўшнига келадиган шамолни фақат ўзи рухсат берсагина, тўсиб қўйса бўлади”, деганлар. Шунингдек, “Қўшни ўз деворига қўшнисининг ёғоч суқишига тўсқинлик қилмайди”, деган ҳадис ҳам бор.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ниҳоятда камтар бўлганларини қуйидаги ҳадисдан ҳам билишимиз мумкин.
Салом ибн Шураҳбийлдан ривоят қилинади: “Ҳабба ибн Холид ва Саваъ ибн Холид Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келишса, у зот иморатларининг деворларини таъмирлаётган эканлар. Шунда икковлари у зотга ёрдам беришибди”.
Бундан бошқа ҳадисларга ҳам назар ташласак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидаги уйларнинг шифти қўл узатса етадиган даражада бўлгани, кейинроқ болохонали уйлар қурилганини билиб оламиз. Зеро, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мендан кейин ижтимоий ҳаёт яхшиланади”, деганлар.
Айни бугунги кунимизда аксар мақсадимиз маскан ободлигига қаратилгандай, назаримда. Баъзан дугоналарим, қўни-қўшнилар даврасида бўлганимда уй-жой, тўй-ҳашамлар асосий суҳбат мавзуси эканининг гувоҳи бўламан. Ҳаттоки аёл боши билан чет давлатларда ишлаб топган пулини иморат қуришга сарфлаётган аёллар ҳам орамизда йўқ эмас, афсуски.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамлар миржалларга ўхшатиб бинолар қурмагунча қиёмат қоим бўлмайди”, дедилар”. Иброҳим: “Бу жимжимадор кийимларга ўхшашдир”, деди”. Ушбу ҳадис уйларни нақшинкор қилиш қиёмат аломати эканлиги ва бу соҳада “ким ўзар”га ўйнашдан сақланиш кераклигини ўргатади. Яна Ҳаббоб розияллоҳу анҳу айтадилар: “Киши бинодан бошқа ҳар бир нарсага ажр олади”. Зинҳор ва зинҳор унутмаслигимиз керакки, инсон дунёнинг ҳаммасини қўлга киритганида ҳам, бунинг мисли пашшанинг қанотичалик ҳам эмасдир. Муҳими, ўтаётган умримиз ва сарфлаётган молимиз икки дунёмизга манфаат берсин.
Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади: “Кулбамизни тузатаётсам, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтиб қолдилар ва: “Бу нима?” дедилар.
Мен: “Кулбамизни тузатяпман, эй Аллоҳнинг Расули”, дедим.
“Иш (ўлим) бундан кўра тезроқ”, дедилар”.

Манбалар асосида Билим юрти мудири Рустамжон домла Махмудов тайёрлади.

Load More In МАҚОЛАЛАР