БОҚИЙСАН, ИФТИХОРИМСАН, ОНА ТИЛИМ!

0
126

“Ҳар бир миллатнинг дунёда борлигини кўрсатадурган ойнаи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур”. (Абдулла Авлоний) 

Она тили – миллатнинг руҳи, унинг ор-номуси, маънавий қиёфаси, орзу-умидларининг намунасидир. Она тили миллатнинг бирлиги ва бирдамлигининг тимсолидир. У миллатни ягона халқ сифатида ўз атрофида бирлаштиради ва дунёда борлигини таъмин этади. Ҳар бир миллатнинг ўз Ватани, оиласи бўлгани каби унинг жонажон ва бетакрор она тили ҳам бўлади. Инсон учун унинг ватани, ота-онаси, оиласи қанчалик қадрли бўлса, унинг она тили ҳам шу қадар азиз ва муқаддас бўлади. Тарих гувоҳки, мана бир неча минг йиллардан бери она тилимиз ҳанузгача ўзининг аҳамиятини йўқотмай келмоқда. Ўзбек тили шундай ширали-ки, ҳар бир қулоққа хуш ёқади, эшитган инсон энтикиб кетади. Турк дунёсининг буюк маърифатпарвар ижодкори Исмоилбек Гаспирали айтганидек: “Миллатнинг икки асоси бордур. Бу уларнинг тили ва динидур. Агар миллат ҳаётидан шу иккисидан бири суғуриб олинса, бу миллат таназзулга юз тутур”.

Шу сабабдан ҳам, 1989-йил 21-октабрда “Давлат тили ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, 1993-йил 2-сентабрда “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг қабул қилинганлигига бу йил 31 йил тўлди. Ўтган шу даврда она тилимизнинг янада сайқалланиши, бадиийлиги, тарихийлиги ва дунё миқёсида аҳамияти ҳамда нуфузини оширишга қаратилган маданий, маънавий-маърифий, мафкуравий, ижодий изланишлар, илмий тадқиқотлар олиб борилди! Ҳозирги кунда ҳам, ўзбек тили давлат тили сифатида сиёсий-ҳуқуқий, иқтисодий-ижтимоий, маънавий-маърифий ҳаётимизда фаол қўлланмоқда, халқаро минбарлардан баралла янграмоқда. Қолаверса, давлат тилининг ижтимоий ҳаётда тутган мавқеини янада мустаҳкамлаш мақсадида бир қатор ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, она тилимиз ва миллий адабиётимизни улуғлаш, унинг бой хазинаси, таровати ва нафосатини ёш авлодга етказиш мақсадида юртимизда атоқли шоир ва адибларимиз номларидаги қатор ижод мактаблари ташкил этилди. Жумладан, Муҳаммад Ризо Огаҳий, Исъҳоқхон Ибрат, Абдулла Қодирий, Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ибройим Юсупов, Ҳалима Худойбердиева, Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактабларида энг аввало ўзбек тили ва адабиётини, бадиий ижод сирларини чуқур ўрганиш учун барча шароит яратилди.

Ўз тилини йўқотган ҳар қандай миллат ўзлигидан жудо бўлиши муқаррар. Шундай экан, ўз она тилидан ажрамоқлик, миллий ҳиссиётларини йўқотиш натижасидир. Бу иш эса инсоният олами олдида улуғ хиёнат, кечирилмас жиноят ҳисобланади. Абдулла Орипов ўзбек тили йўқолса, тўтига айланиб қолишини, Эркин Воҳидов она тилимиз ўлмаслигини бот-бот таъкидлайди. Расул Ҳамзатов эса она тилиси йўқолса, ҳатто ўлимга ҳам рози эканлигини қаламга олади.

Мухтасар қилиб айтганда, ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз лозим. Ишончим комилки, ўзбек тили ва маданияти жаҳон цивилизациясида янада равнақ топиб, унинг пурмаънолиги, жозибадорлиги, талаффузи, оҳанги, мусиқадай жарангдорлиги билан жаҳон аҳлини ўзига ром қилишда давом этади!

 

Манбалар асосида:

 2-босқич 77-гуруҳ талабаси

Ҳусайн Ёдгоров тайёрлади.

  • ЧУМОЛИДАН ИБРАТ ОЛСАК БЎЛМАЙДИМИ? (1-қисм)

      حَتَّى إِذَا أَتَوْا عَلَى وَادِي النَّمْلِ قَالَتْ نَمْلَةٌ يَا أَيُّهَا النَّمْلُ…
  • САЛИМ ҚАЛБ

    Бугунги кунимизда энг ноёб нарсалардан бири Қуръони Каримда келган салим қалбдир. Инсоннин…
  • ИЛМ ТАҚВОДОРЛАРГА БEРИЛАДИ.

    “Илм” – луғатда «идрок қилиш» маъносини билдиради. Истилоҳда эса нарсаларни воқеликда қанд…
Load More In МАҚОЛАЛАР