АЖДОДЛАР АҚИДАСИДА ИСЛОМГА ЗИД ЖИҲАТЛАР БЎЛСА НИМА ҚИЛМОҚ КЕРАК?

0
165

ТАҚДИМ

Яратган Роббимизга беҳад ҳамду санолар, пок шариат аҳкомлари ила умматни ҳидоятга чорлаган Расулимизга чексиз саловат ва саломлар, Расулуллоҳ жанобларига жонфидо бўлган саҳобалар, уларга яхшиликда эргашган тобеин ва табаа тобеинларга мағфирату ризвонлар, ҳақ йўлида жасоратли бўлган, шариат риояси олдида ҳеч кимдан қўрқмаган мардона олиму фозилларга ҳамиша салоҳият ва камолот бўлсин!
Аслида Ислом шариати инсоният манфаатлари йўлида метиндек мустаҳкам асос—китоб ва суннат устига барпо этилган беқиёс қонундир. Динимизга бегона ҳар қандай ибодат тусидаги амал кимлар томондан жорий этилган бўлишидан қатъий назар мардуддир.
Муҳтарам ўқувчи, афсуски, аждодларига “содиқлик” ва “эҳтиром” рамзи сифатида улардан қолган баъзи хурофий расм-русумларга таассуб қилиш ҳолатлари кундалик ҳаёт воқелигида тез-тез дуч келадиган оддий ҳолга айланиб кетди. На китобдан, на суннатдан ва на мазҳабимиз мужтаҳидларининг қавлларидан далили бўлмаган бидъатлар бугун суннат бўлиб тусланмоқда. Уммат “аждодларимиз бекорга қилишмагандир, уларнинг одатини тарк этиш уларга нисбатан беодобликдир” ва ҳоказо важ-карсонлар билан ўралашиб, бидъат амалларни гўё ибодат даражасига олиб чиқишдек таназзул ҳолатига тушди. Ўликхона-ю тўйхоналар бидъат хурофотларга тўлиб кетди. Эътироз билдирганлар эса аждодлар йўлидан юз бурган беадабга айланди.
Фақирингиз муаллиф мақолани ўқиган “ота-бобомчилар” тарафдан турли танқид ва маломат тошларига нишон бўлишини шубҳасиз англаб турган бўлишига қарамасдан  ушбу хайрли ишга яхши ният ва ва савоб умидида жазм айлади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони азимда марҳамат айлагай:
يَا بُنَيَّ أَقِمِ الصَّلَاةَ وَأْمُرْ بِالْمَعْرُوفِ وَانْهَ عَنِ الْمُنكَرِ وَاصْبِرْ عَلَى مَا أَصَابَكَ إِنَّ ذَلِكَ مِنْ عَزْمِ الْأُمُورِ
Эй ўғилчам, намозни тўкис адо қил, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтар ва ўзингга етган мусибатга сабр қил! Албатта, булар азм этилажак ишлардандир. (Луқмон/17).
Ушбу кичик мақолада шариатга хилоф бўлишига қарамасдан ота-боболардан қолган айрим ана шундай хурофий расм-русумларга таассубона ёпишиб “ота-бобом ақидаси”га гирифтор бўлганларнинг ҳукми ҳақида сўз боради.
ТАЪРИФ
Янада аниқроқ таъриф бериб айтсак: “Ота бобом” ақидаси бу — Ота боболари бажариб келган ношаръий урф-одатларга ибодат тусини бериш, шариатга тобе бўлиш ўрнига аждодлар одатига қарамлик, шариат билан урф одат бир-бирига зид келиб қолган вазиятларда “биз аждодларимиз йўлидан юрамиз” деб ўз истакларига таассуб қилиш ҳолатларидир.
ТАРИХ
Ер юзида инсоният яралибдики Аллоҳ тарафдан юборилган барча расул ва пайғамбарлар ўз қавмини Аллоҳ таоло жорий этган шариатга чақириб, ота-боболаридан қолган куфрий ақидалардан воз кечишга даъват этганлар. Буюк тарихдан улуғ ҳақиқатларни сўйловчи Қуръони каримда “ота-бобом” ақидаси туфайли залолатга кетган қавмлар ҳақида кўплаб қиссаларни кўрамиз.
Масалан, дастлабки пайғамбарлардан ҳазрати Нуҳ алайҳиссаломни Аллоҳ таоло элчи этиб юборди. У қавмини якка Алоҳга ибодат қилиш ва ҳаромдан тақво қилишга чақирганида улар қулоқ солишмади. Балки ҳазрати Нуҳни менсимадилар, Улар ота-боболаридан Нуҳ тарғиб қилаётган дин ҳақда ҳеч қандай маълумот олмаганларини пеша қилишиб, аждодларига хилоф қилган Нуҳ пайғамбарни шуҳратпарастга чиқаришди. Улар ҳақидаги қиссани Қуръонда шундай тасвирланган:
فَقَالَ الْمَلَأُ الَّذِينَ كَفَرُوا مِن قَوْمِهِ مَا هَذَا إِلَّا بَشَرٌ مِّثْلُكُمْ يُرِيدُ أَن يَتَفَضَّلَ عَلَيْكُمْ وَلَوْ شَاء اللَّهُ لَأَنزَلَ مَلَائِكَةً مَّا سَمِعْنَا بِهَذَا فِي آبَائِنَا الْأَوَّلِينَ
Бас, унинг қавмидан куфр келтирган зодагонлари: “Бу сизга ўхшаш башар, холос, сиздан афзал бўлиб олмоқчи. Агар Аллоҳ хоҳласа, фаришталарни туширар эди. Аввалги ота-боболаримизда буни эшитган эмасмиз”. (Мўминун сураси 24).
Ҳазрати Нуҳнинг бошига тушган бало пайғамбарлар отаси Иброҳим алайҳиссаломни ҳам кўп қийнаган. Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломни тўғри йўлга ҳидоят қилди. Ҳақ билан ботилни фарқига борган ўғил отаси ва у каби эътиқод қилувчи будпараст қавмига уларнинг хатосини очиқ айтишга ўзида жасорат топди.

Улар эса ота-боболарининг ботил анъаналари ва диний расм-русумларига содиқ қолишни таъкидладилар. Ҳаққа юрмадилар. Шунда Иброҳим алайҳиссалом уларга қарата: “шу кўйда қолар экансиз сизлар ҳам ва сизларга шундай тарбия бериб кетган ота-боболарингиз ҳам очиқ-ойдин залолатдасизлар”— деб уларнинг айбини юзларига солди. Бу ҳақда Қуръонда шундай ҳикоя қилинган:
إِذْ قَالَ لِأَبِيهِ وَقَوْمِهِ مَا هَذِهِ التَّمَاثِيلُ الَّتِي أَنتُمْ لَهَا عَاكِفُونَ (52) قَالُوا وَجَدْنَا آبَاءنَا لَهَا عَابِدِينَ (53) قَالَ لَقَدْ كُنتُمْ أَنتُمْ وَآبَاؤُكُمْ فِي ضَلَالٍ مُّبِينٍ (54)
Ўшанда у отасига ва қавмига: “Манави сиз ибодатига берилаётган ҳайкаллар нима ўзи?” деган эди. (52) Улар: “Ота-боболаримизни уларга ибодат қилган ҳолларида топганмиз”, дедилар. (53) У: “Батаҳқиқ, сиз ҳам, ота-боболарингиз ҳам очиқ-ойдин залолатдасизлар”, деди (54). (Анбиё сураси 52-53-54 оятлар).
Тарихан жуда узоқларга бориб қадалувчи “ота-бобом”чилар ҳар бир даврда топилган. Улар билан кураш олиб боришга буюрилган пайғамбар ва расуллар зиммаларидаги муҳим масъулиятли вазифалари ўлароқ ўз қавми ичидаги бобокалонларининг эътиқодига қарам бўлиб қолган кофир “ота-бобом”чиларга қарши мардонавор илмий ва амалий чоралар кўриб умрини ўтказганлар. Лекин шунга қарамасдан улар ҳар бир даврда мавжуд бўлиб қолаверган.
Шу қаторда собиқ биродарлари каби пайғамбарлар сўнггиси ҳазрати Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам жанобимиз ҳам “ота-бобом”чи мушрикларни тўғри йўлга бошлаш ғамида яшаб ўтганлар.
Жоҳилят даврида араблар ичида “Баҳира”, “Саиба”, “Васила” ва “Ҳам” деган одатлар бўларди. Бирор туя беш марта бола туғиб охиргиси эркак туғилса шу она туянинг қулоғини кесиб белги қўйишар ва озодликка қўйиб юборишарди. Уни миниш, сутини соғиш, сўйиб гўштини ейиш ҳаром эди. Шунингдек,  ишлатиш мумкин эмас магар бут-санамлар хизмати учунгина фойдаланишар эди. Бу туя жоҳилятда “баҳира” дейиларди.
Агар бирор бемор бўлгани: “дардимга даво топилса бир туяни қўйиб юбораман” деб назр қилса ва шу сабаб эркинликка қўйиб юборилса, ўша туя жоҳилят даврида “саиба” дейилар, уни ейиш, ишлатиш ҳаром эди. Хоҳлаган еридан сув ичиши ва хоҳлаган майсазоридан ўтлашига монелик қилинмасди.
Жоҳилят арабларининг эътиқодига кўра урғочи туғилган қўзи ўзларига қолиб, эркак туғилган қўзилар бутлар учун қурбонлик қилинарди. Мабодо бир қўчқор ва бир совлиқ эгиз туғилса совлиқ қўзини “васила” дейишарди. Яъни ўзига қўчқорни улаб туғилган совлиқ қўзи. Бу қўчқорни ҳатто олиҳалари учун сўйиш ҳам ҳаром ҳисобланар, балки урғочилари билан бирга қўйиб юборилар эди.
Агар бирор эркак туядан ўн марта насл олишса бу туя бошқаларига нисбатан олиймақом бўлиб уни ҳам миниш ҳаром саналарди. Буни “ҳам” деб аташарди.
Шу одатларнинг ҳаммаси жоҳилят арабларига ота-боболаридан қолган ибодат тусидаги сарқит одатлар эди. Улар юқоридаги каби жониворларни ўзларича  муқаддаслаштириб олишган эди. Ислом бу одатларни қабул қилмади, бекор қилди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди:
وَإِذَا قِيلَ لَهُمْ تَعَالَوْاْ إِلَى مَا أَنزَلَ اللّهُ وَإِلَى الرَّسُولِ قَالُواْ حَسْبُنَا مَا وَجَدْنَا عَلَيْهِ آبَاءنَا أَوَلَوْ كَانَ آبَاؤُهُمْ لاَ يَعْلَمُونَ شَيْئاً وَلاَ يَهْتَدُونَ
Уларга: “Аллоҳ нозил қилган нарсага, Пайғамбарга (унинг атрофига бирлашиб, унга тобе бўлиб) келинглар”, дейилса, “Бизга ота-боболаримизни нимани устида топган бўлсак, ўша етарли”, дерлар. Агар ота-боболари ҳеч нарсага ақли етмайдиган ва ҳидоятга эришмаган бўлсалар ҳам-а?! (Моида сураси 104).

Билим юрти мударриси:
Ботиржон домла Тожибоев

Load More In МАҚОЛАЛАР