ДИНДА ҒУЛУВ КЕТИШ ХАТАРЛИДИР!

0
286

Ғулув сўзи луғатда ҳаддан ошиш, чуқур кетиш маъноларини англатади. Истилоҳда эса “бирор – бир ишда одатга зиёда қилиш ёки нуқсон етказиш билан ҳаддан ошиш” демакдир.

Ибодатда ҳаддан ошмай, мукаммалликка ҳаракат қилиш ғулувга кирмайди. Чунки у мақталган ишлардан саналади.

Ғулув кетиб, ҳаддан ошиш гоҳида орттириш, гоҳида тарк қилиш ва камчиликка йўл қўйиш билан бўлади. Тарк қилиш ва камчиликка йўл қўйиш билан ҳаддан ошишга мисол Аллоҳ таолонинг: “…Динингизда ҳаддан ошманг…” сўзидир.

Қуртубий тафсирида юқоридаги оят тафсирида қўйидагилар айтилади: “Ҳаддан ошиш ва камчиликка йўл қўйиш ҳар иккиси ҳам ғулув кетиш демакдир. Иккиси ҳам мазаммат қилингандир”.

Камчиликка йўл қўйиш – нуқсонда ҳаддан ошиш бўлгани учун ғулув деб номланди.

Ғулув кетиш – ҳаддан ошиш, чегарадан чиқишдир. Қуръон ғулув кетишни гоҳида туғён билан ифодалайди. Чунки туғён зулм ва исён қилишда ҳаддан ошишдир. Аллоҳ таоло Бани Исроил ҳақида айтганидек: “…унда ҳаддингиздан ошманг, яна бошингизга ғазабим тушиб қолмасин” (Тоҳа сураси, 81 – оят) ва “Аммо кимики туғёнга кетиб, ҳаддидан ошган бўлса. Ва бу дунё ҳаётини устун қўйган бўлса. Бас, албатта, Жаҳийм ўрин бўладир” (Назиъат сураси, 37 – 39 оятлар). Бу ердаги туғён Аллоҳ таолонинг амрини тарк этиш, унга осий бўлиш, дунёни устун қўйиш, (шаръий) ишларга бепарволик, ибодатни адо этишда зиёда қилиш ва чуқур кетиш билан ғулув ҳисобланади. (Бу ерда ибодатларга зиёдалик киргизишдан мақсад шариат буюрмаган йўл билан кўпайтириш, янгилик қўшиш демакдир. Бу ҳақида тўлиқ маълумот олиш учун Абдулҳай Лакнавийнинг “Ибодатларни кўпайтириш бидъат эмас” китобига қаралсин).

Ғулув кетиш ижтиҳодий масалаларда одатий қаршилик билан қарши тамондагиларнинг фикрларини ҳисобга олмаслик, улар ҳақида менсимай гапириш билан ҳам бўлади. Ундайлар ўзлари танлаган ёки ўқиган мактаби гапини тўғри деб билади. Қарши бўлганларнинг барчасини бидъатчи, гуноҳкор, динда қанчалар собит қадам бўлмасин имонсиз, кофир ҳисоблайди. Шу ҳужжат биланки, кишилар ҳақиқат билан танилади. Ҳақиқиқат эса ундайларнинг фикрича ўзи танлаган гапда бўлади.

Ғулув кетиш яхшироғи бўла туриб суви қочган егулик ва эгаси обрўсини тўкадиган кийимларни ортиқ кўрадиган кишилар мисоли парҳез қилинмайдиган нарсаларда тақво қилиш билан бўлади. Бу нарса тақво ва хокисорликни кўрсатиш ҳамда Аллоҳ таолонинг мана бу “…ҳар бир ибодат чоғида зийнатингизни олинг” сўзида амр этган зийнатли кийимни менсимасликни ўз ичига олади. Вожибларда камчиликка йўл қўйиш, ҳаром ишларни бепарво қилиш билан бирга суннат ва мустаҳабларда маҳкам туриб олиш ҳам ғулув кетиш ҳисобланади.

Ҳаддан ортиқ мақташ ёки ёмонлаш, бирор – бир фикр ёки шахсга мутаассиблик қилиб инсофдан четга чиқиш, унда йўқ нарсалар билан васф этиш ғулув ҳисобланади.

Ғулув кетиш бажариш ва бажармаслик билан бўлади. Ким бир ишни бажаришда ҳаддан ошса у ғулув кетган ҳисобланади. Ғулув кетиш жорий ибодатга зиёда қилиш, Аллоҳ жорий қилмаган ибодатларни бажариш каби аъзолар амали бўлсин ёки пайғамбар, авлиёлар ҳақида ҳаддан ортиқ мақтов, уларни Аллоҳ берган мақомларидан баландга кўтариш ва мусулмон жамиятини кофирга чиқариш, гуноҳи сабаб улардан ўзини “пок” санаш каби энг хатарли қалб ва эътиқод амали бўлсин фарқи йўқ.

Ғулув кетиш бажармаслик билан ҳам бўлади. Бу жорий ибодатлар ва нотўғри парҳез қилган ҳолида мубоҳ бўлган покиза нарсаларни тарк қилиб Аллоҳ  таолога яқин бўламан деган киши каби аъзолар амали билан бўлсин барибир. Аллоҳ таоло бундан мана бу сўзида қайтарган. “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳ сизга ҳалол қилган пок нарсаларни ҳаром қилмангиз. Ҳаддингиздан ошманг. Албатта, Аллоҳ ҳаддидан ошувчиларни севмас”. (Аъроф сураси 31– оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ибодати ҳақида сўраб, ўз амалини оз санаган кишилар иши тарк қилиш ғулуви ҳисобланади. Масалан, бири мен аёлларга уйланмайман деган. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг тақвосини рад этиб: “…Ким суннатимдан юз ўгирса мендан эмас”, деганлар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларни мўъталикка, ўртача бўлишга чақиришлари баробарида ғулувнинг ҳар қандай туридан қайтарганлар: “… Ўртача, ўртача бўлинглар, мақсадга эришасизлар”, “Дарҳақиқат, дин енгилдир. Бирор киши динни қийинлаштирса уни мағлуб қилади”, “Чуқур кетувчилар ҳалок бўлди”.

 

Р.Маҳмудов

“Саййид Муҳйиддин махдум”

ўрта махсус ислом билим юрти мудири в.б.

Load More In МАҚОЛАЛАР