Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний ва унинг илмий мероси

0
401

Хожагон-Нақшбандия тариқати тасаввуфнинг хаётга энг яқин, хаётнинг барча жабхаларини ўзида сингдирган хамда хозирги кунда дунёнинг турли минтақаларида кенг тарқалган йўналишидир. Унинг шаклланиши Хожа Абдулхолиқ ибн Абдумажид Ғиждувоний номи билан боғлиқдир. Хожа Абдулхолиқ ибн Абдумажид Ғиждувоний 1103-йилда Бухоро яқинидаги йирик савдо-сотиқ ва карвон йўлларида жойлашган Ғиждувон қишлоғида тавваллуд топган. У дастлабки таълимотни ўз қишлоғида олгач, илм олиш учун Бухорои Шарифга келади. Чунки бу пайтда Бухоро замини ислом оламида илм марказларидан бирига айланиб улгурган, у ерда машхур олимлар ва мутафаккирлар фаолият олиб борар эди. Айниқса, тасаввуфнинг машхур намоёндаларидан Абу Яъқуб Юсуф Хамадоний(ваф. 1140-й) Бухорода фаолияти алохида ўрин тутган эди. Юсуф Хамадоний уни сўфийлик тариқатига жалб қилди ва ўзига шогирд қилиб олди.

Ғиждувонийнинг сўфийлик сохасида дунёқарашининг шаклланишида маъломатия таълимоти[1] ва қаландарлар харакати[2] анча таъсир кўрсатган. Тасаввуфнинг бошқа тариқатларидан фарқли ўлароқ Ғиждувоний сўфийлар учун махсус хонақох қуриш ва уларда яшашни маъқулламас эди.

Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний Нақшбандия тариқатида «Калимоти қудсия» деб аталадиган қоидалар дастурини ишлаб чиққан. Ушбу дастур қуйидагилардан иборат:

  1. Хуш дар дам.

“Хуш” сўзи хушёрлик маъноларини билдиради. “Дам” сўзи эса нафас деган маънони англатади. Бу шиорда хар бир олинган ва чиқарилган нафасда хушёр бўлиш лозимлиги яъни хар нафасда Аллох таолони эслашлик назарда тутилади.

  1. Назар бар қадам.

Қадамга назар солиш. Бу шиорга биноан, сўфийга юрганида доимо оёғининг учига назар солиб юриш яъни турли харом нарсаларга назари тушишининг олдини олиш лозим.

  1. Сафар дар ватан.

Ватанга сафар қилиш. Бу шиорда аслига ва Хаққа сафар қилиш маъноси кераклиги олдинга сурилган.

  1. Хилват дар анжуман.

Анжуманда хилват қилмоқ. Бу шиорда, сўфий ўзи халқ ичида турган бўлса хам, Хаққ билан холи бўлиш малакасига эга бўлиши кўзда тутилган.

  1. Ёд кард.

Ёд эт. Бу шиорда нафасни тутиб туриб тил ва дил билан бирданига тавхид зикрини қилиш кўзда тутилган.

  1. Бозгашт.

Сўнгра ўт. Бу шиорда мақсад ва матлаб фақатгина Аллох таолонинг розилиги бўлиши кўзда тутилган. Аслида бу шиор хар бир мўъмин мусулмоннинг шиоридир. Яъни, бир мўъмин мусулмон Аллох таолога иймон келтириш билан бирга жаннатда Аллох таолони кўришига қатъий ишонади. Унинг иймон келтириб, солих амал қилишидан мақсади хам аслида шу.

  1. Нигох дошт.

Нигох сол. Бу шиорда қалбни хавотирдан сақлаш кўзда тутилган. Бу орқали қалбга Аллох таолонинг мухаббатидан бошқа нарса кирмаслиги таъминланади.

  1. Ёд дошт.

Ёдга ол. Бу шиорда хар лахзада Аллох таолони ёдда тутиш кўзда тутилган.

Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари ушбу қоидаларга яна қуйидаги учта қоидани қўшимча сифатида киритади:

  1. Вуқуфи замоний.

Бу шиорда сўфий инсон ўзининг яшаётган замонидан воқиф бўлмоқлиги ва ундан унумли фойдаланмоқлиги назарда тутилган.

  1. Вуқуфи ададий.

Ададдан воқиф бўлмоқ. Бу шиорда сўфийнинг зикр қилишда талаффуз қилинадиган лафзларнинг миқдорига алохида эътибор бермоқлиги кўзда тутилган.

  1. Вуқуфи қалбий.

Қалбдан воқиф бўлмоқ. Бу шиорда қалбни Аллохнинг зикри, фикри ва амри ила машғул қилмоқ хақида сўз боради.

Шу тариқа юқоридаги ўн бир қоидадан иборат Нақшбандийлик таълимоти яратилди нанқшбандиянинг яхлит назарий тизим тамойилини шакллантирганлар ва сулук тарбиясини янада ривожлантирадилар. Шу боис Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратлари “сарҳалқаи силсилаи нақшбандия” номи билан улуғланганлар.

Абдураҳмон Жомий ҳазратларининг Нафаҳот ул-унс асарида ёзилишича, аҳлуллоҳдан Хизр алайҳиссалом ёш Абдулхолиқни маънавий фарзандликка қабул қилади ва унга “зикри дил” (қалб зикри)ни ўргатади[3].

Алишер Навоий ҳазратпари “Насойимул-муҳаббат”да бошқа улуғ машойихлар қатори, Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийни ҳам юксак эҳтиром билан тилга олади. Хожаи Жаҳоннинг тутган йўллари тариқатда ҳужжат ва намуна ҳисобланганлиги, Ҳақ билан ноҳақни ажратувчи, адолатли кишилар наздида мақбул ва мўътабар бўлиб, ҳамиша садоқат ва софлик йўлида юрганлиги, шариат ва суннатга риоя қилганлиги, турли бидъату хурофотларга қариш тинимсиз курашганлигини қайд этади[4]. Хожа Абдулхолиқ ҳазратлари пайгамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан бошланган тариқат силсиласида Юсуф Ҳамадонийдан кейин ўнинчи ҳалқа пир эдилар. Хожа ҳазратлари бу ҳалқанинг давом этиши учун вафотидан олдин Хожа Аҳмад Сиддиқ, Хожа Ориф Ревгарий, Хожа Авлиёйи Кабир(Авлиёйи Калон), Хожа Сулаймон Карманийларга халифалик ижозати берганлар. Бу зотларнинг ҳар бири иршод ишларига машғул бўлишган. Нақшбандиянинг олий ҳалқасини эса Хожа Ориф Ревгарий ҳазратлари давом эттирганлар…

Тасаввуф илмида Абдулхолиқ Ғиждувоний хазратлари Хожаи Жахон номи билан улуғланди. Хожаи Жаҳон ҳазратларининг панд-насиҳатлари ўзликни англаш, ахлоқни, ботинни тузатиш, қалб имкониятларига йўл очиш, маърифат сирридан воқиф бўлиб, сайру сулукни камолга етказишда муҳим асослардан ҳисобланиб, инсонни Ҳақнинг суюкли бандаларидан бўлишга даъват этади.

Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратлари тариқат пири, муридлар тарбиячиси бўлиш билан бир қаторда, “Васоё” (“Васиятнома”, “Одоби тариқат”, “Ҳақойиқ ул-иймон”, “Дақойиқ ул-ирфон” деган номлар билан ҳам аталади), “Мақомоти Юсуф Ҳамадоний”, “Аз гуфтори Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний” каби асарлар муаллифи ҳамдир.

Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратларининг бизгача “Мақомоти Юсуф Ҳамадоний” номли асари етиб келган. Хозирги кунда ушбу асарнинг Эронда нашр қилинган “Рисолаи соҳибия”[5], Туркияда сақланаётган “Тибён”[6] ва Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида қўлёзмалар хазинасидаги “Мақомот” нусхалари мавжуд. Мазкур асарида Абдулхолиқ Ғиждувоний устози Шайх Юсуф Ҳамадонийнинг сурат ва сийрати, гўзал ахлоқи, юриш-туриши, ибодати, ҳаёт фаолияти ва шогирдларига муносабати хусусида атрофлича маълумот беради. Шунингдек, тариқат аҳлларини Юсуф Ҳамадонийнинг намунали ҳаёт тарзидан ибрат олишга чақиради. Ушбу асар тасаввуфнинг мухим масалаларига бағишланган. “Тариқат одоби”да сулук йўлига кирган ҳар бир муриднинг қалб поклиги, нафс тарбияси, зикр вазифалари, шайхи билан муносабати ва ҳоказо мавзулар мухтасар ва асосли баён этилган. «Инсон ва коинот ҳақида

рисола» (“Рисола фи ан-нал-кавна мусаххарун лил-инсон” – “Коинотнинг инсонга бўйсунганлигига доир рисола”)да муаллиф инсоннинг мулку борлиққа бўлган муносабати, махлуқот орасида тутган юксак ўрни, ҳар бир инсоннинг коинотдаги зарурий ашёлардан истифода этиши ва унумли фойдаланиш даражалари ҳамда йўлларини кўрсатиб беради. Муаллифнинг фикрича, ҳар бир инсон коинотга меъёри билан, тўғри муносабатда бўлса, коинот ҳам инсонга фойдали муносабатда бўлиб, унга хизмат қилади. Биз табиатга: сув, тупроқ, ҳаво қатламларига ва бошқа ҳаётий заруратларга эҳтиёж юзасидан муомала кўрсатсак, ҳаётимиз, яшашимиз ҳам шунга яраша хотиржамлик ва фаровонликда давом этади. Юсуф Ҳамадонийиинг ушбу рисоласидан шу нарса маълум бўладики, ўз даврида машойихларимиз ҳам, ҳозирги тил билан айтганда, экология масалаларига, табиат ва уни авайлаб-асрашга катта аҳамият берганлар.

Абдулхолиқ Ғиждувоний 1179-йили Бухорода вафот этган. Ўзбукистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2003-йилдаги Фармонига асосан Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг таваллудиниг 900-йиллиги 2003-йилда юртимизда кенг нишонланди.

 

Абдуллаев Ғолибжон,

Андижон “Саййид Мухйиддин Махдум”

ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

[1] Маъломатийлар(араб.-таъна ахли) – сўфийлик тариқатларидан бириниг тарафдорлари. Унинг асосчиси Хамдун ибн Кассор хисобланади. Ал Мухосибий, Абу Язийд ал Бистомий каби зохидларнинг қарашлари унинг шаклланишида мухим рўл ўйнаган. Дастлаб Нишопурда вужудга келиб, кейинчалик Ироқ ва Сурияда кенг ўрин тутган.

[2] Қаландарлик – сўфийлик харакатларидан бири. Маъломатийлар ғояси асосида юзага келган. Кейинчалик дарбадар-гадо дарвишлар биродарлиги Қаландарлик деб номланган.

[3] Абдураҳмон Жомий. Нафаҳот ул-унс мин ҳазарот ил-ҳудс. Теҳрон, 1370. с. 383.

[4] Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами. Йигирма жилдлик. Ўн еттинчи жилд, Насойим ул-муҳаббат. Тошкент, 2001. 253-бет.

[5] Абдулхолиқ Ғиждувоний. Рисолаи соҳибия. Нашрга тайёрловчи Саид Нафисий. Фарҳанги Эронзамин, I (1332/1953),78-101-б.

[6] Камолиддин Афанди Ҳаририйзода. Тибёну васоилил-ҳақойиқ фи баёни салосилит-тароиқ. Сулаймония кутубхонаси, Иброҳим афанди бўлими, №430 (I, 379 а-389 б).

Load More In MAQOLALAR