ДАВЛАТ ТИЛИ КОНСТИТУЦИЯ ҲИМОЯСИДА

0
35

Тил – миллатнинг маънавий бойлиги, борлиги ва борлиғининг ифодасидир. Халқнинг ҳозирги ва келгуси авлодини ота-боболари билан боғлаб турадиган муқаддас ришталардан бири ҳам миллий тил ҳисобланади. Дунёда, охирги ҳисоб-китобларга қараганда, 7000 га яқин тиллар мавжуд. Лекин улардан юздан ортиғигина давлат тили мақомига эга.

Шу маънода ўзбек тили “бахтли тиллар” қаторидадир. Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, тилимизнинг қонун асосида мустаҳкамланиши ҳақиқатан қувончли ҳодисадир.

Собиқ шўролар тузумида давлат тили масаласи ҳам бошқа масалалар қатори бирёқлама, хийлагар қараш ҳолатида эди. Жумладан, ЎзСЭнинг 3-жилдида давлат тилига қуйидагича таъриф берилган: “Давлат тили кўп миллатли буржуа давлатларида ҳукмрон миллат тили.  Совет Иттифоқида мажбурий ягона давлат тили йўқ”. Ажабланарлиси шундаки, собиқ иттифоқдаги республикаларнинг ҳаммасида асосий тил рус тили эди.

Мустақиллик арафасидаги ва ундан кейинги саъй-ҳаракатлар тилимизнинг қонуний мавқейини тиклади.

1989 йил ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши халқимиз учун қувончли воқеа бўлган бўлса, мамлакатимизнинг асосий қонуни – Конституциямизда эса бу янада мустаҳкамланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 октябрдаги ПФ-5850 сонли Қарори эса ўзбек тилининг ҳимояси ва ривожланиши учун яна бир муҳим, ўз фурсатидаги қадам бўлди. Давлат тили куни байрам сифатида нишонланиши, давлат тилини ривожлантириш бўйича департамент тузилиши айниқса тил жонкуярлари учун қувонарли ҳодиса бўлди.

Шу ўринда бир нарсани ёдга олсам. Шавкат Мирзиёев Қозоғистонда ўтган халқаро анжуманларнинг бирида ўзбек тилида нутқ сўзлаб ғуруримизни кўкларга кўтарган эди. Ўшанда бу улкан ҳаяжон шеър ёзишга ундаган эди:

Кўп қадим миллатмиз олам саҳнида,

Кўп замон кўрган бу улуғ элимиз.

Неча минг йилларнинг аччиқ заҳмида

Ўзимиздек қадим она тилимиз.

 

Тарих айлади-ку йўқликка маҳкум,

Бировнинг юртини ёҳуд элини.

Тақдир этган экан шундайин ҳукм:

Ўлик деб атаймиз лотин тилини.

 

Шукр, она тилим толеи баланд,

У бордир, ўлмаган тортмайман алам.

Ўйларим ўзимнинг шевамдадир банд.

Ўзимнинг лаҳжамда кўрган тушим ҳам.

 

Боболар ҳикматин англамоқ учун

Луғат титиб ўтмас узун тунларим.

Кўзларда порлади ҳайратий учқун,

Йиғлаб ўқилганда “Ўткан кунлар”им.

 

Халқимнинг ёшига тенг она тилим

Ватандай азиздир, англадим шуни.

Ғурурга айландим мен она тилим

Юксак минбарларда янграган куни!

 

Ғурур ва ифтихор яхши, албатта. Аммо тилнинг яшовчанлиги ва ривожланиши учун бу камлик қилади. Ўзбек тили “тақдир”ининг ҳуқуқий пойдевори, албатта, Конституцияда ўз ифодасини топган.

Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир.

Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади” (4-модда).

Мана шу модда ва унинг асосидаги қатор ҳужжатлар билан ўзбек тилимиз ҳам яшовчанлиги, мустаҳкамлиги йўлида яна бир қадам ташлади. Зеро, қонунчилик эътиборда бўлган ҳодисалар элнинг ҳам эътиборидадир. Шунингдек, ҳуқуқий пойдевор асосида “Ўзбек тили мустақил давлатимизнинг байроғи, герби, мадҳияси, Конституцияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас тимсоллардан бирига айланди” (“Юксак маънавият – енгилмас куч”).

Тилимизнинг муқаддаслиги, унга чуқур эҳтиромда бўлиш зарурияти билан боғлиқ маъно Конституциянинг 90-моддасида ҳам ўз аксини топган. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига … давлат тилини яхши биладиган …Ўзбекистон Республикаси фуқароси сайланиши мумкин.

115-моддада эса “Ўзбекистон Республикасида суд ишларини юритиш ўзбек тилида, қорақалпоқ тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда олиб борилади…” дея белгилаб қўйилган

Таъкидлаш лозимки, давлат тили ўзбек тили бўлгани ҳолда бошқа миллат вакиллари тиллари ва бошқа маънавий бойликлари ҳурмат қилинади, уларнинг ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиб берилади. Бу ҳақда 4-, 18-, 115-моддаларда батафсил сўз юритилган. Қолаверса, “Ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши республика ҳудудида яшовчи миллат ва элатларнинг ўз она тилини қўллашдан иборат конституциявий ҳуқуқларига монелик қилмайди” (“Давлат тили тўғрисида”ги қонуннинг 2-моддаси).

Келтиригилган иқтибослар, фикр ва қарашлардан шу нарса маълум бўладики, Конституциямиз тилимизнинг эъзозланишига ҳуқуқий пойдевор қўйгани билан ҳам қадрлидир.

 

“Саййид Муҳйиддин махдум”

ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

Ўткирбек Мадумаров тайёрлади.

Load More In МАҚОЛАЛАР