АЛЛОҲ БЕМАКОНДИР

0
248

«Салафийлар»нинг Аллоҳ таолога улув жиҳати ва макон исбот қилишлари ва унга раддия

«Салафийлар»нинг хос ақидаларидан бири «Аллоҳ осмонда, Аршнинг устида қарор топган» деган бузуқ ақидадир. «Салафийлар» Аллоҳ таолонинг Зотига нисбатан жиҳат исбот этишади. Яъни Аллоҳ таоло юқорида, тепада деб ишонишади ва бошқаларга ҳам шу ақидани сингдиришга уринишади. Улар таянган далил қуйидагича. Аллоҳ Қуръони каримда бундай дейди:

الرحمن على العرش استوى

«Раҳмон Аршга истиво қилди» (Тоҳа сураси, 5-оят).

Худди шу оятдаги «истиво» сўзи «истиқрор», яъни «ўрнашмоқ, жойлашмоқ» маъносидадир. Шунга кўра Аллоҳ Аршнинг устида унга жойлашган, деб эътиқод қиламиз. Чунки оят зоҳири шуни тақозо этмоқда.

«Салафийлар»га аҳли суннат уламолари тарафидан қуйидагича раддия берилади:

Биринчидан, Аллоҳ таоло ибтидосиз қадим Зот. Олам яратилган ҳодисдир. Арш эса шу оламнинг бир қисми ҳисобланади. Агар «салафий»лар айтганидек, «Аллоҳ Аршнинг устида ўрнашган» дейилса, «Аллоҳ кейин пайдо бўлган ҳодис нарсанинг устига жойлашган» деган хулоса келиб чиқади. Бу мантиқан мутлақо хато. Чунки ибтидосиз қадим бўлган Зот Аллоҳнинг кейин пайдо этилган ҳодис нарсанинг устида жойлашиши мантиқсизлик ва Аллоҳнинг улуғ шаънига нисбатан бузуқ эътиқод ҳисобланади.

Иккинчидан, Аллоҳ Аршдан олдин ҳам мавжуд эди. Арш эса кейин яратилган. Агар «Аллоҳ Аршга жойлашган» дейилса, «Аллоҳ Аршга муҳтож» деган тушунча келиб чиқади. Аслида эса Аллоҳ ҳеч нарсага муҳтож бўлмаган ягона қодир Зотдир. Ёки «Арш ҳам азалдан Аллоҳ билан ибтидосиз қадим» деган тушунча келиб чиқади. Бу ҳам асли йўқ, ботил тушунча.

Учинчидан, Аллоҳ азалдан, Аршу само яралишидан олдин маконсиз Зот бўлган. Агар «Арш яратилгач, Аллоҳ Аршга ўрнашди» дейилса, «Аллоҳ кейинчалик ўзгарган экан. Арш яратилишидан олдин маконга эҳтиёжи бўлмаган, Арш ва само яралгач эса Аллоҳ Аршга муҳтож бўлган, яъни асли ҳоли ўзгарган» деган ботил тушунча келиб чиқади. Ўзгарувчанлик Аллоҳнинг улуғ шаънига номуносиб сифатдир.

Тўртинчидан, агар Аллоҳ Аршга жойлашган дейилса, бундан келиб чиқадики, Аллоҳ ёки Арш билан баробар, ёки ундан кичикроқ, ёки каттароқ бўлади. Бу тушунча ҳам Аллоҳ таолонинг шаънига нолойиқ ботил тушунчадир.

Бешинчидан, улар суянган далилларга келсак, у оятга аҳли суннат уламолари тарафидан қуйидагича тафсирлар айтилган:

Улуғ тобеин Абу Муҳаммад Саъийд ибн Мусайяб ибн Ҳазн Махзумий раҳматуллоҳи алайҳи (ваф. 94-ҳижрий) айтади:

نقول: استوى بلا كيف ولا نثبت مكان لأن الله كان قبل خلق المكان والآن على ما كان قبل

«У зот «қаердалик»сиз истиво қилган деймиз. Маконни исбот қилмаймиз. Чунки Аллоҳ маконни яратишидан олдин ҳам бор эди ва ҳозир ҳам олдин қандай бўлса, ўшандекдир» (Абул Қосим Ҳиндий, Ал-Баён фий шарҳи сифотир Раҳмон).

Улуғ саҳоба Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу бундай деганлар:

كان الله و لا مكان و هو الآن على ما كان

«Аллоҳ таоло бирор макон ҳали мавжуд бўлмаган вақтда ҳам бор эди, У олдин қандай бўлса, ҳозир худди ўшандайдир» (Абу Мансур Бағдодий, Ал-Фарқу байнал фирақ).

«Салафийлар»нинг айни мавзудаги ақидасига қарши салаф ва халаф уламоларининг сўзларидан юзлаб далиллар келтириш мумкин. Аммо юқоридаги жавоблар етарли деб умид қиламиз.

Хулоса шуки, «салафийлар» эътиқодда қўпол хатога йўл қўйиб, тўғри йўлдан тойган тоифадир. Уларга эргашиш жаннат йўлидан четга чиқиш дегани. Аллоҳ барчамизни ҳақ йўлда, тўғри эътиқодда собитқадам қилсин!

 

 

Билим юрти мударриси Ботиржон домла Тожибоев

“Салафийларга илмий раддиялар” номли китобидан.

 

Билим юрти матбуот хизмати.

Load More In МАҚОЛАЛАР