Аллоҳнинг Расулидан кейин ҳам ваҳий келяптими?

0
124

Мўминни энг кўп ўйлантирадиган, энг кўп ташвишга соладиган нарса бажараётган ибодатларидан ҳаловат неъматини топиш, унга эришиш масаласи, десак муболаға бўлмайди. Ҳар бир ибодат қилаётган мўмин ўзининг ҳолини яхши билади. Гоҳида шунчалик кўп ибодатлар билан машғул бўлсак-да, кўнгил бажарган ибодатларимиздан таскин топмайди, хотиржамлик туймайди. Аксинча, шайтон васвасасидан қутилиш қийин кечади. Мана шундай таҳликали ҳолатлар баъзан мўмин устидан шайтон ва тарбия топмаган нафснинг ғалабаси билан якун топади. Яъни мўмин бажараётган ибодатларидан ҳаловат ололмаганидан кейин бора-бора ибодатларни тарк этишгача ҳам бориб қолади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иймон ҳаловатини топиш борасида, унинг йўллари, қоидалари ҳақида жуда ҳам кўп тавсиялар берганлар. Масалан, ота-онага хизмат қилиш, уларни розилигини топишда ҳам қалб ҳузур топиши, хотиржам бўлиши ҳақида айтиб ўтилади. Қарангки, мўмин учун энг зарур бўлган иймон ҳаловатини топиш йўлларидан бири ҳам нигоҳни сақлаш одобининг ичига яшринган экан.
Имом Табарий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси қудсийда: «Албатта, (номаҳрамга) назар қилиш иблиснинг заҳарланган ўқларидан биридир. Ким Мендан қўрқиб, у (назар)ни тарк қилса, бадалига бир иймон бераманки, унинг ҳаловатини ўз қалбида топади», дейилган.
Имом Аҳмад Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси бир мусулмон бир аёлнинг гўзалликларига назари тушсаю, сўнгра кўзини олиб қочса, албатта, Аллоҳ уни шундай ибодатга алмаштирадики, унинг ҳаловатини топади», деганлар.
Аллоҳнинг меҳрибонлигини қарангки, бизнинг наздимизда оддий амал бўлиб туюлган кўзни номаҳрамлардан олиб қочишлик Аллоҳ томонидан жуда катта мукофот – «иймон ҳаловати» билан қарши олинмоқда. Демак, “нигоҳни сақлаш” қоидасининг қадр-қиммати ҳам жуда баланд экан. Бу масалада иккиланиш мўмин кишига ярашмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “кўзингизни номаҳрамдан сақланг, шунда иймон ҳаловатига эришасиз!” дедиларми, демак бу ҳақиқат. Мўмин учун бу дунёда иймон ҳаловатини топишдан ҳам лаззатлироқ нима бўлиши мумкин? Бундай иймон ҳаловатига эга инсонларнинг ботиний ҳоллари ҳам нақадр гўзал ва шаффоф бўлишини Ислом тарихидаги машҳур сиймолар мисолида кўришимиз мумкин. Имом Қушайрий роҳимаҳуллоҳнинг «Рисолаи Қушайрия»сида Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу билан бўлиб ўтган воқеъа ривоят қилинади.
Бир куни Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг ёнига кетиб туриб, кўзи кўчадаги бир номаҳрамга тушиб қолади. Унинг чиройи хаёлини банд қилади. Шу хаёл билан ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг ёнига киради. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу унинг бу ҳолатини кўриб:
– Эй Анас! Кўзларингда зино изларини кўряпман, – дейди.
Гап нимада эканини дарҳол тушунган Анас розияллоҳу анҳу ҳайрат ва хижолат оҳангда:
– Аллоҳнинг Расулидан кейин ҳам ваҳий келяптими? – деб сўрайди. Шунда ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу:
– Йўқ, бу басират ва фаросатдир, – дейди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ён-атрофларида юриб, у зоти муборакнинг файзу барокотларидан қониб-қониб баҳра олган, одобу ахлоқларини камолотга етказган азиз саҳобийларнинг (Аллоҳ ҳаммаларидан рози бўлсин) ҳаёт тарзлари, одобу ахлоқлари кейин келадиган барча уммат учун энг намунали, энг ёрқин ўрнак бўлиб қолаверади.

Манбалар асосида:
Билим юрти мударриси:
Хайдарали домла Нормирзайев тайёрлади

Load More In МАҚОЛАЛАР