Таровех намози ва унга оид масалалар (1-қисм)

0
5,714

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Ўлкамизга ойларнинг сарвари ва саййиди, ўн бир ойнинг султони, Аллоҳнинг муборак Китоби Қуръони карим нозил бўлган ой, фазилати жиҳатидан бошқа ойлардан афзал моҳи Рамазон ташриф буюрди. Барчаларимизни ушбу орзиқиб, интизор кутилган муборак айёмга эсон-омон етишганимиз муносабати билан самимий муборабод этамиз. Яхшиликлар, савоблар кўпайтирилиб бериладиган ушбу ойда барча ибодатларни, солиҳ амалларни Пайғамбаримиз алайҳиссалом суннатларига мувофиқ адо этишимизга муяссар айлашини сўраб, Аллоҳ таолога илтижолар қиламиз.
Аллоҳ таоло Рамазон ойи рўзасининг ҳукм ва ҳикматларини, бандаларининг ушбу ойдаги вазифалари ва савобли амалларини Қуръони каримнинг Бақара сурасида батафсил баён қилиб берган: яъни, “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара сураси, 183-оят).
Ушбу ойнинг фазилатини олий қилувчи икки нарса борки, уларнинг биринчиси Рамазон ойида инсониятга қиёматгача илоҳий дастур қилиб туширилган Қуръони каримнинг нозил қилиниши ҳақида Аллоҳ таоло марҳамат қилиб шундай дейди: яъни, “Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир…”.(Бақара сураси, 185-оят).
Алҳамдулиллаҳ, юртимиз тинч, ҳаётимиз фаровон, ибодатларимизни ҳеч бир хавф-хатарсиз, Аллоҳ буюрганидай адо этишга муваффақ бўлаётирмиз. Олдинги йиллардагидек, бу йилги Рамазон ойида ҳам деярли барча масжидларимизда таровеҳ намозларида Қуръон хатмлари бўлиб ўтмоқда.
Ушбу ойда қилинадиган улкан ибодатлардан бири таровеҳ намозидир.
“Таровеҳ” сўзи “роҳат-истироҳат” деган маънони англатади. Чунки мазкур намоз истироҳат ҳисобланади, ҳар тўрт ракатни ўқиб бўлгандан кейин ҳам истироҳат олинади.
Бунинг энг кучли далили Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламнинг амалларидир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Рамазон кечаларини ибодат ила бедор ўтказишга тарғиб қилар, аммо қатъий буйруқ бермас эдилар. Бас, у зот: “Ким Рамазонда иймон ва савоб умиди билан қоим бўлса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинур”, дер эдилар”. Бешовлари ривоят қилишган.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бир кеча тун ярмида чиқиб, масжидда намоз ўқидилар. Кишилар у зотнинг намозларига эргашиб намоз ўқишди. Одамлар тонг оттиргач, (буни ) гапиришди. Натижада (кечқурун) улардан ҳам кўпчилик жамланиб, у зот билан бирга намоз ўқишди. Одамлар тонгда туриб, (буни) гапиришди. Натижада учинчи кеча масжид аҳли кўпайиб кетди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам чиқдилар. (Одамлар у зотнинг) намозларига эргашиб намоз ўқишди.Тўртинчи кечада масжид ўз аҳлини сиғдиролмай қолди. Ниҳоят, у зот тонги намозга чиқиб, бомдодни адо қилиб бўлгач, одамларга юзланиб, шаҳодат айтдилар. Сўнг: “Аммо баъд: Албатта, сизларнинг бу ерда турганингиз менга махфий эмас эди. Лекин бу сизларга фарз қилинса, кейин уни (адо этишдан) ожиз қолишингиздан қўрқдим”, дедилар.
Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида иш шу ҳолда эди”.
Учовлари ривоят қилишган.
Саҳобаи киромлар ва барча Ислом уммати бу намознинг шаръийлигига ижмоъ қилганлар.
Абдураҳмон ибн Абдин ал-Қорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир кеча Рамазонда Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу билан масжидга чиқдим. Қарасак, одамлар тарқоқ, гуруҳ-гуруҳ бўлиб: кимдир ёлғиз ўзи намоз ўқияпти, кимдир намоз ўқимоқда-ю, бир гуруҳ одам унинг намозига эргашиб намоз ўқияпти. Шунда Умар: “Менимча, агар буларни битта қорининг ортидан жамласам, ниҳоятда гўзал бўлар эди”, деди. Сўнгра азм қилиб, уларни Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг ортига жамлади. Кейин бошқа бир кечада яна у билан чиқдим. Одамлар ўз қориларининг намозига эргашиб намоз ўқишар эди. Умар: “Бу қандай яхши бидъат! Улар ухлайдиган пайт(тунда) қоим бўладиган пайтларидан афзалдир”, деди. У кечанинг охирини назардатутаётган эди. Одамлар эса унинг аввалида қоим бўлишар эди”.
Бухорий ривоят қилган.
Ҳазрати Умарнинг бу ишларига саҳобалардан ва мусулмон умматидан бирор киши ҳам қарши чиқмаган. Модомики шундай экан ушбу ойда барча эзгу амалларда, шулар қаторида таровеҳ намозида ҳам бардавом бўлайлик. Таровеҳнинг дастлабки кунларида чиройли бажариб, Рамазон ойида кўп намоз ўқилади дея охирига бориб, намознинг (қироат, рукуъ, сажда, қаъда) каби асосий рукунларини бўшаштирмаслик керак.
Мақоламизнинг кейинги сонларида таровеҳ намози ҳақидаги саҳобаи киромлардан муҳаддисларимиз тўплаган ҳадислари ва Таровеҳ намозига оид масалалар юзасидан уламоларимизнинг китобларида келтирилган баёнотлар билан танишиб ўтамиз иншааллоҳ.

“Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Абдуғафур Ниёзқулов

Load More In МАҚОЛАЛАР