Агар билсанг…

0
9

Ҳақ йўлини танлаб, унга

Амал қилсанг ҳидоятдир.

Амалларнинг энг афзали

Билсанг, холис ибодатдир.

Агар доно бўлсанг ўзинг,

Элга ибрат бўлсин сўзинг,

Оқил бўлса ўғил-қизинг,

Тарбият ҳам ибодатдир.

Ватанингга посбон бўлсанг,

Гар ғурури осмон бўлсанг,

Энг вафоли инсон бўлсанг,

Садоқат ҳам ибодатдир.

Ночорларга узат қўлинг,

Нурга тўлар юрган йўлинг,

Йўқсилларга сарф эт пулинг,

Саховат ҳам ибодатдир.

Ялқовлик феълингни отсанг,

Елкангга эл юкин ортсанг,

Илм йўлида заҳмат тортсанг,

Риёзат ҳам ибодатдир.

Кезар бўлсанг сен жаҳонни,

Азиз билгин фурсат-онни,

Аждодлар ётган маконни,

Зиёрат ҳам омонатдир.

Ҳалоллик бўлган шиори,

Устун бўлган номус-ори,

Пайғамбарнинг касбу кори –

Тижорат ҳам ибодатдир.

Экин эксанг, боғ яратсанг,

Ҳосилидан тоғ яратсанг,

Деҳқон бўлиб донг таратсанг,

Зироат ҳам ибодатдир.

Дерлар дунё асли бир кам,

Бўлиб қолса бир оғир дам.

Ақлу сабринг айласанг жам,

Матонат ҳам ибодатдир.

Тик боқмагин кўзларига,

Ҳурмат кўрсат ўзларига,

Ота-онанг сўзларига

Итоат ҳам ибодатдир.

Муҳаммадга бўлсанг уммат,

Топай десанг элда ҳурмат,

Инсофли бўл, Нурмуҳаммад,

Диёнат ҳам ибодатдир!

Нурмуҳаммад НАЗАРОВ,
Чироқчи тумани

«Ҳидоят» журналининг 2021 йил 9-сонидан олинди

  • Madrasam

    Tarovati go’zal bog’ligim Sen-la doim vaqti chog’ligim Qayda bo’lm…
  • Савоб

    Авжи саратонда ҳансираб, ёниб, Қоврилиб оловли йўллар тафтида, Муздайин булоқдан сув ичгач…
  • Одамларга “не”лар бўлмоқда

    Дунё қизиқ кўряпмиз секин, Кимдир сўзим оғир олмоқда. Кимларгадир тамошо текин, Одамларга …
Load More In АДАБИЁТ