АҲЛИ СУННА ЭЪТИҚОДИДА “РИЗҚ” МАСАЛАСИ

0
19

Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида қўлга киритган тарихий ютуқлари янада янги ва баланд марраларни эгаллаш учун мустаҳкам замин ҳозирлади. Маънавий-диний қадриятларни тиклаш ва миллий ўзликни англаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Шу жумладан, ислом динининг маърифий асосларини, аждодларимизнинг бемисл илмий меросини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилди. Фарғона диёрида яшаб ўтган уламолардан бири Маҳмуд ибн Зайд Ломиший (ваф. 522/1128 й.) ҳам ўзидан салмоқли илмий мерос қолдирган ана шундай аждодларимиз сирасига киради. Олимнинг илмий асарлари орасида “ат-Тамҳид ли қоваъид ат-тавҳид” китоби алоҳида аҳамият касб этиб, ақида илмига оид муҳим манба саналади.

“Тамҳид” асари XII асрда ёзилган бўлиб, ўзида мотуридия таълимоти қарашларини акс эттирган. Асарда ақида илмининг тавҳид, Аллоҳнинг исм ва сифатлари, рисолат ва нубувват, авлиёларнинг кароматлари, ризқ, шафоат, қазо ва қадар каби масалалари баён этилган. “Тамҳид” асарининг ўзига хос жиҳатларидан бири сифатида унда баён этилган ҳар бир масала юзасидан мўътазила, қадарий, жабарий, қарматий, карромий, мужассима,  рофизийлар каби адашган фирқаларнинг қарашлари баён этилиб, уларга аҳли сунна ақидаси бўйича ақлий ва нақлий далиллар асосида раддиялар берилганини келтириш мумкин.

Тарихда мавжуд бўлган, бир муддат давлат мафкураси даражасигача

кўтарилган муътазилийларнинг ризқ борасидаги қарашлари жамият аъзолари ўртасида носоғлом ақидани шакллантиришга уриниш бўлган. Айниқса, муътазилийларнинг ҳалол ва ҳаром каби тушунчаларни ўз ғоялари доирасида талқин этишлари, “ҳаром ризқ” тушунчасини рад этишлари, бандалар ризқларининг Аллоҳнинг наздида ҳисоби маълум эмаслиги каби ғоялари аҳли сунна эътиқодига зид саналади. Мотуридия таълимотига кўра ҳалол ҳам, ҳаром ҳам ризқ бўлиб, уни аҳли сунна уламоларининг мутлақ кўпчилиги ўз асарларида алоҳида таъкидлаб ўтган. Шунингдек, аҳли сунна наздида ризқлар тақсимланган ва белгилаб қўйилган бўлиб, у тақводорнинг тақвоси ёки фожирнинг гуноҳи туфайли камаймайди.

Муътазилийлар фикрича ҳаром ризқ Аллоҳдан эмас, балки банданинг феълидир. Бунда банда ўз амали билан ҳаром ризққа эришган бўлади. Аҳли сунна эътиқодида эса ҳаром ризқ ҳам Аллоҳдан бўлади. Бироқ банда ризқ топишда ҳаром феълни қилгани учун жазога ҳақли бўлади.

Маҳмуд Ломишийнинг “Тамҳид” асарида бу борада: “Аҳли сунна наздида ҳаром ҳам ризқ ҳисобланади. Чунки “ризқ” сўзи луғавий жиҳатдан таомни ҳам, озиқ-овқатни ҳам, мулкни ҳам ифодалайди. Озиқ-овқат ва бошқа егуликлар ҳалол ҳам, ҳаром ҳам бўлиши мумкин. Баъзи инсонларнинг умри давомида фақат ҳаром луқма билан озиқланганини кўрамиз. “У дунёдан Аллоҳнинг ризқидан емай ўтиб кетди. Аллоҳ унинг Розиқи эмас”, — деган гапдан ҳам қабиҳроқ сўз борми?”, — дейилади. Шунингдек, мазкур мавзуга доир маълумотларни қувватлаш мақсадида Қуръони карим “Ҳуд” сурасининг 6-оятини далил сифатида келтириб ўтади.

Шунингдек, муаллиф муътазилийларнинг ризқ масаласидаги даъволарига раддия билдириб қуйидагиларни таъкидлаб ўтади: “Муътазилийлар “ҳаром ризқ эмас” деб даъво қилишади. Чунки улар ризқ сўзини мулк маъносида изоҳлашади. Шунга кўра инсон бошқанинг ризқини ейиши, ўзгалар ҳам унинг ризқини ейиши мумкин. Биз айтамизки: Ризқ сўзини фақат мулк маъносида тушуниш ҳеч қандай асосга эга эмас. Масалан, чорва ҳайвонлари ҳеч қандай мулкка эга эмас, бироқ Аллоҳ уларга ҳам ризқ бериши кундай равшан. Агар бу сўзга эътироз билдирилса Қуръони каримнинг “Ерда ўрмаловчи бирор нарса(жонзот) йўқ-ки, унинг ризқи (таъминоти) Аллоҳнинг зиммасида бўлмаса!” оятига зид бўлиб қолади. Аллоҳнинг каломини бузиб талқин қилишдан У зотнинг ўзидан паноҳ сўраймиз”.

Демак, “ризқ” сўзи фақат “мулк” маъносини эмас, балки “озиқ-овқат, егулик” маъносини ҳам ифода этади. Муътазилийлар наздида бир банда Аллоҳ бошқага берган ризқни ейиши ёки уни ўша ризқдан тўсиб қўйиши мумкин. Аҳли сунна эътиқоди бўйича эса инсон бундай ишларга қодир эмас, деб ҳисобланади.

Ризқнинг ҳалол ёки ҳаромга тақсимланиши борасида Сўфи Оллоҳёр ҳазратлари шундай дейди: “Ризқ хоҳ ҳалол бўлсун ва хоҳ ҳаром, ул Худодиндир. Аммо емакда ва олмакда ихтиёрни бандага берибдур. Ҳаромга азоб, ҳалолга савоб топар”.

Демак, аҳли сунна вал жамоа уламолари наздида ҳалол ҳам, ҳаром ҳам бирдек ризқ ҳисобланади. Ўша ризқни излашда ва унга эга бўлишда банда тутган йўл ҳалол-ҳаромлигини белгилаб беришда асосий омил ҳисобланади.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Маҳмуд Ломишийнинг “Тамҳид” асари ҳанафий-мотуридий ақидаси борасида ёзилган асар бўлиб, унда ёритилган масалалар, шу жумладан, ризқ масаласи нафақат тарихда, балки бугунги кун учун ҳам аҳамиятлидир. Ғоялар кураши авж олган ҳозирги даврда аҳли сунна таълимотини ўрганиш ва уни изчил тадқиқ қилиб бориш жамият барқарорлигига раҳна солаётган турли ақидапараст оқимларнинг нотўғри қарашларига қарши тура олишда, ёшларда соғлом дунёқарашни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.

 

Маънавий-маърифий ишлар бўйича

мудир ўринбосари Абдулло ҒУЛОМОВ

 

Фойдаланилган адабиётлар:

  1. Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. – Т.: ТИУ, 2012. – 624 б.
  2. Маҳмуд Ломиший. Ат-тамҳид ли қоваъид ат-тавҳид(Абдулмажид Туркий таҳқиқи). – Байрут: Дар ал-ғарб ал-исламий, 1995. – 262 б.
  3. Саъдуддин Тафтазоний. Шарҳ ал-ақоид ан-насафия. – Т.: Мовароуннаҳр, 2018. – 400 б.
  4. Умар ибн Исҳоқ Ғазнавий. Шарҳ ақида ал-имам ат-Таҳовий. – Т.: Мовароуннаҳр, 2018. – 192 б.
  5. Мулла Али Қорий. Шарҳ ал-фиқҳ ал-акбар. – Байрут: Дар ан-нафоис, 2019. – 271 б.
  6. Мулла Али Қорий. Шарҳ бадъ ал-амалий. – Истанбул: Дар ал-байрутий, 2017. – 192 б.
  7. Сўфи Оллоҳёр. Маслак ал-муттақин. – Т.: Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, 2016. – 496 б.
  8. Абул Юср Баздавий. Усул ад-дин. – Қоҳира: Ал-мактаба ал-азҳария лит-турос, 2003. – 271 б.
  9. Оқилов С. Калом илми(Ақоид). – Т.: Тошкент ислом университети, 2011. – 160 б.
  10. Абдулқодир Абдур Раҳим. Эътиқод дурдоналари. – Т.: “Шарқ”, 2016. – 480 б.
  • ЧУМОЛИДАН ИБРАТ ОЛСАК БЎЛМАЙДИМИ? (1-қисм)

      حَتَّى إِذَا أَتَوْا عَلَى وَادِي النَّمْلِ قَالَتْ نَمْلَةٌ يَا أَيُّهَا النَّمْلُ…
  • САЛИМ ҚАЛБ

    Бугунги кунимизда энг ноёб нарсалардан бири Қуръони Каримда келган салим қалбдир. Инсоннин…
  • ИЛМ ТАҚВОДОРЛАРГА БEРИЛАДИ.

    “Илм” – луғатда «идрок қилиш» маъносини билдиради. Истилоҳда эса нарсаларни воқеликда қанд…
Load More In МАҚОЛАЛАР