Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу: Жаннат башорати берилган саҳобий

0
70

#Maqola

Ислом тарихида буюк саҳобийлар орасида ўз хайру саховатлари, ҳаёси ва Аллоҳнинг дини йўлидаги хизматлари билан алоҳида ўрин тутувчи зотлардан бири — Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ҳисобланади. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан жаннат башоратини олган даҳар сахобалардан биридир. У зот ҳақидаги қуйидаги ривоятлар бизни у зотнинг улуғ мақомини англашга ёрдам беради.

Рума қудуғи ва Жайшул Усра садақаси

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни шундай дедилар:

«Ким Рума кудутини (қудуқни) казиса, унга жаннат бўлади»,
«Ким Жайшул Усрани жихозласа, унга жаннат бўлади».

Бу икки улуғ амалда ҳам Усмон розияллоҳу анҳу пешқадамлик қилдилар. Мадинадаги Рума қудуғи эгалари мусулмонларга сувни пуллик қилиб сотар эдилар. Усмон розияллоҳу анҳу бу қудуқни сотиб олиб, уни мусулмонлар фойдаланиши учун садақа қилиб юбордилар. Шу орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жаннат башоратига сазовор бўлдилар.

Уч халифага берилган жаннат башорати

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир чорбоққа кирдилар-да, менга эшикни қўриқлашни буюрдилар. Шу пайт бир киши келиб, изн сўради. У зот: “Унга изн бер ва жаннат башоратини бер”, дедилар. Қарасам, у киши Абу Бакр экан. Кейин яна бир киши келди. Расулуллоҳ (с.а.в): “Унга изн бер ва жаннат башоратини бер”, дедилар. Қарасам, у киши Умар экан. Сўнгра яна бир киши келди. Расулуллоҳ бир лаҳза жим турдилар-да, сўнг: “Унга изн бер ва бошига келадиган балолар сабабли жаннат башоратини бер”, дедилар. Қарасам, у киши Усмон экан.»

Бу ривоят нафақат Усмон розияллоҳу анҳунинг жаннат аҳлидан эканини, балки у зот дуч келадиган мураккаб синовлар — хусусан, халифалик давридаги фитналар ва шаҳидлик билан тугайдиган охират сафарини ҳам башорат қилган. Унинг шаҳидлик билан тугаган ҳаёти бу башоратнинг тасдиғи бўлди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёси ва Усмон

Осим розияллоҳу анҳу қўшимча қилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сув бор жойда ўтирар эдилар. Икки тиззалари очиқ эди. Усмон кирганида уларни ёпиб олдилар».

Саҳобалар бу ҳолатга ҳайрон бўлиб, сўрадилар: «Я Расулаллоҳ, Абу Бакр ва Умар кирганда тиззаларингиз очиқ эди, Усмон кирганда эса ёпдингиз?» У зот жавоб бердилар:

«Усмондан ҳаё қилайлик, фаришталар ҳам ундан ҳаё қилади».

Бу гаплар Усмон розияллоҳу анҳунинг ҳаё ва нафосат борасидаги ўрнига ҳам далолат қилади. У зотнинг қалби пок, нияти соф ва бутун ҳаёти ислом йўлидаги хизмат билан тўла бўлган.

Хулоса

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу — жаннат билан икки марта башоратланган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаё қилиб турган саҳобийлари, ислом тарихидаги учинчи халифа, Қуръонни мусҳаф қилиб жамлаган буюк зотдир. У зотнинг ҳаёти ҳар бир мусулмон учун ибрат ва намунадир. Аллоҳ таоло бизни у зотга ўхшаш сахий, ҳаёли ва дин йўлида хизмат қилувчи бандалардан қилсин.

Ta’lim muassasasi mudiri Rustamjon domla Mahmudov

Load More In МАҚОЛАЛАР