Сабримиз-қалқонимиз!

0
404

Қуръони каримда энг кўп зикр қилган фазилатлардан бири сабр қилиш хислатидир. Сабр ҳақида Қуръони каримда 70 дан ортиқ ўринда оятлар келган.

Сабр қилиш ортида бандага жуда кўп яхшиликлар ато қилинади. Жумладан, Аллоҳ таоло сабрли инсон билан бирга бўлади. Аллоҳ таоло бу ҳақида Каломи шарифда қуйидагича марҳамат қилади:

إن الله مع الصابرين

“Албатта, Аллоҳ таоло сабр қилгувчилар биландир”. (Анфол сураси, 46-оят).

Айтиб ўтиш лозимки, бу ердаги бирга бўлиш макон маъносида эмасдир. Чунки Аллоҳ таоло замон ва макондан беҳожатдир. Тафсири Насафий китобида ояти каримани: “Нусрати ва ёрдами билан биргандир”, дейилган.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло билан бирга бўлган инсон қандай ҳам бахтли инсондир. Сабр ўз соҳибини Аллоҳ таоло унга тақсим қилиб берган ризқига қаноат қилишга, унинг шукрини адо қилишга, узоқни ўйлаб иш тутишга ва энг муҳими охиратга тайёргарлик кўришда ҳамда бу дунё машаққатларини мардонавор энгиб ўтишга чақиради. Бу борада  қуйидаги ҳадиси шариф келтирилади:

 

عن أبي سعيد الخدري  رضي الله عنه قال: قال رسول الله صلى الله عليه و سلم: ما أعطي أحد شيئا أفضل من الصبر رواه ابو يعلي

 

Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:  “Ҳеч кимга сабрдан кўра яхшироқ ва кенгроқ ато берилмаган”, дедилар”.

Абу Яъло ривоят қилган.

Демак, ким сабрли бўлса, унга Аллоҳ таоло томонидан энг яхши ато, энг яхши ҳадя берилган бўлар экан.

Ҳилмий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Сабр уч турлидир: Жабборнинг тоатига сабр қилиш, Жабборга маъсият қилишдан (ўзини тийиб) сабр қилиш ва Жабборнинг имтихонига сабр қилишдир”.

Хулоса шуки, бутун дунёга Аллоҳ таолонинг синови (Корона вирус) келган бугунги кунда, бу имтиҳонга чиройли сабр қилиб, соха ходимларининг тавсия ва кўрсатмаларига қатъий амал қилган ҳолда ўз уйларида ўтирган, Аллоҳга ибодатлар қилиб, бу офатни бутун дунёдан тезроқ кўтаришини сўраб дуо қилаётган инсонлар, албатта, сабр мақомини топадилар.

 

“Саййид Муҳйиддин махдум”

ўрта махсус ислом билим юрти

3-босқич талабаси Бекмурод Абдулҳаев

Load More In МАҚОЛАЛАР