Диний бағрикенглик – осуда ҳаёт гарови.

0
672

Меҳр-оқибат, хайр-саховат, ҳамжиҳатлик, аҳл-иноқлик, бирдамлик, кенгфеъллик сингари эзгу ҳислат фазилатлар жамиятнинг маънавий ҳаётида муҳим рол ўйнайди. Бунда, айниқса, диний бағрикенглик беқиёс аҳамиятга эгадир. Зеро, диний бағрикенглик бу хилма-хил дин ва мазҳаб эгаларининг бир-бирининг эътиқодини ўзаро ҳурмат қилиб, тушуниб, ягона замин, ягона ватанда, олийжаноб ғоя ва ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшашидир.
Бизнинг динимиз – Ислом динида диний бағрикенглик гўзал, чиройли ва бетакрор тарзда йўлга қўйилган. Мусулмонларниг бошқа дин вакиллари билан бўладиган муносабатлари Ислом дини таълимотлари асоси бўлмиш Аллоҳ таолонинг каломи Қуръони карим ҳамда Аллоҳнинг расули Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳадис, суннат ва сийратларида ўз аксини топгандир.
Жумладан, Ислом самовий динларнинг асли бир, ҳаммаси Аллоҳдан эканлигини эълон қилди. Бу ҳақда Шўро сурасининг 13-оятида айтилади:
“(Эй иймон келтирганлар! Аллоҳ) сизлар учун дин бўйича Нуҳга буюрган нарсани ва Биз сизга (Муҳаммадга) ваҳий қилган нарсани, (шунингдек) Биз Иброҳим, Мусо ва Исога буюрган нарсани – шариат қилди: “Динни барпо қилингиз ва унда фирқа-фирқага бўлинмангиз!” (Эй Муҳаммад!) Мушрикларга Сиз даъват қилаётган нарса (тавҳид) оғирлик қилди. Аллоҳ унга (динга) Ўзи хоҳлаган кишиларни танлар ва Унга инобат қиладиган кишиларни ҳидоят сари йўллар”.
Демак, Аллоҳ таоло оятда зикр қилинган набийлар ва пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га дин юбориб, уларга: “Динни барпо қилингиз ва унда фирқа-фирқага бўлинмангиз!” деган бир хил фармон берган.
Мусулмонларнинг бошқа дин вакиллари билан муносабатларининг ўзига яраша қонун-қоида ва тамойиллари бор бўлиб, улар Қуръони карим ва ҳадисларда зикр қилингандир. Мана шу тамойилларга кўра муносбатлар ўрнатиладиган бўлса, мана шу мақсадга мувофиқдир. Улардан баъзиларини келтирадиган бўлсак, улар қуйидагилардир:
Мусулмонлар Набийларнинг барчасига ва уларга нозил қилинган китобларга бирдек иймон келтирмоғи ҳамда улардан бирортасини четга чиқариб қўймаслиги лозимдир.
Мусулмон киши бошқа дин вакилларига ёмонлик қилмаслиги, улар билан яхши муомалада бўлиши лозим.
Агар қўшниси ўзга дин вакили бўлса, унга яхшилик қилиши, таомидан чиқариб туриши, зиёфатларга чақириши, оилавий алоқалар ўрнатиши яхшидир.
Мусулмон киши бошқа дин вакилларининг ибодатхоналарини ҳурмат қилади, уларнинг диний-ақийдавий масалаларига аралашмайди, уларга ноҳақ ёмонлик қилмайди, ораларини яқинлаштиради.
Мусулмон киши бошқа дин вакиллари билан яхши алоқада бўлади, уларга ҳадя бериб, улардан ҳадя олиши мумкин.
Агар ғайридинларнинг тобути ўтиб қолса, мусулмон ўтирган бўлса, ўрнидан туриб қўйишлиги яхшидир.
Бу тамойиллар юқорида таъкидлаганимиздек, Ислом дини таълимотлари асоси бўлмиш Аллоҳ таолонинг каломи Қуръони карим ҳамда Аллоҳнинг расули пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳадис, суннат ва сийратларида келган. Баъзиларига рухсат берилган, баъзилари мустаҳаб-суннат ва баъзиларига буюрилгандир.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бошқа дин вакиллари билан шахсан ўзлари яхши алоқада, гўзал муомалада бўлганлар. Жумладан, уларга ҳадялар бериб, улар томонидан қилинган ҳадяларни қабул қилганлар, улар ҳадя қилган кийимларни эса кийиб юрганлар. У зот Ҳабашистондан келган насроний меҳмонларни ўз масжидларига тушириб: “Улар бизнинг соҳибларимизни ҳурмат қилган эдилар. Мен уларни ўзим икром қилишни ҳуш кўраман”, деб шахсан ўзлари уларга хизмат қилганлар.
Энди мана шу ерда бир нарсани таъкидлаб ўтиш керак. Бутун оламларнинг сарвари, бутун оламнинг яратилишлигига сабабчи бўлган зот, пайғамбарларнинг сўнггиси, оламларга раҳмат бўлган зот ўзга диндагиларни, яъни мусулмон бўлмаган инсонларни жуда эҳтиром қилган эканлар, уларни Аллоҳнинг байти, мусулмонларнинг ибодат қиладиган маскани бўлмиш масжидга тушириб, уларга ўзлари хизмат қилган эканлар. Лекин ҳозирги кунга келиб баъзи бир ўзини мусулмонман деб атайдиганлар ғайридинлар у ёқда турсин, ўзининг диндоши бўлмиш мусулмонларни икром қиляптимикан? Уларни ҳурматини жойига қўйяптимикан? Ёки юзкўрмас бўлиб, ўта ашаддий душманга айланиб, бир мусулмон бошқа бир мусулмонни кофирга чиқариб, унинг қонини бекордан-бекор тўкмоқдами? Росулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳамда салафи солиҳинлар ўзга диндагиларни еҳтиром қилиб келган бўлсалар, ўзимизнинг диндаги мусулмонларни ҳурматини жойига қўйиб, улар билан аҳл-иноқ, бирдамликда яшаш вожиб бўлмайдими?..
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай дейдилар: “Кимки аҳли зиммага бирор захмат етказса, қиёмат куни мени ўзининг душмани сифатида кўради”.
Демак, бир аҳли зимма, мусулмон бўлмаган одамга захмат етказсак, қиёмат куни Росулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га душман сифатида бўламиз экан. Агар мусулмон биродаримизни кофирга чиқариб, қонини тўкишимиз у ёқда турсин, захмат, азият етказадиган бўлсак, қиёмат куни қандай ҳолатда бўлишлигимиз… Аллоҳга аъён, Аллоҳнинг ўзи бундан сақласин.
Ислом – инсонпарвар, тинчлик динидир. Исломда мусулмонларга қарши уруш қилмаган ғайридинлар билан тинч-тотув яшаш, уларга яхшилик қилиш ҳамда адолатли бўлиш йўлга қўйилган.
Бизнинг юртимиз Ўзбекистон ҳудудида қадимдан турли динга эътиқод қилувчи кўп миллатли мамлакат сифатида ажралиб турган. Юртимизда зардуштийлик, яҳудийлик, насронийлик (христианлик), иудаизм, буддавийлик ва Ислом динига эътиқод қилувчи халқлар биргаликда, ёнма-ён яшаб келганлар. Тарихий шароит, жараёнлар бу заминда том маънодаги бағрикенглик тамойилларининг барқарор шаклланганлиги, бунинг натижасида тинч, осуда ҳаёт, илмий-маърифий юксалиш, тараққиёт таъминланганлигини кўрсатади. Ўзбекистонда диний бағрикенгликнинг юксак анъаналарига амал қилинаётгани жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда.
Мамлакатимиз ҳукумати томонидан оқилона, пухта ва самарали диний бағрикенглик сиёсати олиб борилмоқда. Юртимизда Ислом дини билан бирга 17 та диний конфессия эмин-эркин фаолият кўрсатмоқда. Бундан ташқари юртимизда биз билан бирга бир диёрда, бир байроқ остида 130 дан ортиқ миллат тинч-тотув, ҳотиржамликда ҳаёт кечирмоқда. Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, бунга диёримизга келган ҳар бир меҳмон ўз кўзи билан шоҳид бўлмоқда ҳамда буни эътироф этмоқда.
Мамлакатимиз диний конфессиялар ўртасида ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатлик ришталарини мустаҳкамлаш, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик борасида жаҳонга юксак намуна бўлаётир. Турли миллат ва элатларнинг миллий анъана ва қадриятларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш ҳукуматимизнинг устувор йўналишига айланган. Шу боис ҳам юртимизнинг биринчи президенти, марҳум Ислом Каримов еътироф етганидек: “Ўзбекистоннинг бойликлари кўп, лекин бизнинг энг катта бойлигимиз, энг юксак қадриятимиз – жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликдир”.

Билим юрти мударриси
М.Тўрақулов

Load More In МАҚОЛАЛАР