САХОВАТ – ЧИН МЎМИНЛИК СИФАТИ

0
323

Ўзбек халқи азалдан синовли дамларда бир-бирига ёрдам қўлини чўзиб келган. Халқимиз ҳар қандай муаммони бирдамликда бартараф этишни одат қилган. Узоқ ва яқин ўтмишимизда кўплаб бино-иншоотлар, уйлар, масжидлар ҳашар йўли билан қурилган. Шу қаторда камбағал ва муҳтожларнинг ҳолидан хабар олиниб, уларга кўмак кўрсатилган. Албатта, бундай юксак инсоний фазилатнинг қарор топишида ислом дини беқиёс хизмат қилган. Қийналган, муҳтож оилаларга ёрдам беришни муқаддас динимиз савобли амалларнинг олдинги қаторларига қўяди. Бутун дунёда бўлгани каби юртимизда ҳам коронавирус пандемиясининг тарқалиши, Бухорода содир бўлган табиий офат, Сирдарёдаги техноген фожеада халқимизнинг мана шундай савобли ишларда бирлаша олиши яна бир бор ўзини намоён қилди. Шунингдек, вилоятлар ва турли ташкилотлар томонидан кўнгилсиз ҳодисадан жабр кўрганларга саховат карвонларининг юборилиши, ижтимоий тармоқлар орқали “Сардобада уй қурамиз” каби турли хил саховат ва кўмак акцияларининг ташкил этилаётгани халқимиз ўзганинг дардига жим қараб тура олмаслигини кўрсатди. Буларнинг барчаси халқимизнинг саховатпешалигидандир.

Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ўзининг кўплаб ҳадиси шарифларида саховат ва мурувватга тарғиб қилганлар. Ана шундай ҳадисларнинг бирида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ муҳтожга ёрдам берганни яхши кўради”, дедилар.
Мазкур хайрли ишларнинг барчаси динимизда мақталган, тарғиб қилинган амаллардандир, албатта. Барча эҳсон қилаётган биродарларимиздан Аллоҳ рози бўлсин. Яратган барчамизни мана шундай эзгу ишларда бардавом бўлиб, Ўзининг розилигини топишимизни насиб қилсин.

 

Абдураҳмонов Саъдуллоҳ

“Саййид Муҳйиддин махдум”

ўрта махсус ислом билим юрти

4-босқич талабаси

Load More In MAQOLALAR