MAQOLALAR Ўтганлар хотираси тириклар зиммасидаги улуғ бурчдир 9 мая, 2020 0 322 Аллоҳ таоло одам болаларини азиз ва мукаррам қилди. Мукаррамлик белгиси ўлароқ инсондан бошқа барча нарсани унинг хизмати учун бўйсундирди. Унга беҳисоб неъматлар ато қилди. Қўйинки, унинг фаровон яшаши учун барча нарсаларни муҳайё қилиб қўйди. Бу ҳақида Қуръони каримда шундай дейилади: وَلَقَدْ كَرَّمْنَا بَنِي آدَمَ وَحَمَلْنَاهُمْ فِي الْبَرِّ وَالْبَحْرِ وَرَزَقْنَاهُمْ مِنَ الطَّيِّبَاتِ وَفَضَّلْنَاهُمْ عَلَى كَثِيرٍ مِمَّنْ خَلَقْنَا تَفْضِيلاً “Батаҳқиқ, Биз Бани Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик”. (Исро сураси, 70-оят). Дарҳақиқат инсон дунёда яқинлари ичида роҳат-фароғатда, ҳурмату хизматда ҳаёт кечиради. Аллоҳ таоло томонидан берилган бу азизликни то ўзи қўлдан бой бериб қўймаса, мана шу ҳурматга лойиқ ҳаёт кечирса, умрининг ниҳоясига қадар бу инсон иззат ва ҳурматдадир. Унинг ҳурмати, обрўси, шаъни, қадр-қиммати, ор-номуси шариъат томонидан кафолатланган. Унга дахл қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бундайин инсон нафақат дунёда балки вафот топганидан кейин ҳам азиз ва мукаррамлигича қолаверади. Оламдан ўтиши билан бу мақомдан тушиб қолмайди. Бизнинг эътиқодимизда инсонларнинг тирикларию ўтганлари бирдек қадрли. Бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан жуда кўп ҳадислар ворид бўлган. Қуйидаги ҳадиси шарифда ўтган инсонга берилган озор унинг тириклик чоғида берилган озорга тенглаштирилди. عَنْ عَائِشَةَ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «كَسْرُ عَظْمِ الْمَيِّتِ كَكَسْرِهِ حَيًّا». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وابْنُ مَاجَهْ. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Маййитнинг суягини синдириш уни тирик ҳолида суягиниги синдирган кабидир”, дедилар”. Абу Довуд ва Ибн Можалар ривоят қилган. Ҳадис шориҳлари “суягини синдириш” ибораси барча турдаги озорларни ўз ичига олади дейишган. Ушбу муборак ҳадисда ўтганларга азият беришдан қайтарилган бўлса, қуйида келадиган насиҳатда уларга яхшилик қилишга амр этилади. عَنِ ابْنِ عُمَرَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «اذْكُرُوا مَحَاسِنَ مَوْتَاكُمْ وَكُفُّوا عَنْ مَسَاوِيهِمْ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўтганларингизни яхшиликларини эсланглар. Уларнинг ёмонликларидан тийилинглар”, дедилар”. Абу Довуд ривоят қилган. Ҳадиси шарифда ўтганларни яхши ишлари, гўзал сифатларини айтиш лозим экан. Ўтганларни яхшилик ила зикр қилиш марғуб иш балки у мустаҳаб амалдир. Вафот топган инсонлар ҳаққига дуойи хайрлар қилиш, солиҳ амаллар савобини бағишлаш ва Қуръони карим оятларидан тиловат этиб, улар учун Аллоҳ таолодан мағфират сўраш айни ҳадисда зикр қилинганидек “Ўтганларингизни яхшиликларини эсланглар” буйруғи остига кирувчи ишлар жумласидан саналади. عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِذَا مَاتَ الإِنْسَانُ انْقَطَعَ عَنْهُ عَمَلُهُ إِلاَّ مِنْ ثَلاَثَةٍ إِلاَّ مِنْ صَدَقَةٍ جَارِيَةٍ أَوْ عِلْمٍ يُنْتَفَعُ بِهِ أَوْ وَلَدٍ صَالِحٍ يَدْعُو لَهُ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсон вафот топса, унинг амали тўхтайди. Лекин уч нарсада тўхтамайди: содақаи жория, фойдали илм ва дуо қиладиган солиҳ фарзанд”, дедилар”. Муслим ривоят қилган. Ушбу ҳадисда фарзандалар, яқин кишиларнинг дуоларидан ўтганларга фойда борлиги айтилмоқда. Демак мана бу фазилатли кунларда ҳаётларимизни ардоқлашимиз, ўтганларимизни хотирлаши-миз айни ҳадиси шарифга мувофиқ иш эканлиги кўринади. Лекин шундай тоифалар чиқдики, улар мусулмонлар орасида минг йиллардан бери амалда бўлиб келаётган ҳаётлар билан мамотлар ўртасидаги бу мўътабар ришталарни узиб ташлашди. Нима эмишки, дуо қилса, Қуръон ўқиб савобини бағишласа ва яна бошқа солиҳ амалларнинг савобини бағишласа етиб бормас эмиш. Ўтган улуғ аждодларимиз, яқинларимиз бизнинг фаравон ҳаёт кечиришимиз учун, ўз ватани, халқи озодлиги йўлида ўзларининг бор будини ҳатто азиз ва ширин жонларини қурбон қилган бўлсалар-у энди навбат ортда қолган зурриётларга келганда, уларни осонгина эсдан чиқариб юбориш айни адолатсизлик ҳисобланмайдими?! Зеро, Қуръони карим оятларида ҳам яхшиликка яхшилик билан жавоб қайтаришга чақирилади. هَلْ جَزَاءُ الإِحْسَانِ إِلاَّ الإِحْسَانُ “Эҳсоннинг (яхшиликнинг) мукофоти фақат эҳсондир”. (Ар-Раҳмон сураси, 60-оят). Юқоридаги ўтган ҳадиси шарифлар ўтганлар билан алоқаларни узганларга раддиялар бор. Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, бу сафарги хотира ва қадрлаш куни синовли даврга тўғри келди. Шунинг учун қилаётган ҳар бир хайрли ишларимиз карантин қоидаларига мувофиқ бўлгани яхши. Аллоҳ юрт тинлиги, халқ фаровонлиги йўлида жон фидо қилган ўтган азизларимизни Ўз раҳматига олсин. Ҳаётларини эса умр-ризқларига барака берсин. Узоқ йиллар бошимизда дуогўйларимиз бўлиб, роҳату фароғатда яшашларини Яратганнинг Ўзи насиб айласин. “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Равшанбек ЎРИНБОЕВ