MAQOLALAR Хар бир мужтахид — мухаддисдир! 16 мая, 2023 0 251 Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Аллоҳга ҳамду санолар, Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламга солавотлар, у зотнинг асҳобларига саломлар, ўтган уламоларга ташаккурлар бўлсин! Бемазҳабликни тарғиб қилувчилар зоҳир бўлгандан кейин ислом оламига мана бу бўлмағур гап тарқатилган: “Ҳар бир мусулмон Қуръон оятлари ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларидан ҳукмни ўзи олмоғи лозим. Динда бировга тақлид қилиш мумкин эмас. Ҳар бир мусулмон ижтиҳод қилиш ҳуқуқига ва муҳаддислик мартабасига ҳақлидир. Ҳар ким истаса, мужтаҳид бўла олади ва бу осондир; бошқалардан ҳадис илмини яхшироқ била оладиганни эса муҳаддис деса бўлади”. Замонамизда ҳам бу асоссиз фикр ҳар хил шаклда, турли ибораларда учраб туради. Бироқ, ана ўша гапни айтаётганлар нима учун V ҳижрий аср (мелодий XI аср)дан буёғида бирорта мужтаҳид чиқмагани, ҳеч ким ўзини мужтаҳид деб аташга журъат қилмагани сабабига ёки IX ҳижрий аср (мелодий XV аср)дан буёғида бирорта ҳадисшуносни муҳаддис дея ростакамига улуғланмагани боисига қараб кўришни исташмайди?! Нима учун улар бутун дунё уламолари “Мужтаҳидлик эшиклари ёпиқдир!” деган қарорга келганларини ҳамда бунга барча бирдек рози ва қойил бўлганларини ўйлаб кўришмайди?! Аввало шуни айтмоқ керакки, аҳли суннат ва жамоат уламолари ҳам назарий жиҳатдан мужтаҳидлик мумкинлиги, ижтиҳод эшиклари тақа-тақ бекитилиб, қулфланиб қўйилган эмаслигини айтадилар. Уларнинг бемазҳаблардан фарқи шуки, ижтиҳод қилишни, айниқса, ҳар ким ижтиҳод қилиши мумкинлигини тарғиб қилмайдилар. Аҳли суннат ва жамоат олимлари ҳамда тақлидчилари орасида ҳар ким ўз ҳаддини, ўз имкониятини яхши билади. Чунки, мужтаҳидлик ва муҳаддислик қилиш бугун фақатгина назарий жиҳатдан тўғри бўлиши мумкин, холос. Амалда эса мутлақо мумкин эмас! Мавлоно Абдулҳай ал-Лакнавий раҳимаҳуллоҳ “ан-Нофеъ ал-кабир” асарида ҳозирда мужтаҳид бўлиши мумкин-мумкин эмаслиги ҳақида баҳс юритиб, хулосада бундай дейдилар: “Хуллас, кимки мутлақо мустақил ижтиҳод мартабасини тўрт нафар имом (тўрт нафар мазҳаббошилар) билан узилган, унинг қайтиши мумкин эмас, деб даъво қилса, унинг гапи хато ва нотўғридир. Чунки, ижтиҳод Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг марҳаматларидан бир раҳматдир. Аллоҳнинг раҳмати эса бирорта замонга ва бирорта инсонга чекланиб қолмайди. Энди, кимки ижтиҳоднинг узилганини ҳар бир замонда вужудга келиши мумкинлигини айтгани ҳолда, тўртта имомдан кейин ижтиҳодига барча уламолар иттифоқ қилган ва мустақиллигига таслим бўлган бирорта мужтаҳид чиқмаган, деган маънода гапирган бўлса, унда бу гапга (унинг рост гап эканига) таслим бўлинади!” Инсон муҳаддис бўлгани билан, қуруқ ёд олувчи бўлиб қолаверади. Ёд олган ҳадисларини тушуниш, улардан фиқҳий ва эътиқодий ҳукмлар чиқариш иккинчи бир иш бўлиб, ҳадисларнинг маъноларини чуқур идрок қила олиш ёки ҳукм чиқариш малакаси ва қобилияти ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Ҳадислардан фиқҳий ва эътиқодий ҳукмлар чиқаришнинг ва ўзининг мактабини яратишнинг уддасидан фақатгина мужтаҳидлар чиқа оладилар. Мужтаҳидликка билимнинг, илмий салоҳиятнинг ўзи етарли эмас. Мужтаҳидлардан олимроқ, билимдонроқ, ҳадис фанига устароқ олим бўлиш мумкин, бироқ, мужтаҳидликка буларнинг ўзигина кифоя қилмайди. Бу эса Парвардигори оламнинг махсус инояти ва алоҳида лутфу карами билан бўлади, холос. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу борадаги қуйидаги ҳадислари фикримизни яққол тушунтира олади: نضّر الله إمْرَأ سمع منا حديثا فحفظه حتى يبلغه غيره فرُبّ حامِل فقهٍ الى من هو أفقه منه و رُبّ حامِل فقهٍ ليس بفقيهٍ “Биздан ҳадис эшитиб, уни ёдлаб то бошқага етказган кимсанинг юзини Аллоҳ ёруғ қилсин! Гоҳида фиқҳни кўтарувчилар ўзларидан фақиҳроқ кимсага етказишади. Гоҳи эса фиқҳни кўтариб юрувчи фақиҳ бўлмайди!” «Мужтаҳид» бу Қуръон ва ҳадислардан керакли ҳукмларни чиқариб берувчи фиқҳ олимидир. Зотан, «фиқҳ» нозик ва дақиқ маъноларни тушуниш бўлиб, мужтаҳидлик амалиётга жорий қилинадиган ҳукм ва қоидаларни исломнинг ана шу бирламчи манбаларидан тушуниб олиш ва чиқариб беришдир. Қуръон ва ҳадислардаги қиссаларни гапириб берувчи, уларда келган эътиқодий масалаларни ўргатувчи, улардаги дуоларни айтиб берувчилар «мужтаҳид» дейилмайди. Фиқҳий манбаларга қарамасликнинг ва фиқҳий қарашларга эътибор бермасликнинг асло иложи йўқ. Акс ҳолда, ҳадисларнинг ўзининг билиш билан ундаги ҳукмларни билмай қолавериш мумкин. Худди шу хилдаги воқеа яна Имом аш-Шофиъий раҳимаҳуллоҳнинг устози Имом Вакиъ раҳматуллоҳи алайҳидан ҳанафийларнинг улуғ имоми Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ сабоқ олиб юрганида содир бўлган. Ушбу воқеада ҳам бир аёл савол сўраб келади. Имом Вакиъ раҳимаҳуллоҳ унинг жавобини билолмай қоладилар. Шунда даврадагилар жавоб беришлари мумкинлиги тавсия қилинади. Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ унга батафсил жавоб қайтарадилар, хотин ҳам жавобдан мамнун бўлиб қайтиб кетади. Имом Вакиъ раҳматуллоҳи алайҳи ҳайратини яшира олмай, Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳдан жавобни қаердан билганини сўрайдилар. У зот мазкур жавобни Имом Вакиъ раҳматуллоҳи алайҳининг ўзлари ўргатган фалон-фалон ҳадислардан олганини тушунтирадилар. Шунда Имом Вакиъ раҳматуллоҳи алайҳи: “Оббо, мен бу ҳадисларни ҳали сен туғилмаган, ҳатто ота-онанг учрашмаган вақтдан бери ёд биламан-ку!”, дейдилар. Шунинг учун ҳам «Барча мужтаҳидлар муҳаддис бўлади, ҳар бир муҳаддис эса мужтаҳид бўла олмайди», дейилган. Ижтиҳоднинг том маъноси бор. Бунинг учун ҳукм олинаётган ҳар бир оят ва ҳадисдаги бир қанча сабаблар орасидан бош сабабни – усул ал-фиқҳ истилоҳида “иллат” деб номланадиган сабабни топиб бериш лозим. Топилган ана шу бош сабаб “иллат” дейилади, қолган сабаблар эса “ҳикмат” деб аталади. Ҳукмий оят ва ҳадислардаги “иллат”ни топиш барча инсонларга насиб қилавермайди. У танлаб олинган муҳаддислардан хосланган фақиҳларнинг энг махсусларига насиб қилади, холос. Бу оят ва ҳадисда айтилган Аллоҳнинг махсус иноятидир. Уни эса фақат оқил қишиларгина тушуниб етадилар. “Иллат”ни топиш барча замонларда айтиб келинган, ҳурмат қилинган, ҳавас қилинган мужтаҳидликдир. Бу ҳақиқатни тушуниш учун мисоллар келтириб ўтамиз. Масалан, светофорда тўхташнинг сабаби нима? Бир қанча сабаблар бор. Чироқлар ёниши, қонун устуворлиги, бехатарлик – авария бўлмаслик, бировнинг юриш ҳаққини поймол қилмаслик, ДАН ходимининг қўлига тушмаслик, жаримадан сақланиш, одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилиш – катта машиналарни ёки корчалон ҳамда каттаконларни ўтказиб юбориш ва ҳоказо. Агар шу ерда бош сабабни топиб берилмаса, аҳвол нима бўлади? Қаранг, светофорда тўхташ сабабини махсус ходимнинг қўлига тушмаслик деб белгиланса, ходимнинг кўзини шамғалат қилиб, тўхтамай ўтиб кетавериш керак бўлади. Агар жаримадан сақланиш деб белгиланса, пули кўпларга тўхтамаслик жоиз бўлади. Агар одоб-ахлоқ қоидалари пеш қилинса, корчалон ва каттаконларнинг ўзи ҳеч қаерда тўхтамай ўтиб кетаверишлари керак бўлиб қолади. Агар авария ёки бировнинг ҳаққини поймол қилмаслик деб белгиланса, ярим тунда ҳеч ким йўқ пайтда чорраҳадан тўхтамай ўтиб кетаверишга рухсат бериш лозим бўлиб қолади. Йўқ, светофорда тўхташнинг бош сабаби булар эмас, унинг бош сабаби – “иллат”и қизил чироқнинг ёнишидир! Тамом. Бошқа барча сабаблар тўхташимизнинг “ҳикмат”лари бўлиб қолаверади. Демак, ана шу бош сабаб топиб берилмаса, жамият тизими бузилади, давлат тузуми барбод бўлади. Худди шундай, шаръий ҳукмдаги “иллат” топиб берилмаса, шариат қоидалари бузилади, фиқҳий тузум барбод бўлади. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бешинчи ҳижрий аср (мелодий XI аср)дан буёғида бирорта мужтаҳид чиқмаган, ҳеч ким ўзини мужтаҳид деб аташга журъат қилмаган. Тўққизинчи ҳижрий аср (мелодий XV аср)дан буёғида бирорта ҳадисшуносни муҳаддис дея ростакамига улуғланмаган, ҳеч ким ўзини мен ҳақиқий муҳаддис бўлиб олдим, демаган. Чунки, бутун дунё уламолари: “Мужтаҳидлик эшиклари ёпиқдир!” деган қарорга келганлар. “Мазҳабларга тақлид қилиш мумкин эмас. Ҳар бир мусулмон Қуръон оятлари ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларидан ҳукмни ўзи олмоғи лозим. Динда бировга тақлид қилиш мумкин эмас. Ҳар бир мусулмон ижтиҳод қилиш ҳуқуқига ва муҳаддислик мартабасига ҳақлидир. Ҳар ким истаса, мужтаҳид бўла олади ва бу осондир; бошқалардан ҳадис илмини яхшироқ била оладиганни эса муҳаддис деса бўлади”, деганга ўхшаш гап-сўзлар ва сохта “даъват”лар натижасида бутун дунёда ва мусулмонларнинг орасида нохуш воқеалар, уруш-жанжаллар, охири туганмас мунозара ва муҳокамалар содир бўлмоқда. Тақлиддан воз кечиш, ўз билганича оят ва ҳадислардан ижтиҳод қилишга уриниш, ўз билганича ҳадисларни саҳиҳ ёки заифга ажратиб, заифини эса мутлақо менсимаслик оқибатида ана шундай нохуш воқеалар, уруш-жанжаллар, охири туганмас мунозара ва муҳокамалар содир бўлаётгани айни ҳақиқатдир! Бинобарин, ҳар ким ўз ҳаддини билмоғи даркор! Аҳли суннат ва жамоат эътироф қилган тўрт мазҳаб мужтаҳидларидан бировига эргашиб, ўтган жами уламолар, фуқаҳолар, муҳаддислар, муфассирлар сингари мазҳаблардан бировига тақлид қилиб, ихтилофларсиз яшамоқ вожиб! Оят ва ҳадислардан ўзича ҳукм олмасдан, балки ўтган уламоларнинг фикрларига таянмоқ лозим! Мана шу ҳақиқат йўлидир, мана шу сирот ал-мустақимдир, мана шу нажот тариқасидир! «Саййид Муҳйиддин махдум» ўрта махсус ислом билим юрти 4 босқич талабаси Салимов Нурмуҳаммад. Интернет маълумотларидан фойдаланилди.