ЧУМОЛИДАН ИБРАТ ОЛСАК БЎЛМАЙДИМИ? (1-қисм)

0
34

 

حَتَّى إِذَا أَتَوْا عَلَى وَادِي النَّمْلِ قَالَتْ نَمْلَةٌ يَا أَيُّهَا النَّمْلُ ادْخُلُوا مَسَاكِنَكُمْ لا يَحْطِمَنَّكُمْ سُلَيْمَانُ وَجُنُودُهُ وَهُمْ لا يَشْعُرُونَ

 «Токи улар чумолилар водийсига келганларида, бир чумоли: «Эй чумолилар, масканларингга киринглар, Сулаймон ва унинг аскарлари сизларни билмасдан эзиб юбормасинлар», деди. (Намл сураси, 18-оят).

(Муқаддима)

 Чумолилар ҳаёти ибратдир

 

Қуръони карим Аллоҳ таоло томонидан бандалари учун дастурул амал қилиб юборилган, дунё ва охират хушхабарларини берувчи, ҳар макон, ҳар замонга мос, ожиз қолдирувчи, ҳидоят манбаи ҳисобланган энг сўнги китобдир. Унда икки дунё бахту саодатига эриштирувчи ибрат, насиҳат, яхшилик, ҳукм ва масаллар мавжуддир. Бу ҳақида Қуръони каримда шундай дейилади:

إِنَّ هَذَا الْقُرْآنَ يَهْدِي لِلَّتِي هِيَ أَقْوَمُ وَيُبَشِّرُ الْمُؤْمِنِينَ الَّذِينَ يَعْمَلُونَ الصَّالِحَاتِ أَنَّ لَهُمْ أَجْرًا كَبِيرًا

“Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилур ва яхши амалларни қилувчи мўминларга, албатта ўшаларга, улуғ ажр борлиги хушхабарини берур”. (Исро сураси, 9-оят).

Ҳа, Куръони карим ҳидоят манбаидир. У мўминларни ҳидоятга бошловчи бир порлоқ машъаладир. Унда бахтиёр, саодатманд, фаровон, хотиржам ҳаёт кечириш йўллари баён қилингандир.

Қуръони карим оятлари асосан ҳукм, насиҳат, қисса ва масаллардан иборатдир.  Ана ўша оятларни ўқир экансиз, уларнинг кўпини ҳеч қандай шарҳ ва изоҳсиз тушунасиз. Баъзи оятларни тушунишда эса бироз шарҳ ва изоҳга эҳтиёж сезасиз. Баъзилари эса муташобиҳ оятлар деб номланиб, уларнинг илми Аллоҳнинг Ўзигагина аёндир.

Биз бугун масаллар тўғрисида сўз юритмоқчимиз. Аниқроғи, чумоли ҳақида айтилган зарбулмасални ўрганмоқчимиз. Чумоли ҳақидаги бу зарбулмасални ўрганиш асносида уни ўз ҳаётимизга солиштириб, қиёсий ўрганамиз. Шунда фикримизни янада яхшироқ ифода этиш имкони туғилади. Зеро, Аллоҳ зарбулмасаллар ҳақида тафаккур қилишга, улардан ибрат олиб, ҳаётга татбиқ этишга чорлайди.

Қуръони каримдаги насиҳатлар асосан икки хил ҳолатда келади. Тўғридан–тўғри инсоннинг ўзига йўналтирилган буйруқ ва қайтариқлар ёки ҳайвонларни мисол келтириш орқали зарбулмасал шаклида келади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларида Қуръони каримни لاَ تَنْقَضِي عَجَائِبُهُ «Унинг ажойиботлари тугамас» деб, васф қилганлар. Дарҳақиқат, илм–фан тараққий топиб, кундан–кунга Қуръони карим ва Ҳадиси шарифларнинг бизга номаълум бўлган қирралари очилиб бормоқда ва бундан кейин ҳам бу ҳол давом этади. Унинг ажойиботлари тугамас деганлари шу бўлса, не ажаб?!

Муфассирлар Қуръони каримда келган зарбулмасалларнинг инсон онгига кучли таъсири борлигини таъкидлайдилар. Чунки, бу йўналишдаги оятлар инсонни тафаккурга, ақл юритишга чорлайди. Натижада ўзлари учун муҳим бўлган насиҳат ва эслатмаларни оладилар. Бу борада Каломи шарифда қуйидагилар айтилади:

وَتِلْكَ الأَمْثَالُ نَضْرِبُهَا لِلنَّاسِ وَمَا يَعْقِلُهَا إِلاَّ الْعَالِمُونَ

«Ушбу мисолларни Биз одамлар учун келтирурмиз. Лекин уларга олимлардан  ўзгаларнинг ақллари етмас». (Анкабут сураси, 43-оят).

وَتِلْكَ الأَمْثَالُ نَضْرِبُهَا لِلنَّاسِ لَعَلَّهُمْ يَتَفَكَّرُونَ

 «Ушбу мисолларни одамларга келтирурмиз, шоядки, улар фикр юритсалар». (Ҳашр сураси, 21-оят).

وَلَقَدْ ضَرَبْنَا لِلنَّاسِ فِي هَذَا الْقُرْآنِ مِنْ كُلِّ مَثَلٍ لَعَلَّهُمْ يَتَذَكَّرُونَ

«Батаҳқиқ, Биз ушбу Қуръонда одамларга турли мисоллар келтирдик. Шоядки, эсласалар». (Зумар сураси, 27-оят).

 وَيَضْرِبُ اللَّهُ الأَمْثَالَ لِلنَّاسِ لَعَلَّهُمْ يَتَذَكَّرُونَ

«Аллоҳ, шоят эсласалар деб, одамларга мисоллар келтиради». (Иброҳим сураси, 27-оят).

Инсон учун бирор фойдали гап айтилса нима қилиш керак. Албатта, у насиҳатни жон қулоғи билан тинглаши керак. Ундан юз ўгириб кетмаслиги лозим.

 يَا أَيُّهَا النَّاسُ ضُرِبَ مَثَلٌ فَاسْتَمِعُوا لَهُ

«Эй одамлар! Бир масал айтилмиш, бас, унга қулоқ солинг!» (Ҳаж сураси, 73-оят).

Аллоҳ таоло зарбул масал айтилса, унга қулоқ осгин, уни тинглагин, демоқда. Қани, келингчи, бир қулоқ солайликчи, Аллоҳ бизга бу масалда нималарни айтмоқда экан.

Кўриб турганингиздек, Аллоҳ таоло бизни зарбулмасалларни ўрганиб, улардан ибрат олишга, фикр юритишга, ақлимизни ишлатишга чақирмоқда.

Юқорида айтиб ўтганимздек, мавзуни ўз ҳаётимизга боғлаб, қиёсий таҳлил қилиб ўрганиб чиқамиз. Шунда таъсири кучли бўлади. Ва яна тафаккурга чақирилган оятларга амал ҳам қилган бўламиз. Шояд бу ишимиз билан Аллоҳ таоло юқорида васф қилган сифатлар соҳиби бўлишимизни насиб айласа.

Мавзуга киришишдан олдин бир саволга жавоб бериб ўтайлик. Нима учун катта сурага «Намл» — чумоли номи берилди? Бу саволга муфассир олимларимиз жавоб берганлар. Унда айтилишича, сураларнинг номлари ўша сура ичидаги сўз юритилган энг муҳим оятлардан олинар экан.

Қуйида чумолиларнинг ҳаётини ўрганар эканмиз, сурага митти қаҳрамонимизнинг номи мос равишда берилгани ва ҳаёти ибрат қилиб бежиз кўрсатилмаганига яна бир карра гувоҳ бўламиз.

 

Равшанбек Уринбаев,

“Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта

махсус ислом билим юрти мударриси

Load More In МАҚОЛАЛАР