MAQOLALAR Қаноат туганмас бойликдир! 24 апреля, 2020 0 481 Инсон ўзида мавжуд бўлган касб-ҳунар, иқтидор, саломатлик, офият каби неъматларга рози бўлиши ҳамда қаноат қилиши саодат калитидир. Қаноатли инсонлар ўзларини доимо бахтли-саодатли ҳис қиладилар ва ҳаётдан ҳеч қачон нолимайдилар, шикоят ҳам қилмайдилар. Аслида қаноат инсон қўлга киритган энг бебаҳо бойлик бўлиб, у билан олий мақомлар ва мартабалар топади. Қаноат унинг қалбига доимий хотиржамлик, сурур ва сакинат баҳш этади. Қаноат соҳиби Аллоҳ таолонинг тақсимига чин юракдан рози бўлади. Беқаноатлигини изҳор этиб, ҳарис ҳолида дунё лаззатлари ортидан қувмайди. Балки, у мавжуд неъматларни борича қабул қилиб, шундан бахт, саодат, офият ҳамда фаровонлик шуъурини ҳис қилади. Қаноат инсонга роҳат ва сурур бахш этибгина қолмай, у айни дамда бошқаларга ҳасад кўзи билан қарашдан ҳам сақлайди. Қаноатли инсон бошқанинг қўлидаги неъмат ёки имкониятларга ҳасад билан қарамайди. Қалбида ҳеч қачон танглик, дилхираликни ҳис қилмайди. Қаноат энг катта бойлик. Зеро, ўтган улуғларимиз ҳам бу борада қуйидаги гўзал ҳикматни айтиб кетганлар: “Қаноатли бўл! Инсонларнинг энг бойи бўласан!”. Айниқса, дунёнинг турли жозибадор муҳаббати авж олган ҳозирги даврда қаноатли бўлиш ҳар бир мўъмин-мусулмон киши учун бениҳоя аҳамиятлидир. Зеро, Аллоҳ таолонинг қадарига, унинг тақсимотига рози бўлиш, мусулмон кишининг эътиқодий бурчи бўлиши билан бир қаторда инсонийлик сифатларидан бири ҳамдир. Абдуллоҳ ибн Миҳсон розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким манзили тинч, тани саломат, бир кеча-кундузлик озуқаси бор ҳолда тонг оттирса, гўё унга бутун дунё тўлалигича берилибди”. (Термизий ривояти). Сабр ва қаноат ойи бўлмиш муборак Рамазон ойи кириб келди. Барчаларимиз ушбу ойни муносиб ўтказиб, унда нафсимиз тарбияси билан машғул бўлишимиз ва юқорида айтилгани каби қаноат, сабр фазилатлари билан хулқланиб боришимиз даркор. Зеро, бу бизнинг Рамазондан олган энг катта насибамиз бўлур. “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти 4-курс талабаси Қаҳрамонов Абдурашид