ҚАДР КЕЧАСИНИНГ АЛОМАТЛАРИНИ БИЛАСИЗМИ?

0
287

Имом Бағавий бу кечанинг нега махфий тутилгани борасида қуйидагиларни айтади: “Аллоҳ таоло жума кунги ижобат онларини, гўзал исмлари орасидаги “Исми Аъзам”ни ва бошқаларни яширгани каби ибодатга зўр ғайрат қилмоқликлари учун қадр кечасини ҳам ўз бандаларидан махфий тутган”. Уламоларимиз қадр кечаси аломатлари тўғрисидаги ҳадисларни энг нозик жойларигача ўрганиб , унинг еттитасини санаб ўтганлар:

1) Қадр кечасида сокинлик ҳукм суради, Атроф мусаффо, ёруғ, худди сукунатга ўралган ёғдули ой чарақлаб тургандек бўлади;

2) Осмонда юлдузлар учмайди, бошқа жисмлар қалтис ҳаракат қилмайди, касалликлар пайдо бўлмайди;

3) Ҳаво мўтадил бўлади, жуда иссиқ ҳам, жуда совуқ ҳам бўлмайди;

4) Эрталаб қуёш қизариб, тоғорага ўхшаб, ёғдуси жуда заиф бўлиб уфқдан бош кўтаради. Сабаби ўша тун ва кунда кўп фаришталар ерга тушиб-чиқиб туриши оқибатида қуёш нурларини ҳам тўсиб қўйишади;

5) Қадр кечасида ёмғир, қор ёғмайди, ёғса ҳам ўта майин ва ёқимли бўлади. Шўр сувлар чучук бўлади;

6) Дарахтлар шохларини ерга эгиб туради;

7) Ўша куни шайтонлар чиқишига, васваса қилишига йўл қўйилмайди.

 

Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Мен: “Эй Аллоҳнинг Расули агар мен қайси кечанинг Қадр кечаси эканини билсам у кечада нима деб дуо қилай”, дедим. У зот: “Аллоҳумма иннака афуввун туҳиббул афва фаъфу анний” (Эй Аллоҳим, албатта сен ўта афв қилгувчисан, афв қилишни яхши кўрасан, мени афв қилгин”, деб дуо қилинг), дедилар”. Термизий ривоят қилган.

Биз ҳам Сиз азизларга юқоридаги дуони қилишни тавсия қиламиз.

Аллоҳ таоло ушбу минг ойдан афзал бўлган, фаришталар Аллоҳнинг дўстларига, барча аҳли тоат мўминларга тонг отгунича салом айтиб чиқадиган фазилатли кечани ибодат билан ўтказиб, дунё ва охиратда бахтлилар қаторида бўлишимизни барчамизга насиб-у рўзи айласин.

  

Нуриддин ХАМРАҚУЛОВ

“Саййид Муҳйиддин махдум”

Ўрта махсус ислом билим юрти

2-босқич 74-гуруҳ талабаси

Load More In MAQOLALAR