MAQOLALAR Рамазон – шукроналик ойи! 24 апреля, 2020 0 382 Аллоҳ таоло Қуръони карим оятларида бандаларига санаб ҳисобига ета олмайдиган, жуда кўп неъматлар ато қилганини хабарини беради. Мусулмон киши берилган ана ўша беҳисоб неъматларга доимо шукрона келтириб, дили эътирофда, тили шукрда, бадани эса хайрли ва савобли амалларда бардавом бўлиши лозим. Ҳаётимизда Аллоҳ берган ҳар бир катта – кичик неъматларнинг ўз ўрни бор. Лекин, шундай неъматлар борки, улар неъматлар асоси, онаси ҳисобланади. Ана ўша неъматларга тинчлик, саломатлик, кифоя қилгудек ризқни мисол қилиб келтириш мумкин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан юқорида саналган неъматлар ҳақида жуда кўп ҳадислар ривоят қилинган. عَنْ عُبَيْدِ الله بنِ مِحْصَنٍ الأَنصَارِيِّ الْخَطْمِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ «مَنْ أصْبَحَ مِنْكُمْ آمِناً في سِرْبِهِ، مُعَافَىً في جَسَدِهِ، عِنْدَهُ قُوتُ يَوْمِهِ، فَكَأنَّمَا حِيزَتْ لَهُ الدُّنْيَا بِحَذَافِيرِهَا». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ Убайдуллоҳ ибн Миҳсон Ансорий Хотмий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким манзили тинч, тани саломат, бир кеча-кундузлик озуқаси бор ҳолда тонг оттирса, гўё унга бутун дунё тўлалигича берилибди”, дедилар”. Термизий ривоят қилган. Ҳадиси шарифнинг ҳаётимиздаги ўрнига бир эътибор қаратайлик. Эрталаб уйқудан туриб, кўзимизни очдик, демак, ҳаёт эканмиз. Аллоҳ бизга яна яшаш имконини берибди. Сўнг атрофга қараймиз: ҳамма жой тинч, осуда. Уй ҳам тинч. Ўғри тушмаган, душманнинг хавфи йўқ. Биров эшигимизни тақиллатиб безовта қилмаган. Ўзимизга қараймиз: танимиз саломат, аъзолардан шикоят йўқ. Уйимизда эса қорнимиз тўядиган озиқ-овқатимиз етарли даражада бор. Дам оладиган уйимизга эгамиз. Бировга ялинмаймиз. Дунёда инсон учун ҳақиқатда бундан ортиқ неъмат бўладими?! Келинг, ҳадиси шарифни янада чуқурроқ, ҳаётий мисоллар билан кўриб чиқайлик. “Ким манзили тинч…” Дарҳақиқат тинчлик – улуғ, бебаҳо неъмат. Бутун неъматларнинг лаззати, мазаси ҳатто ибодатларнинг ҳам ҳаловати мана шу тинчлик неъматига боғлиқ. Тинчлик нафақат тирик инсонга балки оламдан ўтган марҳумларга ҳам керак бўлган неъматдир. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қабр зиёратини қила туриб ушбу дуони ўқир эдилар. Тинчлик ҳатто ҳайвонот олами учун ҳам муҳим аҳамиятга эга неъмат ҳисобланар экан. Ҳайвонлар ҳаётини ўрганувчи олимларнинг таъкидлашича, нотинч жойлардан ҳайвонлару қушлар кетиб қолар экан. وَإِذْ قَالَ إِبْرَاهِيمُ رَبِّ اجْعَلْ هَذَا بَلَداً آمِناً وَارْزُقْ أَهْلَهُ مِنْ الثَّمَرَاتِ “Иброҳимнинг: “Роббим, буни омонлик юрти қилгин ва аҳлидан Аллоҳга ва қиёмат кунига имон келтирганларини мевалар ила ризқлантиргин”, деганини эсла”. (Иброҳим сураси, 7-оят). Дуо – кўнгилдаги яширин сирлардан хабар берувчи, ёлғон аралашмайдиган, ҳақиқий, чин кўнгилдан сизиб чиқувчи бир туйғу ҳисобланади. У Аллоҳ билан бевосита боғланишдир. Бу боғланишда энг самимий тилаклар, энг катта орзулар рўёби сўралади. Дуонинг мазмунига эътибор қаратинг. Унда жамиятнинг фаровонлиги ва турмуш тарзини яхшилашга хизмат қилувчи икки омил айтилмоқда. Бири тинчлик-омонлик, иккинчиси ризқ-рўз. Ҳақиқатда мана шу икки нарса биргаликда турар экан ҳаёт бир маромда давом этади. Ҳар иккиси ёки бири йўқ бўлганда, ҳаётда қийинчилик ва машаққатлар бўй кўрсата бошлайди. “…тани саломат…” Инсоннинг тану жони саломат бўлиши катта неъмат. Пайғамбаримиз саломатликни кўпчилик қадига етмайдиган, улуғ неъмат деб баҳолаганлар. Бошқа ҳадисларида соғликни ғанимат билиб, ундан оқилона фойдаланишга тарғиб ҳам қилганлар. Танида бирор касаллиги бор кишининг ҳаётидан ҳаловат қочади. Фикру хаёлини ўша дарддан халос бўлиш эгаллаб олади. Бемор кишида на емоқ – ичмоққа, на ҳаётга рағбат қолади. Саломатлик неъматини бирор аъзосига зирапча кирган одам билади. “…бир кеча-кундузлик озуқаси бор ҳолда…” Инсон ҳаётида емоқ – ичмоқнинг ҳам ўрни катта. Усиз ҳаётни тасаввур қилиб бўлмайди. Инсон овқатсиз 2 ҳафтагача, сувсз 3 кунгача яшайди. Ҳозирги кунда бутун дунёда 800 млндан ортиқ одам очарчиликдан азият чекмоқда. Бу сайёрамизда яшовчи аҳолининг 11% ташкил қилади. 21 000 киши очликдан вафот этар экан. Бошқача қилиб айтганда ҳар 4 сонияда бир киши оламдан ўтар экан. Уларнинг аксарияти болаларни ташкил қилади. Африканинг баъзи ерларида туғилган чақалоқлар 3 ёшга тўлмагунча туғилганлик ҳақида гувоҳнома берилмас экан. Очлик ҳам бир офат. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам дуоларида доим очликдан паноҳ сўрардилар. “Эй Аллоҳ, Сендан очликдан паноҳ тилайман. Чунки у қайдай ёмон ҳамроҳдир”, дер эдилар. Саъдий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг “Гулистон” китобида бир бурда нонга эга бўлишини катта бойлик деб баҳолаб, ҳаммани унга шукр келтиришга тарғиб этиб, инсофга чорлайди. Айтадики: Абру боду маҳу хуршеду фалак даркоранд, То ту ноне ба каф орию ба ғафлат нахури. Ҳама аз баҳри ту саргаштаву фармонбардор, Шарти инсоф на бошад, ки ту фармон набари. Маъноси: Булут, шамол, қуёш, ой-у осмон Етказиш учун сенга бир бурда нон. Ҳаммаси ухламас, бедордир ҳар он, Инсофдан эмас тутмасанг фармон. “…тонг оттирса…” Бир кечада 18 000 киши уйқуга кетиб, қайтиб ўрнидан турмас экан. Улар уйқудалик чоғида вафот этар эканлар. Уйқудан уйғониб, кўзини очган ҳар бир кишини биринчи тилига келадиган сўзи шукрона келтириш бўлмоҳи лозим. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам муборак одатлари уйғонишлари билан Аллоҳга ҳамд айтиш бўлар эди. “…тинч, тани саломат, бир кеча-кундузлик озуқаси бор…” Ҳадиси шарифда мана шу уч неъматни хослаб зикр қилинишинг асосий сабаби бежиз эмас. Чунки бу неъматлар инсон ҳаётида муҳим ўрин эгаллайди. Дарҳақиқат, Яратганнинг берган неъматларини эътироф қилиб, уларнинг қадрини билиб, шукрини адо этиб ва мана шу неъматлар самарасини амалий ҳаётда кўрсатиб яшашимиз ҳам қарз, ҳам фарздир. Жаннатмакон ватанда мусаффо осмон остида яшаш бахтини берган Аллоҳ таолога қанча шукрона келтирсак ҳам оз. “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта маҳсус ислом билим юрти мударриси Ўринбоев Равшанбек