АВЛИЁЛАР ТАЪБИРИДА ВАТАН ТУШУНЧАСИ

0
46

Тасаввуф намоёндаларининг ибратли ҳаётлари биз учун катта тажриба мактаби ҳисобланади. Ундан ватан муҳаббати борасида баъзи парчаларни келтирамиз.

Шайх Нажмуддин Кубро раҳматуллоҳи алайҳ.[1]

Нажмуддин Кубро раҳматуллоҳи алайҳнинг яшаган даври ўта оғир, шиддатли ва мураккаб эди. Ўша вақтлар мўғулларнинг Марказий Осиёга қилаётган ҳамлалари кучайиб, Чингизхон аскарлари Мовароуннаҳрдаги йирик илм шаҳарларини бирин-кетин аёвсиз босиб олаётган эди. Чингизхон аввал Бухоро кейин Самарқандни вайрон қилади. 1221-йилнинг июл ойида Чингизхон аскарлари Хоразмга юзланади. Тарихчилардан Ибн Асир раҳматуллоҳи алайҳнинг таъкидлашича, Чингизхон юришлари ичида энг кўп аскарни Хоразмга жўнатган. Чунки Хоразм аҳолиси кўп эди. Ундан ташқари хоразмликлар шижоат ва матонат билан танилган эдилар. Ўртада аёвсиз жанг бўлди. Мўғуллар шаҳарни беш ой қамал қилиб туришди. Ҳар икки томон кўп қурбонлар берди. Лекин душман томоннинг талофати кўпроқ эди. Чингизхон яна ёрдам кучларини жўнатди.

Тарихчиларнинг ёзишича, Нажмуддин Кубро раҳматуллоҳи алайҳга  Чингизхон томонидан унга қўшилиш таклифи бўлганда, ўйлаб ўтирмай рад этган.

Ундан ташқари, Хоразмшоҳ у зотга олтмишга яқин шогирдлари билан шаҳардан чиқиб кетиш таклифи айтилганида кўнмаган. Шогирларига: “Сизлар кетаверинглар, мен душман билан олишаман”, деб шаҳарда қолган.

Душман шаҳарга киргач, Нажмуддин Кубро шайхининг хирқасини кийиб жангга кирган ва мўғул босқинчилари томонидан шаҳид этилган.

Нажмуддин Кубро ҳазратларининг шижоат, жавонмардлик ва ватанпарварлик каби эзгу ахлоқий сифатлари бизнинг замонимизда ҳам тарбиявий жиҳатдан ўз қийматини йўқотмаган, десак хато бўлмайди. У зотнинг ватанпарварлик сифатини намоён қилишлари бугунги кун ёшлари қалбида ватанпарварлик  ҳиссини янада оширмоғи тайин.

Абу Наъим[2] раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг “Ҳилятул авлиё” китобида Иброҳим ибн Адҳам[3] раҳматуллоҳи алайҳнинг Ватан ҳақида айтган сўзларини келтириб шундай дейди: “Ибодат билан машғул бўлдим. Мен ўзимда нафснинг ватанга интилишидан кўра шиддатли-оғир нарсани топмадим”. Яна бошқа сўзида: “Тарк этганларим ичида ватандан айрилиш шиддатини бирор нарсага ўхшата олмадим”.

Машҳур мутасаввиф олим Сўфи Аллоҳёр[4] раҳматуллоҳи алайҳ Ватан ҳақида қуйидагиларни айтади:

 Яқин  бил, кимни кўпроқ  айласанг ёд,

Бўлур   дўстунг   сани,   эй   одамизод.

Билур   ҳар   одам   ўғли  бўлса   уйғоғ,

Ватаннинг аслидур бизларға туфроғ.

 Сўфи Аллоҳёр ҳазратлари юқоридаги байтда бизга қуйидагиларни насиҳат қилмоқдалар.

Ўзини ҳазрати инсонга мансуб эканлигини даъво қилувчи ҳар бир ғафлат уйқусидан уйғоқ, сергак одам Ватан деганда — одамнинг лойдан яратилганига ишора қилиб — тупроқни тушунмоғи кераклиги уқтирилмоқда. Дарҳақиқат, инсоннинг асли тупроқдан яралган. Ким шу тупроқни қадрлар, Ватаним, деб ҳурматини жойига қўяр экан, билсинки, у инсон, аввало, бу билан ўзини, аслини ҳурмат қилаётир.

Ўзини, аслини ҳурмат қилмайдиганлар эса ўзгаларни ҳеч қачон ҳурмат қилмайди!

 

Равшанбек Ўринбоев,

“Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта

махсус ислом билим юрти мударриси

 

[1] Нажмуддин Кубро. Тўлиқ исми:  Абулжаноб Аҳмад ибн Умар ибн Муҳаммад Хивақий Хоразмий. Ҳижрий 540-йил (милодий 1145-1146) Хивақ шаҳрида дунёга келган. Муҳаддис ва сўфий бўлган. Кубравийя тариқати асосчиси. Ўз даврида жуда кўп валоятли шогирдлар етиштиргани учун “Валитарош”, яъни “Авлиё ясовчи” номи билан ҳам машҳур бўлган. Ёзган асарлари: “Ат-таъвилотун нажмийя” (тафсир), “Маназилус саилин”, “Фаватиҳул жамол”, “Минҳажус соликийн” ва бошқалар. Ҳижрий 618-йил сафар ойида юрт ҳимоясида мўғуллар билан бўлган жангда ҳалок бўлган. Ўзи қурдирган Работга дафн қилинган.

[2] Абу Наъим Асфаҳоний. Тўлиқ исми: Абу Наъим Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Аҳмад Исҳоқ ибн Мусо Ибн Меҳрон Асфаҳоний. Машҳур муаррих ва муҳаддислардан. Асфаҳонда 336-ҳижрий, 948-милодий санада туғилиб, 430-ҳижрий, 1038-милодий йилда ўша ерда вафот этган. Ёзган асарлари: “Ҳилятул авлия ва тобақотул асфия”, “Маърифатус саҳоба” ва бошқалар.

[3] Иброҳим ибн Адҳам. Тўлиқ исми: Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Мансур ибн Зайд ибн Жобир Ижлий Хуросоний Балхий. 718-781 йилларда яшаган. Ҳижрий 2-асрнинг энг улуғ тасаввуф шайхларидан. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ билан ҳам суҳбат қурган. У зот ҳақида Жунайд Бағдодий: “Иброҳим илмлар калиди”, деган.

[4] Сўфи Оллоёр раҳматуллоҳи алайҳ ҳақида маълумотлар жуда кам. Ҳаётини сўнгида Каттақўрғондан Хисорга яқин Даҳана номли жойга бориб ўша ерни маскан тутган. 1136-ҳижрий санада вафот этган. Ёзган китоблари: “Маслакул муттақийн”, “Муродул орифийн”, “Махзанул мутиъийн” ва “Саботул ожизийн”.

Load More In МАҚОЛАЛАР