МАҚОЛАЛАР ТАРИХ Абу Бакр Сиддиқ – Умматнинг Энг Афзали 31 мая, 2025 0 59 #SahabolarHayoti Саҳобалар – Ислом динининг илк ва энг пок авлоди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари ва амалларини ўз ҳаётларига татбиқ қилган, Қуръон ва суннатни жон фидо қилиб ҳимоя қилган буюк инсонлардир. Улар орасида эса фазилат бобида энг юксак даражага эришган зотлар бор. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида одамларнинг унисини бунисидан яхшироқ деб билар эдик. Энг яхшиси Абу Бакр, кейин Умар, кейин Усмон розияллоҳу анҳум деб билардик». (Имом Бухорий ривояти) Бу ҳадис бизга саҳобалар орасидаги фазилат тартибини кўрсатади. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу барча саҳобалардан афзал экани на фақат саҳобалар томонидан тан олинган, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари томонидан ҳам тасдиқланган. Абу Бакр – Расулуллоҳнинг яқин дўсти Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Агар умматимдан халил тутадиган бўлганимда, Абу Бакрни тутган бўлар эдим. Лекин у биродарим ва дўстимдир”». (Имом Бухорий ривояти) Бу ҳадисдаги “халил” сўзи – юракдан ўрин олган яқин, севимли дўст маъносини англатади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Абу Бакрга нисбатан бундай юксак таъриф беришлари унинг қандай олий мақомга эга эканини кўрсатади. У зот Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғори Саврдаги ҳамроҳи, ҳаёт ва даъват йўлидаги энг ишончли дўсти бўлган. Сиддиқлик мақоми ва имонда собитлик Абу Бакр розияллоҳу анҳу «Сиддиқ» – яъни, ҳақни тасдиқловчи, шубҳасиз иймон келтирувчи сифати билан танилган. У Мирож воқеаси каби ақлдан йироқ туюладиган воқеаларда ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга тўлиқ ишонган. Шу сабабдан у «Сиддиқ» унвони билан шарафланган. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг фазилати, иймони, дўстлиги ва раҳбар сифатидаги юксак ахлоқи биз учун намуна ҳисобланади. У Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин мусулмонлар раҳбарлигини ўз зиммасига олган, динни мустаҳкамлаб, мусулмонлар ўртасида адолат ва тинчликни тиклаган. Ҳар бир мусулмон инсон бу буюк саҳобанинг ҳаётидан ибрат олмоғи ва унинг йўлидан боришга ҳаракат қилиши лозим. Аллоҳ таоло бизларни Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу каби сиддиқ ва ихлосли бандаларидан қилсин. Омин! Ta’lim muassasi mudiri Rustamjon domla Mahmudov