БУЮКЛАР ҲАЛҚАСИ

0
354

Муҳаббатдан маҳаббат бўлар пайдо
Муҳаббатсиз кишидан қоч Ҳувайдо
Ҳувайдо ҳазратлари

Муҳаббатнинг шарти эргашишдир. “Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматиман”, деган киши, авваламбор, ул зотга тобеъ бўлиши, суннатларини тирилтириш лозимдир.
Қуръони Карим Оли Имрон сураси 31 – оятида “Айтинг (Эй, Муҳаммад): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир”, дейилади.
Ҳа, албатта икки олам раҳмати, сарвари коинотга муҳаббати бўлган одам ул зотнинг ҳар бир катта-ю кичик ҳаракатларига эргашиши лозим бўлади. Инсон сарвари коинотнинг суннатларига эргашиш билан, қиёмат кунида у зотнинг шафоатига сазовор бўлиш бахтига, то бу фурсат келгунча эса Аллоҳ таолонинг хос дўстларидан бўлади, инша Аллоҳ.
Аллоҳ таолога яқин тақводор, ориф ва ошиқ киши Аллоҳ таолонинг дўсти бўлади. Аллоҳ таолонинг дўстлари – авлиёлардир. Қисқача қилиб айтганда комил инсонлардир. Авлиёлар аввало ўзининг муҳаббати билан бошқалардан ажралиб туради. Улар ёшликданоқ илм олишга, Аллоҳни танишга, динни тўғри тушинишга интилганлар, ҳаётларининг сўнгигача Хақнинг зикрида ва халқнинг хизматида бўлганлар.
Ҳар бир жамоанинг пешвоси бўлгани каби авлиёларнинг ҳам пешвоси бўлади. Авлиёларнинг пешволари Қутб деб номланади.
Қутб – (тегирмон тоши деган маънони англатади.) Ўзларида барча комилликни мужассам этган бу зотлар, ҳар бир замонда битта бўлади. Бу мақомдаги зотлар ўзининг нафси ва жисми устида бутунлай ҳукмронлигини ҳис этадилар.
Ғавс — мақомига кўтарилган зотлар бўлиб, бу зотларга Аллоҳ таоло Ладун (ғайб) илмидан жуда катта ҳисса берган. У ҳар ер ва ҳар нарсанинг ташқи ва ичида (қўлида коинотда етадиган файз тарозиси билан) руҳнинг жасадга айлангани каби айланади. Унинг файзи илмига, илми эса Хақнинг илмига боғлиқдир.
Имомайн — деб номланадиган яна бир мақом бўлиб. Имомайн мақомида икки шахс бўлиб, улар бирлари қутбнинг ўнгида, иккинчилари чапида бўладилар. Бу зотлар тақво ва парҳез эгаларидир.
Автод — деб номланувчи Аллоҳнинг дўстлари тўрттадир. Бу зотлар ҳар бир ишни Аллоҳнинг иродасига топширганлар. Ҳар хусусда ишончли кимсалардан бўлиб, ҳеч хиёнатга қўл урмайдилар.
Абдол — деб номланувчи валийлар ҳар замонда етти киши бўлади. Булар фазилат, камол, истиқомат ва карамда тенгсиздирлар. Улар ёмон фикр ва ёмон ҳаёлдан ҳам узоқда бўладилар. Турган жойида жусса ва суратларини қолдириб сафарга чиқмоқ, бир пайтнинг ўзида турли жойларда кўринмоқ сифатларига эгадирлар.
Умано — деб номланган яна бир тоифа борки, бу зотлар бир пайтда ташқи ҳолати Халқ билан ички ҳолати эса Хақ билан боғлиқ бўлади. Булар “Малойим”лар деб ҳам аталади. Бу зотлар ҳислатлари ва амалларидан ҳеч кимни хабардор бўлишини истамайдилар. Хазина каби доим яширин қолишни хоҳлайдилар.
Нужабо — номли валийлар эса қирқта бўлиб, бу зотлар Хақдан бошқасига кўз тикмайдиган ориф зотлар. Халқ орасида Чилтанлар деб номланади.
Нуқабо — мақоми валийлар орасидаги сўнги мақом бўлиб, булар ҳар замонда уч юзта бўладилар. Бу зотлар нафсларининг яширган ёмонликларини кўрсатиб, қалбларини поклайдилар.
Аллоҳ таолодан ҳаётимиз давомида Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини маҳкам ушлашимиз ва шу сабабли фоний дунёда Аллоҳнинг дўстлари, дорул бақода эса Пайғамбаримизнинг шафоатлари ҳамда Аллоҳ таолонинг жамолини кўришимизга насиб этишини сўраймиз. Аллоҳ бизларни ҳам мана шундай олий мақом эгаси бўлишга насиб этсин.

“Буюклар ҳалқаси” китоби асосида

Билим юрти мударриси
Зикиряев Саййид Афзалхон

Load More In МАҚОЛАЛАР