Нақшбандия тариқатининг асосчиси

0
511

ХIV аср Ўрта Осиё тасаввуфининг йирик намоёндаси, машҳур авлиё, нақшбандия тариқатининг асосчиси ва раҳномоси бўлмиш Баҳоуддин Муҳаммад ибн Бурхонуддин ал-Бухорий Ислом оламида Ҳожаи бузруг ва Шоҳи Нақшбанд номлари билан машҳур бўлган.

Баҳоуддин Муҳаммад 1318 (ҳижрий 718) йили Бухоронинг Қасри Ҳиндувон (кейинчалик унинг номи билан юритилгин Қасри Орифон) номли қишлоғида дунёга келади[1].

Ҳазрат Алишер Навоий Нақшбанднинг бу жойда туғилганини тасдиқлаб, “Хожа Муҳаммад Бобои Самосий Қасри Ҳиндувондан ўтарда дер эмишларки, бу туфроғдин бир эр (ўғил бола) иси келадур. Қасри Ҳиндувон Қасри Орифон бўлгай”, – деб ёзиб қолдирганлар.

Нақшбанднинг онаси Биби Орифа, отаси Саййид Жамолиддин тўқувчи ва нақш солувчи уста бўлган. Муҳаммаднинг буюк тариқат эгаси бўлиб етишувида сўфийлар билан яқиндан муносабатда бўлган бобосининг хизмати каттадир. Айнан у Муҳаммадда тасаввуф илмига қизиқиш уйғотди ва уни шу йўлда тарбиялашга аҳамият берди. Баҳоуддин Муҳаммад Бухорода таҳсил олгач, уни бобоси Азизон тариқатининг шайхи Хожа Муҳаммад Самосийга олиб боради. Шайх уни ўғил қилиб, ўз тарбиясига олади. Самосий вафоти олдидан ўз халифаси амир Саййид Кулолга Муҳаммадни ўзига шогирд қилиб олишни, уни Хожагон тариқати жамоасига қўшиб, уларнинг тариқатини Муҳаммадга ўргатишни васият қилади.

Бўлажак аллома етти ёшиданоқ Қуръони каримни тўлиқ ёд олди. У Имом Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий, Ҳаким ат-Термизий каби алломалар, Аҳмад Яссавий, Хўжа Али Ромитаний каби машойихларнинг асарларини тинмай ўқиди, ўзи ҳам китоблар ёзди.

Ҳазрати Баҳоуддин Нақшбанд бевосита Амир Сайиид Кулол, Қусам Шайх, Ҳалил оталардан таълим олган бўлса-да, Хожагон тариқатининг асосчилари, Мовароуннаҳр ва Хуросон халқларининг буюк мутасаввиф донишмандлар Шайх аш-шуюх Юсуф Ҳамадоний (1048-1140) ва унинг тўртинчи шогирди Хожаи жаҳон-Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийлар у кишининг маънавий устозлари эди.

Баҳоуддин Нақшбанд Хожа Абдуллоҳ Ғиждувоний ва унинг устози Юсуф Ҳамадонийга нисбатан увайсия (яъни, бевосита эмас, билвосита, маънавий шогирд) ҳисобланади. Бу сўз Пайғамбаримиз Расули Акрам алайҳиссаломни кўрмай, учрашмай у зотга маънавий шогирд бўлган Увайс Қаранийга нисбати берилади. Кейинчалик тасаввуф илмида кенг жорий этилган.

Баҳоуддин Нақшбанд икки марта ҳаж қилган[2]. Шамсуддин Сомийнинг “Қомус ал-аълом” китобида ёзилишича, иккинчи марта ҳаж қилганида шогирди Хожа Мухаммад Порсо унга ҳамроҳ бўлган. Қайтишларида Нишопур ва Ҳиротга кириб, айрим машҳур шайхлар билан учрашиб, уларнинг суҳбатларидан баҳраманд бўлиб, Ҳиротда бир муддат истиқомат қилиб қолган.

У Бухорога қайтгач, қолган бутун умрини шу ерда ўтказди. Амир Кулолнинг васиятига биноан тасаввуф йўлининг халифаси-раҳнамоси бўлиб қолди. Маноқибларда ёзилишича, Хожа Баҳоуддин умри охирлаганини сезгач, Бухоронинг карвон саройларидан бирига бориб, ҳолсизланиб ётади. Жони узилаётган лаҳзада жойнамоз устида фотиҳага қўл очиб, узоқ ўтириб қолади ва руҳи шу алфозда танадан ажралади. Баҳоуддин Нақшбанд 1389 (ҳижрий 791) йили 73 ёшида вафот этади ва киндик қони тўкилган Қасри Орифонда дафн этилади. Бу ҳақда Алишер Навоий ҳам ўзининг “Насойим ал-муҳаббат” асарида: “Алар ҳижрий етти юз тўқсон бирда, робиул аввал ойининг учида, душанба кечаси (73 ёшда) оламдан ўтибтурлар”[3], – деб ёзганлар.

Буюк шоирлар – Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоийлар ҳам Нақшбандия тариқатига амал қилганлар, унинг тасаввуфий йўлини тутганлар ва ўз асарларида тарғибот қилганлар. Буюк ўзбек шоири Бобораҳим Машраб (1640-1711) Нақшбандия тариқати йўлидан бориб, Офоқ Хожа қўлида таълим олиб, ҳаққа етишда ва тасаввуфнинг йирик вакили сифатида ўз ғазаллари ва “Мабдаинур” асарида бу ҳақ йўлни поклик, ҳалоллик ва Аллоҳга етишишнинг ягона воситасидир, деб тавсифлайди. Умрининг охиригача Нақшбандия тариқатида бўлди.

Баҳоуддин Нақшбанд бухоролик улуғ тасаввуф намоёндаси, ватандоши Абдулхолиқ Ғиждувоний асос солган Хожагон тариқати йўлидан борди ва шу йўлдан борган жамоага раҳнамолик қилиш билан бирга ўзининг Нақшбандия тариқатининг ташкилий асосини қурди. Бу тасаввуфий тариқат уни халифа ворислари томонидан тўлиқ шакллантирилди. Баҳоуддин Нақшбанд Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг анъана ва ғояларини қайта тиклаб, такомиллаштирди ва давом эттирди. Бу билан у Ўрта Осиё тасаввуфининг икки йирик намоёндаси-Аҳмад Яссавий ва Абдулхолиқ Ғиждувонийлар сулуклари, қоида, қонун ва усулларини ўз таълимотида давом эттирди. Унинг давридаёқ Ўрта Осиёда нафақат шаҳарлар аҳолиси, оддий ҳунарманд-косиблар, савдо аҳли орасида, балки кўчманчи туркий қабилалар орасида ҳам бу таълимот кенг қулоч ёйди, мустаҳкам асосга эга бўлган сунний ислом янада кенг тарқалди. Шу йўсинда унинг номи билан аталган Нақшбандия тариқати шаклланди.

Нақшбандия тариқати қатъий суннийликка асосланган бўлиб, маънавий силсиласи бир томондан Абу Бакр Сиддиққа (527-634), иккинчи томондан Али ибн Абу Толибга олиб борадиган 12 тариқатнинг биридир. Тариқатнинг бу силсиласи “Силсила аз-заҳаб” (олтин силсила) деб аталиб, тариқатни маънавий томондан Абу Бакр, жисмоний томондан Али ибн Абу Толиб орқали Пайғамбар алайҳиссаллом билан боғланишини билдиради[4]. ХV асрдан бошлаб Нақшбандия тариқати секин-аста энг кўп тарқалган (Қодириядан кейин) руҳий-маънавий тариқатга айланди. У Ўрта Осиё ва Хуросондан Қоҳира ва Босниягача, у ердан Гансу ва Суматрагача ҳамда Шимолий Кавказдан Туркия, Ҳиндистоннинг жанубига ва Арабистоннинг Ҳижоз вилоятигача етиб боради ва жуда катта ҳудудда амалиётга айланади.

Бу жойларда Баҳоуддин Нақшбанд вафотидан кейин унинг муридлари, кейинчалик халифа ва ворислари Хожа Алоуддин Аттор ва Хожа Муҳаммад Порсолар Нақшбандия тариқатининг мавқеини кенг кўламда ёйиш ва ташкилий тузилишини мустаҳкамлашда жуда катта хизматлар қилдилар. Ўзининг ижтимоий негизи билан шаҳарларга хос бўлган бу тариқат шаҳар савдо ва ҳунармандчилик муассасалари билан яқиндан боғланди, унинг хонақоҳ (бурчак, ҳужра, кулба)лари Мовароуннаҳрнинг деярли барча йирик ва ўртача шаҳарларидан пайдо бўла бошлади.

Бу тариқат ўзининг сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан юқори чўққисига Хожа Аҳрор Валий (1404-1490) даврида кўтарилди. Хожа Аҳрор шаҳар ва қишлоқларнинг кўзга кўринган гуруҳлари, жамоаларининг қўллаб-қувватлаши билан темурийларнинг ўзаро ички низо ва урушларига фаол ва оқилона аралашди ва қирқ йил давомида шу йирик мамлакатнинг сиёсий йўлбошчиси бўлди[5].

Бухородаги Жуйбор шайхлари (ХVI аср ўрталаридан ХVII аср охирлари) ҳам Нақшбандия йўлини тутган ворислар ҳисобланади. Улар Шайбонийлар ва Аштархонийлар ҳукмронлиги даврида муҳим сиёсий ҳокимиятга ҳам эга эдилар. Нақшбандия тариқати Мовароуннаҳрни, қирғиз уруғлари ва қозоқ қабила бирлашмаларини ҳамда шарқий Туркистон аҳолисини мусулмонлаштиришда муҳим хизмат қилади.

XIV асрда Марказий Осиёда пайдо бўлган Нақшбандия тариқати Ўрта Осиёдан Афғонистонга, Афғонистон орқали Ҳиндистонга ва бошқа ислом юртларига шиддат билан тарқала бошлади. Нақшбандия таълимоти Амир Темурнинг мўғуллар истилосига қарши кураш, мустақил давлат барпо этиб, унда маданий-маънавий ривожни таъминлашга интилишда, Амир Темур ва темурийлар даври маданий юксалишида катта ижобий аҳамият касб этди.

XV асрнинг кўпгина олиму-фозиллари, давлат арбоблари, ижодларида Нақшбандия таълимотидан кенг фойдаландилар, унга ўта ижодий муносабатда бўлдилар. Заҳириддин Муҳаммад Бобур (1483-1530) даврида, ундан кейин, XVI-ХVII асрларда бу жараён янада тезлашди. Нақшбандия тариқати ХVI асрда Хожа Муҳаммад Боқий Қобулий (вафоти 1605) Ҳиндистонга борганида ҳинд тупроғида ҳам бу тариқат авж олади. Бу машҳур мутасаввиф олим Афғон ва Ҳинд юртларида Хожа Боқибилло номи билан машҳур бўлади. Унинг шогирди Хожа Аҳмад Форуҳ Сирхиндий (1563-1624) эса Нақшбандия таълимотининг ХVII асрда Ҳиндистонда кенг тарқалишида муҳим роль ўйнайди.

Шу тариқа Хазрати Баҳоуддин Нақшбанд томонидан асосланган Нақшбандия таълимоти Марказий Осиё, Ўрта ва Яқин Шарқ халқларининг ижтимоий-сиёсий, маънавий-маданий ҳаётида жуда катта ўрин эгаллади. Бу таълимот бошқалар меҳнати билан кун кечиришни, текинхўрлик, ижтимоий зулм-истибдодини қатъиян қоралайди ва бу таълимот тарафдорлари аскетизмга (тарки дунёчиликка) қарши, бой-инсонларни фақат ўз кучи, пешона тери билан ҳалол меҳнат қилиб кун кечиришга чорлайди. Баҳоуддин Нақшбанднинг даъватлари бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотган эмас. Юртимизда эришган истиқлолимизни мустаҳкамлаш йўлида, ҳазрат Нақшбанд ўгитларига амал қилган ҳолда бирикиб, ҳамжиҳат бўлиб, тежамкор, хайр-саховатли, меҳр-оқибатли бўлиб, мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий-маданий юксалишида дилимизни Аллоҳга боғлаш, қўлимизни ҳалол меҳнатга буриш ва касб-ҳунар ўрганиш барчамиз учун муҳим вазифадир.

 

“Саййид Муҳйиддин махдум”

ўрта махсус ислом билим юрти

ўқитувчиси Абдувохидов Абдулло

[1] Турар Усмон, «Тасаввуф тарихи», Т.: Истиқлол, 1999 й. 107 б.

[2] Турар Усмон, «Тасаввуф тарихи», Т.: Истиқлол, 1999 й. 107 б.

[3] Алишер Навоий, “Насоимул-муҳаббат”, Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти. 135 б.

[4] Турар Усмон, «Тасаввуф тарихи», Т.: Истиқлол, 1999 й. 107 б.

[5] Доктор Абдулмунъим Ҳанафий, “Ал-мавсуа ал­-фиқҳийя”, Дор ал-иршод, 1992 й. 386 б.

Load More In MAQOLALAR