MAQOLALAR УЙДА ҚОЛИНГ (ЁХУД ЎЗИНГИЗНИ ҲАЛОКАТГА ТАШЛАМАНГ!) 19 апреля, 2020 0 592 Бугунги кунимизда жаҳондаги энг глобал муаммолардан бири бўлиб турган COVID-19 номли коронавирус биринчи марта 2019 йилнинг 1-декабрида Хитойнинг Уҳан шаҳрида аниқланди. 2020 йил январь ойида Хитой бўйлаб, февраль ойида жаҳон бўйлаб, март ойида эса юртимизда тарқала бошлади. Апрел ойига келиб миллиондан ортиқ инсонлар бу вирусни юқтириб, минглаб одамлар қурбон бўлди. Минг афсуски, бу рақам кундан-кун зиёда бўлиб бормоқда. Кўплаб давлатларда карантин эълон қилиниб, бу касалликка қарши қаттиқ кураш олиб борилди ва борилмоқда. Хусусан, бизнинг юртимизда ҳам бу вирусга қарши етарли чоралар кўрилди. Бу борада самарали ишлар олиб борилмоқда. Қилинаётган ишларнинг амалий натижаси ўлароқ ҳар куни ҳушхабарлар беморларнинг шифо топаётгани айтилмоқда. Бундан барчамиз хурсандмиз. Юртимиз аҳолиси уйларида қолишларига тарғиб қилинмоқда. Бу каби эҳтиёт чоралари вируснинг кенг тарқалиб кетмаслиги учун жуда муҳимдир. Хавф-хатар вақтида уйда ўтириш энг мақбул ечим эканлиги Қуръони каримда хабар берилади. Аллоҳ таоло Намл сурасининг 18-оятида шундай марҳамат қилади: “Токи улар чумолилар водийсига келганларида, бир чумоли: “Эй чумолилар, масканларинга киринглар, Сулаймон ва унинг аскарлари сизларни билмасдан эзиб юбормасинлар”, деди”. Тафсир китобларимизда бу чумоли ўша водийнинг масъул чумолиси эди, дейилади. Хавф-хатар пайдо бўлганда, масъул шахслар томонидан фуқороларни ўз уйларида бўлиб туришларига чақириқлари айни юқоридаги ояти каримага мувофиқ мақбул ечим ҳисобланар экан. Бақара сурасининг 195-оятида “Ва ўзингизни ҳалокатга ташламанг”, деб буюрилади. Карантин вақтида заруратсиз кўчада юриш ўзини-ўзи ҳалокатга ташлаш ҳисобланади. Ахир, эҳтиёт чоралари кўрилмаган, бу вирусга нисбатан бепарво қараган мамлакатларда вирусни қанчалик кенг тарқалиб, унинг ортидан келган салбий оқибатларни оммавий ахборот воситалари орқали кўрдик-ку! Замонамизда гигиена деб аталган тозалик мавзусида энг комил ва шомил кўрсатмалар муқаддас динимизда келгандир. “Юзларингиз ҳамда қўлларингизни ювингиз” (Моида, 6-оят), “Либосингизни пок тутинг!” (Муддассир, 4-оят) каби буйруқлар шулар жумласидандир. Ҳадиси шарифларда поклик иймоннинг ярмига тенглаштирилади. Жаҳон Соғликни Сақлаш ташкилоти томонидан бугун бутун дунёга жар солаётган нарса ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан 15 аср олдин айтиб ўтганлар. Ҳадиси муборакда келади: “Ким қўлидаги қолдиқларни ювмасдан ухлайдиган бўлсаю, унга бирор (ёмон) нарса етса, у фақат ўзини маломат қилсин”. (Имом Абу Довуд ривоят қилган). Ҳақиқатда, вирусдан ҳимояланиш, аввало дуо-илтижо ила Аллоҳдан паноҳ сўраш, сўнгра тозалик ва карантин билан бўлади. Динимиз касалликдан сақланиш йўлида аввало унинг сабабларини топиб, унга барҳам беришга чақиради. Поклик эса бу масалада биринчи ўринда туради. Қўлларни тез-тез совунлаб ювиш, тирноқларни вақтида олиб юриш, уй ва ҳовлларни покиза тутиш бу йўлдаги энг самарали ишлардандир. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ Абдуллоҳ ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Агар бир ерда вабо чиққанини эшитсангиз, у ерга кирманглар. Сизлар турган ерда вабо чиқса, ундан қочиб чиқманглар”. Яъни, ушбу насиҳатда карантин ҳақида сўз юритилмоқда. Дарҳақиқат, айни пайтда карантин қоидаларига қаттиқ амал қилиш заруратга айлангани ҳеч кимга сир эмас. Бундай синовли кунларда жамиятнинг ҳар бир аъзоси хушёр бўлиб, Юртбошимиз ва бошқа диний ва дунёвий раҳбарларимизнинг кўрсатмаларига давомли амал қилиш жудаям муҳим ҳисобланади. Сўзим ниҳояси ва хулоса ўрнида яна бир муҳим нуқтага эътиборингизни қаратмоқчиман. Бу синовли кунлар ҳам ўзига яраша ғанимат кунлардир. Ҳозирги вақт ибодатларида камчилиги бор инсонлар учун қазоларини адо этиш учун қулай фурсат. Толиби илмлар эса китоб ўқиш билан ўз билим ва кўникмаларини ошириш йўлидаги бир имконият. Кўп сафарларда юрадиган инсонлар учун оила аъзоларининг дийдорига тўйиш ва улар билан кўроқ мулоқот қилиш вақтидир. Иш билан овора бўлиб, ота-онасига хизмат қилолмай армонда юрганлар учун эса айни муддао. Фарзанд тарбиясига вақт ажрата олмаётган ота-оналар учун имконият эшиги. Бу вақтларни бефойда ўтказиб юбормайлик. Ундан оқилона фойдаланайлик. Роббимиз Аллоҳдан ўтинчимиз тез орада бу офатни бошимиздан кўтариб, яна офиятли кунларни бошимизда бардавом қилсин. “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти 3-босқич талабаси Абдумуталлиб Эргашев.