Энг садоқатли шогирд

0
40

Абу Бакр Аҳмад ибн Муҳаммад Маррузий

Имом, пешво, фақиҳ, муҳаддис, шайхулислом Абу Бакр Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳажжож Маррузий. Бағдодда истиқомат қилганлар. Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг шогирдлари. Оталари хоразмлик, оналари маррузлик бўлган.

200 йил атрофида таваллуд топганлар.
Аҳмад ибн Ҳанбалнинг энг садоқатли шогирдлари ва дўстларидан эдилар.

Аҳмад ибн Ҳанбал, Ҳорун ибн Маъруф, Муҳаммад ибн Минҳол Зарир, Убайдуллоҳ ибн Умар Қаворирий, Сурайж ибн Юнус, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Нумайр, Усмон ибн Абу Шайба, Аббос ибн Абдулазим, Муҳаммад ибн Абдулазиз ибн Абу Ризма ва бошқа кўплардан ҳадис ривоят қилганлар.

Бу кишидан Абу Бакр Халлол, Муҳаммад ибн Исо ибн Валид, Муҳаммад ибн Махлад Аттор, Абдуллоҳ Хирақий (фақиҳ Абул Қосимнинг оталари), Абу Ҳомид Аҳмад ибн Абдуллоҳ Ҳаззо ва бошқалар ҳадис ривоят қилишган.

Халлол айтадилар: «Бизга Муҳаммад ибн Жаъфар Рошидий хабар бердилар. У киши Исҳоқ ибн Довуднинг: «Исломда Абу Бакр Маррузийдан кўра қатъиятли турувчи инсонни билмайман», – деганларини эшитганлар».

Абу Бакр ибн Садақа: «Мен Абу Бакр Маррузийдан кўра динга қалқон бўладиган бошқа бирор кишини билмайман», – деганлар.

Халлол айтадилар: «Маррузийнинг: «Имом Аҳмад мени бирор иш билан жўнатганларида: «Сиз менинг номимдан гапираверинг. Сизнинг айтганингиз – менинг айтганим», – дер эдилар», – деганларини эшитганман».

Маррузий ҳақларида Хатиб Бағдодий шундай деганлар: «Маррузий имом Аҳмаднинг пешқадам шогирдларидан бўлганлар. Парҳезкорликлари ва фазллари учун у кишини ўзларига жуда яқин тутардилар. Имом Аҳмад бу шогирдларининг ёнларида эмин-эркин ўтирар эдилар. Шунинг учун Маррузий устозлари вафот этганларида у кишининг кўзларини юмиб, ўзлари ювганлар. Бу кишидан Маррузий кўп масалаларни ривоят қилганлар».

Абдулваҳҳоб Варроқдан: «Агар биров имом Аҳмаднинг шогирдлари Абу Толиб ёки Маррузий ҳақларида бирор ёмон гап айтса, ундан узоқ бўлиш афзалми?» – деб сўраганларида, у киши: «Ҳа, бундай одамдан йироқ бўлиш лозим. Кимки имом Аҳмаднинг шогирдлари тўғрисида бу каби сўзларни айтиб туҳмат қилса, унинг ўзига туҳмат қилинглар. Унинг яшириб юрган ёмонликлари бор. У одам асли имом Аҳмаднинг шогирдларини эмас, ўзларини ёмонламоқчи бўлган», – деб жавоб берганлар.

Халлол айтадилар: «Бизга Аҳмад ибн Ҳамдун, у кишига Маррузий айтдилар: «Тушимда қиёмат қоим бўлибди. Фаришталар одамлар атрофида: «Дунёда зоҳид бўлганлар бугун нажот топадилар», – дейишарди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтардилар: «Эй Аҳмад, амалларимизни Аллоҳ таолога кўрсатиш учун Унинг ҳузурига борамиз. Сен ҳам биз билан юр». Қарасам, имом Аҳмад кетяптилар. Изларидан мен бир ўзим боряпман. Имом Аҳмадни уловга минган ҳолатда кўрдим. У кишидан: «Қаёққа кетяпсиз?» – деб сўралди. У киши: «Тубо дарахтининг олдига – Абу Бакр Маррузийнинг ёнларига», – дедилар», – деб айтиб бердилар».

Халлол айтадилар: «Маррузий Абу Абдуллоҳнинг энг тақводор ва пешқадам шогирдларидан бўлиб, у кишидан кўп нодир ва нозик масалаларни ривоят қилганлар. Бу ривоятлари билан имом Аҳмаднинг бошқа шогирдларини ажаблантирганлар. Тақво ва зуҳд бобидаги нозик масалалар ҳам айнан Маррузий томонларидан ривоят қилинган. Абу Абдуллоҳ вафот этганларида, Маррузий у кишининг кўзларини юмганлар ва у кишини ювганлар. Абу Абдуллоҳ шогирдларининг бошқа бирортасини Маррузийдан олдинга қўймас эдилар».

Абу Бакр Маррузий 275 йил жумодул аввал ойида оламдан ўтганлар.
Бу киши аҳли суннатнинг имомларидан бўлиб, суннатда ниҳоятда қаттиқ турувчи эдилар. Бағдодда у кишининг катта обрў-эътиборлари бор эди.

Бизга Иброҳим ибн Исмоил Қураший ўзларининг китобларида Асъад ибн Равҳ ва Оиша бинти Маъмардан айтиб бердилар. Уларга Саъид ибн Абу Ражо, у кишига Аҳмад ибн Маҳмуд, у кишига Абу Бакр ибн Муқрий, у кишига Муҳаммад ибн Дубайс Бағдодда, у кишига Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳажжож Маррузий, у кишига Муҳаммад ибн Абу Бакр Басрий, у кишига Саллом ровий Собитдан, у киши Анасдан хабар бердилар:

اوحى الله تعالى إلى يوسف يا يوسف من نجاك من القتل إذ هم إخوتك بقتلك قال أنت يا رب قال فمن نجاك من المرأة إذ هممت بها قال انت قال فما بالك نسيتني وذكرت مخلوقا قال يا رب كلمة تكلم بها لساني ووجب قلبي قال وعزتي لاخلدنك في السجن سنين
«Аллоҳ таоло Юсуф алайҳиссаломдан: «Эй Юсуф, акаларинг сени ўлдирмоқчи бўлганларида, ким сенга нажот берди?» – деб сўради. Юсуф: «Сен, эй Роббим!» – дедилар. Яна Аллоҳ таоло: «Аёл макри сени алдамоқчи бўлганида, сенга ким нажот берди?» – деб сўради. Юсуф яна: «Сен, эй Роббим!» – дедилар. Шунда Аллоҳ таоло: «Унда нима учун мени унутдинг-у, бир махлуқни (инсонни) эсладинг?» – деди. Юсуф жавоб бердилар: «Эй Роббим, бир сўз тилимдан чиқиб кетди ва қалбимга тушди». Аллоҳ таоло: «Иззатимга қасамки, сени яна бир неча йил зиндонда қолдираман», – деди».

Ҳадиснинг даражаси ғариб ва мавқуф.
Бизга шайхулислом Абдурраҳмон ибн Абу Умар хабар бердилар. У кишига Умар ибн Муҳаммад, у кишига Яҳё ибн Али, у кишига Муҳаммад ибн Али Аббосий, у кишига Умар ибн Иброҳим Каттоний хабар берганлар. У кишига Аҳмад ибн Абдуллоҳ Ҳаззо, у кишига Аҳмад ибн Асрам ва Абу Бакр Маррузий, уларга Аҳмад ибн Ҳанбалнинг шериклари Муҳаммад ибн Нуҳ, у кишига Исҳоқ Азрақ ровий Убайдуллоҳдан, у киши Нофеъдан, у киши Ибн Умардан айтиб берган эканлар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
كل امة بعضها في الجنة وبعضها في النار إلا هذه الأمة فانها كلها في الجنة
«Уммат борки, уларнинг баъзиси жаннатга киради, айрими дўзахга киради. Аммо мана бу умматнинг барчаси жаннатийдир», – дедилар».

Манбалар асосида Билим юрти мударриси: Билимжон домла Раззоқов тайёрлади.

  • Abdulloh ibn Muborak

    Tobeʼinlarning eng ulug‘i, faqih, muhaddis, mujohid olim Abdulloh ibn Muborak rahmatullohi…
  • Жаннат аҳлининг сифатлари

    Усома ибн Зайд ривоят қилади: «Пайғамбар алайҳиссалом асҳобига: «Жаннатга шошилаётганлар б…
  • Tashqaridan ko‘ringan o‘lim

    Qorinda to‘plangan gazlar jasadni shishirib yuboradi va bu shish butun vujudga yoyilib, ba…
Load More In МАҚОЛАЛАР