ДИНИЙ СОҲАДАГИ ИСЛОҲОТЛАР – ЮРТ ТАЯНЧИ

0
495

Ватанимиз мустақил тараққиёт йўлига илк қадамни қўйгач, кўҳна тарихимиз, миллий ва диний қадриятларимиз, маданий ёдгорликларимиз, маънавий ва моддий меросимизни ўрганиш ва қайтадан тиклаш ҳамда улардан халқимизнинг кенг оммасини баҳраманд қилиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди ва ҳозиргача ошириб келинмоқда. Ушбу қисқа давр ичида муборак динимизга бўлган муносабатнинг батамом ўзгарганини алоҳида таъкидлашимиз лозим.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар жамғармасида сақланаётган китоб ва ҳужжатларнинг кўп эканлиги халқимиз тарихи нақадар бой маданий-маънавий меросга эга эканига далил бўлади.

2017 йилнинг 10 февраль санасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида Шеробод туманидаги Абу Исо Муҳаммад Термизий зиёратгоҳида амалга оширилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари билан танишди.

Абу Исо Термизийнинг ҳаёти ва илмий-маънавий мероси юртимизда ҳозиргача етарли даражада ўрганилмаган эди. Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг ташаббуси сабабли у зотнинг ҳаётлари ҳамда у киши яшаган муҳит ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлиш ва асарларини ўрганишга киришилди. Шу мақсадда Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 14 февраль куни “Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори эълон қилинди. Сурхондарё вилоятида Ўзбекистон мусулмонлари идораси муассислигида Имом Термизий марказини ташкил этиш ҳақидаги қарор улуғ алломага бўлган эҳтирому ҳурматнинг ёрқин ифодаси бўлди, десак муболаға бўлмайди.

Ҳозирги кунларда ҳам бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари кенг миқёсда давом этмоқда. Бунинг исботи ўлароқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти 2019 йил 17-18-октябр кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасасини ташкил этиш бўйича топшириқ ва тавсиялар берган эди. Аллоҳга минг шукрлар бўлсинки, мазкур билим даргоҳи 2020 йилнинг май ойида қуриб битказилди. Жорий 2020-2021-ўқув йили учун қабул жараёнлари бўлиб ўтди.

 

 

Абдувохидов Абдуллоҳ,

Андижон “Саййид Муҳйиддин махдум”

Ўрта махсус ислом билим юрти

“Араб тили” фани мударриси

Load More In МАҚОЛАЛАР