БАНДАЛАРНИНГ ФЕЪЛЛАРИНИ КИМ ЯРАТАДИ?(1-қисм)

0
337

Ақида билмаган шайтона элдур,
Агар минг йил амал деб қилса елдур.
Сўфи Оллоҳёр

Ислом уламолари азал-азалдан ақоид масалаларига жиддий эътибор қаратиб келган ҳамда умматнинг эътиқоди саломат туриши учун бор куч ва қувватини ишга солганлар. Аммо шу билан бирга барча замон ва маконларда вақти-вақти билан ақоид масалаларида адашиб қолган бир тоифалар чиқиб туравердики, улардан мўътадил бўлганлари ҳақ йўлни билганларидан кейин унга қайтган бўлсалар, мўътадил бўлмаганлари адашишда давом этиб кетавердилар.

Инсонларни доим ўйлантириб ва адаштириб келадиган масалалардан яна бири шуки: “Инсон бир иш қилмоқчи бўлиб киришса, ўша феълни бажаришни ўзига ўзи яратиб оладими, ёки у бир ишга киришмоқчи бўлади-ю ўша феълни Аллоҳ таоло яратиб берадими?”, — деган масаладир. Таъкидлаб ўтиш керакки, инсон бир иш қилмоқчи бўлиб унга киришса, шу ҳолатда у ўзига ўша ишни қилишни ихтиёр қилган ва жузъий ихтиёрдан фойдаланган бўлади. Хоҳ у иши савоб иш бўлсин, хоҳ гуноҳ бўлсин, у ихтиёр қилиб бўлди, амалга оширганидан сўнг шунга у мукофот ё жазо олади, бизнинг бахсимиз эса мана шу танловдан кейин, ишни бажарилишини Аллоҳ яратиб берадими ё инсоннинг ўзими, шу хусусда.

Мотуридия таълимотида ёзилган ақоид фани китобларининг энг мўътабар ва катта аҳамият касб қилганларидан бири Имом Таҳовий раҳимаҳуллоҳнинг “Ақидатут — Таҳовийя” номли китобларидир. Имом Таҳовийнинг ушбу китобига бир қанча шарҳлар ёзилган бўлиб, уларнинг ичидаги энг гўзал услубда, содда ва лўнда ёзилгани Ҳасан ибн Турхон Иқҳисорий Ҳанафийнинг “Нурул яқин фи усулид-дин” китоблардир.

Ушбу китобда биз киришган мавзу ҳақида шундай дейилади:

Матн:

«و أفعال العباد – خلق الله»

“Бандаларнинг феъллари – Аллоҳнинг яратганидир”.

Шарҳ:

“Бандалар савоб ёки гуноҳ оладиган ихтиёрий амаллари – Аллоҳнинг яратганидир. Қуйидаги оятда бир ишни қилиш нисбатини бандага берилиши ҳақиқий маънодадир, чунки банда ўз ишларини ўзи бажаради. Бунга далил:

Аллоҳ таоло Ҳуд сурасининг 32 – ояти каримасида шундай деб марҳамат қилади:

فلا تبتئس بما كانوا يفعلون

“… уларнинг қилмишларидан қайғуга тушманг”.[1]

Шунингдек, Бақара сурасининг 197 – ояти каримасида:

و ما تفعلوا من خير يعلمه الله

“Нима яхшилик қилсангиз, Аллоҳ уни билади”[2].

 Мана шу ояти карималардан феълни бажариш нисбатини Аллоҳ таоло инсонларнинг ўзига берди. Аммо, у феълларни яратиб берувчи эса Аллоҳ таолодир. Чунки, яратишликда Аллоҳ таоло Ўзи якка-ю ягона Яратгувчидир. Зеро, Аллоҳ таоло Зумар сурасининг 62 – ояти каримасида:

ألله خالق كل شيء

“Аллоҳ барча нарсанинг яратгувчисидир”[3];

Соффат сурасининг 96 – ояти каримасида эса:

و الله خلقكم و ما تعملون

“Ҳолбуки, сизни ҳам қилган феълларингизни ҳам Аллоҳ яратган-ку”[4], — дея марҳамат қилади.

Имом Таҳовийнинг бу сўзларида мўътазилийларга раддия борки, улар тирик жонзодларнинг ихтиёрий бўлган амалларини барчасини ўзлари яратишади, деб айтишган эди. Бу гаплари билан эса улар Аллоҳдан ўзгаси ҳам  яратгувчи сифати билан сифатланади, деб айтган бўлиб қолишди.

 

 

Нажмиддинов Бахтиёр,

Андижон “Саййид Муҳйиддин махдум”

ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

 

[1] “Ҳуд” сураси, 36 – оят. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Қуръони карим”(Маънолар таржимаси),  Тошкент, “Шарқ” нашриёти, 2008.

[2] “Бақара” сураси, 197 – оят. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Қуръони карим” (Маънолар таржимаси),  Тошкент, “Шарқ” нашриёти, 2008.

[3] “Зумар” сураси, 62 – оят. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Қуръони карим”(Маънолар таржимаси),  Тошкент, “Шарқ” нашриёти, 2008.

[4] “Соффат” сураси, 96 – оят. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Қуръони карим”(Маънолар таржимаси),  Тошкент, “Шарқ” нашриёти, 2008.

Load More In МАҚОЛАЛАР