MAQOLALAR Нафсни ислоҳ қилиш. 17 мая, 2023 0 204 Тўғри бўлиш, тўғриликка маъно жиҳатидан яқин тушунча нафсни ислоҳ қилишдир. Инсон умри давомида ёмонлик, ёмон ишларни қилиш жамиятга нисбатан жиноят ҳисобланади. Шунинг учун Қурьонда ўз нафсини ислоҳ қилувчиларга яратганнинг мағфират ва ризолиги ваъда қилинган: «Кимки (бу) зулмидан кейин тавба қилса ва (ўзини) тузатса, албатта, Аллоҳ унинг тавбасини қабул этади. Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва марҳаматли зотдир» (Моида, 39). Шунингдек, ҳар бир инсонга, ўз нафсини ислоҳ қилишга даъват қилиниб, шундай дейилади: «Эй, Одам авлоди. Агар сизларга ўзингиздан (инсон зотидан) бўлган пайғамбарлар Менинг оятларимни сизларга ўқиган ҳолда келсалар, (билиб қўйингизки) кимки тақволи бўлиб, (ўзини) тузатса, у (каби)ларга (охиратда) хавф йўқ ва улар ташвиш ҳам чекмагайлар» (Аъроф, 35). Ҳусайн Воиз Кошифийнинг мазкур масаладаги қарашлари қуйидагича берилган: «Покизалик дейишдан мурод барча ҳаром нарсалардан, хусусан, ҳаром шаҳватдан қочишдир. Бу хислат улуғ одатлардан ҳисобланади. Улуғларнинг айтишларича, ҳар бир одамда икки нисбат мавжуд. Биринчи нисбати — фаришталарга. Шунинг учун одам илм ва амалга мойил бўлади. Иккинчи нисбати ҳайвонотларгадир, бу билан ейиш, ичиш, жинсий алоқа қилмоққа иштиёқманд ва оч бўлади. Ақлнинг тақозоси шуки, одам то имкони борича ўзидаги фаришталик нисбатини кучайтириши хайвонот нисбатига йўл бермаслиги лозим. Байт: Ҳам малакдин баҳраварсан, ҳам баҳойим соридин Ўт баҳойим лаззатидин, то малакдин ўтгайсан. Демак, кишида емак ҳирси зиёда бўлса, аҳволи айтилгандек бўлади. Аммо мўмин одам шаҳват ғалаба қилганда нафс жиловини тортиб, ҳиммат этагини ҳаром ва ифлосликдан пок тутиши керак. Бу ишга шариат ҳукмидан ташқари кадам кўймаслиги ва нолойиқ ишлардан кўз юмиши лозим. Шунда унга яхшилик, тўғрилик, саодат ва нажот эшиги очилади». Одатда нафсни ислоҳ қилиш нотўғри ишлар қилинганидан ёки нотўғри йўлдан қайтгандан сўнг уни тарбиялашда намоён бўлади. Шу билан бирга, нафсни ислоҳ қилиш маънавий юксалиш омилларидан биридир Ғаззолий бошқалардаги турли нуқсон ва камчиликларни тузатишдан олдин, инсон ўзи ҳамда ўз нафсини ислоҳ қилишига тарғиб қилган. Нафсни ислоҳ қилиш одамларга яҳшилик қилиш ва уларни яҳшиликка чорлашнинг бошланиши десак муболаға бўлмайди. Шу сабабли юнон ҳакимларидан бири «Ким ўзини ислоҳ қилса, одамларни ўзига эргаштиради», деган. «Саййид Мухйиддин Махдум» талабаси -Муминов Мансурбек