АҲЛИ ҲАДИС ВА АҲЛИ РАЙЛАР

0
152

«Салафийлар»да аҳли сунна ичидан хусусан ҳанафий мазҳаби уламоларини «асҳоби рай», «аҳли рай» (динда нақлга эмас ақлга суянувчи ўзбошимчалар деган маънони англатувчи) каби номлар билан камситиш одати бор. Замондошимиз муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ уларга «Усул ал-ифта ва одобуҳ» номли рисоласида қисқа ва лўнда раддия бериб ўтган. Қуйида ўша раддиянинг таржимаси:

Тобеин ва табаъа тобеинлар даврида турли-туман фиқҳий саволлар пайдо бўла бошлагач, катта уламолар жамоаси шаръий манбалардан бор куч-ғайратларини сарфлаб фиқҳий ҳукмлар чиқаришга, халққа таълим бериш ва китоблар ёзишга киришиб кетдилар. Жараёнда уламолар икки қисмга бўлинди. Бир қисмки, уларнинг бош мақсади ҳадис ва хабарларни, ундан қатъий ҳукм чиқаришга киришмасдан, ёки қисман ундан ижтиҳод қилиб чиқарилган ҳукмларни ҳам зикр қилиб фақат ривоят қилиш билан шуғулланди. Булар «Аҳли ҳадислар» деб номланди. Яна бир қисмки, улар ҳадис ривоятига киришмади, балки ўзларини шаръий манбалардан ижтиҳод ила ҳукм чиқаришга бағишлашди. Ҳадис ривоятига эса фақат зарурат юзасидан, бирор фиқҳий масалага далил исташ вақтларидагина юзланишар эди. Булар «аҳли рай» деб номланди.

Ўша давр уламоларининг машғулотларидан келиб чиқиб берилган бу номларга баъзи инсонлар алданиб қолишди ва «аҳли ҳадислар» қиёсни шаръий ҳужжат ўрнида қабул қилишмайди, «аҳли рай» эса ўз рай (фикр)ларини шаръий ҳужжатлардан олдинга қўйишади, деб ўйлашар эди. Аслида эса ҳақиқат бошқача эди. Уламоларнинг бу икки ном остида икки қисмга ажралишлари уларнинг мутахасислиги, асосий қиладиган машғулотлари юзасидан эди холос. Ҳа, уларнинг ҳаммаси, фақат ҳадис ривояти билан шуғулланган аҳли ҳадислари ҳам, фақат ижтиҳод билан шуғулланган аҳли райлари ҳам китоб ва суннат матнларини қиёс ва ижтиҳоддан устун кўришар эди.

Жуда кўпчилик эса «аҳли рай» исмидаги «рай» (фикр) сўзини нотўғри тушуниб, бу ердаги “рай” сўзи фақат мантиққа асосланган шахсий қарашлар деб ўйлашди. Ҳақиқат эса бошқача эди. Бу номдаги «рай» сўзи ижтиҳодда энг асосий ҳужжат саналмиш ҳадисдан, яъни, Муоз розияллоҳу анҳунинг ҳадисидаги « اجتهد برأيى» (ўз райим билан ижтиҳод қиламан) деган иборадан олинган эди. Ҳазрати Муознинг бу сўзидан Қуръон ва суннатда далили келмаган масалани далили келган бошқа масалага таққослаб ҳукм чиқариш кўзда тутилади. Зотан, халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуга ёзган мактубидан шу маъно маълум бўлади. Унда Умар розияллоҳу анҳу «Муоз ибн Жабал» ҳадисини зикр қилгач, шундай ёзган: «Қуръон ва суннатда сенга етиб келмаган масалалар ечимида фаҳмингни ишга сол. Дастлаб бир-бирига ўхшаш масалаларни яхшилаб билиб ол. (Китоб ва суннатдан далили бор ва далили йўқ, бир-бирига ўхшаш масалаларни билиб ол). Кейин бирини иккинчисига таққослаб қиёс йўли ила ечим бер. Бунда Аллоҳ ва Расулига муҳбуброқ деб билганингни танла». (Имом Байҳақий Идрис ал-Авдийдан ривоят қилган).

Ҳа, аҳли рай уламолари ўз қарашларини китоб ва суннатдан асло устун қўйишмаган. Биласизми, аҳли рай ичида энг донгдори имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг мана бу сўзини Вакиъ раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган: «Баъзи қиёсларидан кўра масжидга бавл қилган яхшироқ». (Бу гапда имомимиз Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ китоб ва ё суннатдан далили бор масалага бу иккиси қолиб рай билан қиёслаб ечим топганларни назарда тутган. Тарж).

Ҳофиз ибн Абдулбар раҳимаҳуллоҳ Ҳасан ибн Солиҳдан қуйидагича ривоят қилган: «Нўмон ибн Собит илмда жуда пухта эди. Агар унинг наздида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саламдан бирор ҳадис ишончли деб топилса, буни қўйиб бошқа далилга асло юзланмас эди».

Яна шуни ҳам яхши билиш лозимки, баъзилар «Аҳли рай» деганда фақатгина ҳанафийларни тушунади. Бу нотўғри. Бу ном ўзларини шаръий манбалардан ҳукм чиқаришга баҳшида этган барча фақиҳларга нисбатан айтилган. Масалан бу номни Моликийларга нисбатан қўлланганини ҳам кўриш мумкин. Моликий мазҳабининг йирик олимларидан ибн Абдулбар раҳимаҳуллоҳ ўзининг «Муватто»га ёзган шарҳини «ал-Истизкар лима тадаманнаҳу ал-Муватто мин маъони ар-рай вал-асор» (Муватто асари ўз ичига олган ҳадис ва рай маъноларини ёдга олмоқ) деб номлаган. (давоми бор…)

Билим юрти мударриси Б.Тожибоевнинг ““Салафий”ларга илмий раддиялар” китобидан

Билим юрти матбуот хизмати

Load More In МАҚОЛАЛАР