АҲЛИ АЁЛИ УЧУН САРФ-ХАРАЖАТ ҚИЛИШ

0
26

Ҳар бир ҳақиқий эркак аҳли аёлим молиявий жиҳатдан бекам-у кўст, кенгчиликда ҳаёт кечирсин, деб яшайди. Бироқ ўз аҳли аёлининг шаръий эҳтиёжларини қондириш йўлида пул сарфлаш ўта савобли амал эканлигини жуда кам одам билади.

Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламдан келган ҳадисда ўз аҳлига қилинган сарф-харажат бошқа савобли жойларга ишлатилгандан афзалроқ эканлиги айтилади.

عن أبي هريرة رضي الله عنه قال قال رسول الله صلى الله عليه وسلم دينار أنفقته في سبيل الله ودينار أنفقته في رقبة ودينار تصدقت به على مسكين ودينار أنفقته على أهلك أعظمها أجرا للذي أنفقه على أهلك . رواه المسلم

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Росуллуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ йўлида сарфланган бир диноринг, қул озод қилишга ишлатилган бир диноринг, мискинларга садақа қилган бир диноринг орасида энг ажри улуғи ўз аҳлингга сарфлаганингдир”, деб айтдилар. (Имом Муслим ривояти)

Демак, инсон ўз аҳлига сарфлаган маблағи ортида жуда улкан савоб борлигини англаб, шу ниятда сарф қиладиган бўлса, бу саъй-ҳаракатлари бошқа садақа ва хайрлардан афзалроқ бўлар экан. Чунки, аҳлига нафақа қилиш фарз амал, бошқа савобли эҳсонлар эса нафл ҳисобланади. Фарз амалнинг савоби нафлникидан юқори бўлишида ҳеч шубҳа йўқ.

Аллоҳ таоло барчамизга ҳаракоту-саканотимизда Ўзининг розилигига мувофиқ ҳаёт кечиришимизни насиб этсин! Аҳли аёлимизнинг шаръий заруриятларини таъминлашга Ўзи тавфиқ берсин!

 

Муҳаммад Тақий Усмонийнинг “Енгил амаллар” китоби асосида “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Ойбек Сотторов тайёрлади.

Load More In МАҚОЛАЛАР