“Эй Аллоҳнинг Расули, нажот нимада?”

0
52

Тил Аллоҳ таолонинг улуғ неъматларидандир.Унинг воситасида инсон хоҳласа ўз охирати учун яхши захира тўплайди, хоҳласа охиратини барбод қилади. Шу боис, ҳадисларда тилни тийиш ва кам гапиришга катта эътибор қаратилиб, бу ишнинг фазилати баён қилинган.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Эй, Аллоҳнинг Расули, қайси амал афзал?”, деб сўрадим. У зот: “Ўз вақтида ( ўқилган) намоз”, дедилар. Мен: “Эй Аллоҳнинг Расули, кейинчи”, дедим. У зот: “Ота-онага яхшилик қилиш”, дедилар. Мен: “Эй Аллоҳнинг Расули, кейинчи?”, дедим. У зот: “Инсонлар тилингдан эминда бўлмоқлари”, дедилар. Сўнг сукут қилдилар. Агар яна сўраганимда, албатта давом этган бўлар эдилар”. (Табароний ривояти)
Ислом шариатига биноан тилни ғийбат, ёлғон сўз каби дилга озор берувчи гаплардан тийиш матлуб ишдир.

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Эй Аллоҳнинг Расули, нажот нимада?”, дедим. У зот: “Тилингга маҳкам бўл, уйинг сени сиғдирсин ҳамда гуноҳларинг учун йиғла”, дедилар”.(Имом Термизий ривояти)
Ҳадисдаги “Уйинг сени сиғдирсин”, деган сўзларидан мурод “заруратсиз уйдан чиқиб, фитнага дучор бўлма”, “гуноҳларга йиғла”дан мурод “гуноҳга надоматни изҳор қилиб, тавба қил”, деганидир.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Заррни учратиб: “Эй Абу Зарр тилга енгил, тарозида бошқа (амал)лардан кўра оғирроқ икки амалга сени далолат қилайми?” дедилар. У: “Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули!”, деди. У зот: “Ўзингга чиройли хулқни ва кўп жим туришни лозим тут. Нафсим қўлида бўлган зотга қасамки, бу каби нарсалар бандани қандай ҳам гўзал қилади!”, дедилар”.
(Абу Яъло ривояти)
Инсон эҳтиёт қиладиган бош аъзоларидан яна бири тилдир. Уни ҳам сақламоқ лозим. Ҳазрат Абу Бакри Сиддиқ розийаллоҳу анҳу айтадилар: “Баданнинг ҳар бир аъзоси Аллоҳ таолога тилдан шикоят қилади: “Эй Раббим, уни тўғри сақлагин. Агар у тўғри бўлса, ҳаммамиз тўғри бўламиз. Агар бузилса, бизлар ҳам бузиламиз”.

Ҳазрат Али каррамаллоҳу важҳаҳу айтадилар: “Киши тилининг остидадир”, чунки у гапирмагунича уни жоҳилми ёки олимми, яхшими ёки ёмонми, – билиб бўлмайди. Унинг кимлигини тили фош қилади.

Манбалар асосида:
Саййид Муҳйиддин махдум ўрта- махсус ислом билим юрти катта ўқитувчиси Рахматуллох домла Умаров тайёрлади.

Load More In МАҚОЛАЛАР