Фиқҳ илмидаги фойдалар силсиласи: Фатво бериш шартлари – 7 қисм

0
71

“Фатво” арабча сўз бўлиб, унинг кўплиги “фатавий, фатавин ва фатава” шаклларида келади. Сўралган саволга берилган жавобни луғатда фатво дейилади. Унинг истилоҳий маъносига келадиган бўлсак, уламолар бунга турлича таърифларни айтганлар. Буларнинг ҳаммаси бири бошқасини қувватловчи ва тўлдирувчи, яъни мазмуни деярли бир хил. Хулоса қилганда, фатво истилоҳда аҳкомлар ҳақидаги саволга берилган жавобдир. Аммо ҳозирги кунда одамлар фиқҳий ҳукмлардан ташқари ақидавий ва ахлоқий масалларни ҳам сўрашади. Шунинг учун бугунги кунда нафақат сўралган аҳкомларга, балки барча диний саволларга берилган жавобни фатво дейилиши айтилади.

Фатво бериш мақоми улуғ бўлганидек хатари ҳам катта. Чунки уламолар уни сўралган диний саволларга Аллоҳ таолонинг номидан жавоб бериш эканини айтганлар. Шу боис бу мақомга эришиш учун улар маълум шартлар ва қонун-қоидалар ўрнатганлар. Салаф солиҳлардан нақл қилинган ўша қонун-қоидалар билан бироз танишсак. “Иъломул муваққиъийн” китобида қуйидагилар келтирилади:

– Имом Аҳмад ўғли Солиҳ қилган ривоятда: “Инсон ўзини фатво беришга ундаган вақтда, у Қуръони каримнинг ҳамма важҳларини, саҳиҳ санадларни ва Суннатни билувчи бўлмоғи лозим”, Абул Ҳориснинг ривоятида: “Китоб ва суннатни биладиган кишигина фатво бериши жоиз”, Ҳанбалнинг ривоятида эса: “Фатво берувчи шахс ўзидан олдингиларнинг сўзини билган бўлиши керак” деган.

– Муҳаммад ибн Убайдуллоҳ ибн Мунодий айтади: “Бир киши Имом Аҳмаддан сўради: “Юз минг ҳадисни ёд олган киши фақиҳ бўла оладими?”. У: “Йўқ”, деди. Киши: “Икки юз минг ҳадис ёд олсачи?” деб сўради. У: “Йўқ”, деб айтди. Киши: “Уч юз мингничи?” деди. У: “Йўқ”, деб жавоб берди. Киши: “Тўрт юз мингничи?” деб сўради. Шунда имом Аҳмад: “Қўлини ҳаракатлантириб, бўлади”, деди”.

– Хатиб Бағдодий “Ал‑фақиҳ вал‑мутафаққиҳ” китобида имом Шофеъийдан ривоят қилиб айтади: “Аллоҳнинг китобидан носихини, мансухини, муҳкамини, муташобиҳини, таъвилини, танзилини, маккийсини, маданийсини, муродини билган кишигина Унинг динида фатво бериши мумкин. Шу билан бирга у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини билиши қаторида носихини мансухидан ажратсин. Ҳадисдан ҳам Қуръондан билганчалик билсин. Бундан ташқари у луғатни, шеърни, Қуръон ва Суннатга керак бўладиган бошқа илмлардан ҳам хабари бўлиб, билган илмларини инсоф билан қўлласин. Шунингдек, турли шаҳар аҳлининг ихтилофларидан ҳам хабардор бўлсин. Шунда у инсонга малака ва иқтидор ҳосил бўлади. Мана шундай сифатга эга бўлган киши ҳалол‑ҳаром ҳақида фатво бериши жоиз. Агар бундай бўлмаса фатво бериши мумкин эмас”.

– Али ибн Шақиқ айтади: “Ибн Муборакдан: “Киши қачон фатво бера олади?” деб сўралди”. У: “Асарни тушунувчи, раъйни англовчи бўлса”, деб жавоб берди”.

– Яҳё ибн Аксамдан: “Киши қачон фатво бериши вожиб бўлади”, деб сўралганда у: “Раъйни англовчи, асарни тушунувчи бўлса”, деб жавоб берди. Бу икки имом раъй деганда шаръий ҳукмларни саҳиҳ қиёсни назарда тутган.

Салаф уламоларнинг юқоридаги айтганлари ижтиҳод қилиш даражасига етиб, Қуръон, Суннат, ижмоъ ва қиёс орқали фатво беришга лойиқ бўлиш учун айтилган шартлар эди. Улар фатволарни шу йўсинда берганлар. Аммо бу даражада бўлмаса-чи? Ундай бўлса, қуйидаги гапларга қулоқ тутайлик:

– Абу Ҳафс айтади: “Менга Абу Исҳоқ айтди: “Мен “Жомиъатул мансурийя”да фатво бериб турган вақтимда фатво бериш учун тўрт юз минг ҳадисни ёд олиш масаласини зикр қилдим. Шунда менга бир киши: “Ўзингиз ўша миқдор ҳадисни ёд олганмисиз. Инсонларга фатво беряпсизку?!” деди. Шунда мен унга: “Барака топгур! Агар ўша миқдор ҳадисни ёд олмаган бўлсам ҳам, мана шунча ёки унданда кўпроқ ҳадисни ёд олган кишиларнинг сўзи ила инсонларга фатво беряпман”, дедим”.

Бу гапдан тушуниладики, инсон фатво ва ижтиҳод аҳлидан бўлмаса, мужтаҳиднинг сўзи ила фатво бериши лозим бўлади. Демак, Қуръон ва ҳадисдан ҳукм ола билмаганларнинг уламолардан нақл қилишлари ҳам бир маънода фатво ҳисобланади.

– Абдуллоҳ ибн Аҳмад айтади: “Мен отамдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, саҳобаларнинг ва тобеъинларнинг қавллари ёзилган китоблари бор, бироқ матрук ҳадисларни билишга малакаси етмайдиган, шунингдек, кучли иснодни заифидан ажрата олиш илми йўқ киши ўша китобдагилардан хоҳлаганини ихтиёр қилиб, унга амал қила оладими, унга фатво бериши жоизми?” деб сўрадим”. Отам: “Китобдаги гаплардан қайси бири олинишини сўрамагунича, унга амал қилмайди. Балки, аҳли илмдан саҳиҳ иш ҳақида сўраб, кейин унга амал қилади”, деди”.

– Имом Шаъбий: “Кимни қозиликда мустаҳкамини тутиш хурсанд қилса, Умар розияллоҳу анҳунинг сўзини олсин”, деган.

– Мужоҳид: “Инсонлар (мужтаҳидлар) бирор нарсада ихтилоф қиладиган бўлса, Умар розияллоҳу анҳу қилганига боқиб, уни ушланг”, деган.

Шаъбий ва Мужоҳид роҳматуллоҳи алайҳларнинг мазкур сўзлари тақлид қилиш жоизлигига очиқ‑ойдин далил бўлади.

– Муҳаммад ибн Жарир айтади: “Фиқҳда Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан бошқа мазҳаби ва фатволарини ёзиб борадиган шогирдлари бор киши бўлмаган. Шунга қарамасдан у Умар розияллоҳу анҳунинг сўзлари сабабидан ўзининг фатвосини тарк қилар эди. Мазҳабидан бирон бир масала Умарнинг сўзига мухолиф келиб қоладиган бўлса, ўзини гапини тарк қилиб, Умар розияллоҳу анҳунинг сўзига юрарди”.

– Шаъбий айтади: “Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу унча-мунча гапга рози бўлмас эди. Аммо, агар Умар розияллоҳу анҳу бир ҳукмга рози бўлса, у ҳам бунга рози бўларди”.

Бундан билинадики, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳам Умар розияллоҳу анҳунинг ижтиҳодларига эргашганлар. “Ал‑мадхалул муфассал илал фиқҳил ҳанафий” ва “Усулул ифто” китобларида салаф солиҳ мужтаҳидларни мужтаҳид дейилиши, бироқ улар ҳам баъзи масалаларда ўзларидан олдингиларга тақлид қилганлари айтилади. Яъни, улар ўз-ўзидан ижтиҳод даражасига етмаганлар. Балки устозларидан етарли илмларни олганларидан кейин анча муддат улар қўл остида Қуръон ва ҳадисдан ҳукм олишни машқ қилганлар. Уларнинг назоратида бўлганлар. Бу дегани ўша мужтаҳид имомолар таълим олган устозларидан таъсирланиб, ўқиб ўрганган мактаблари асосида қоидалар ишлаб чиқадилар.

– Товус айтади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан етмиштасини топганман. Улар бирон масалада келишмоқчи бўлсалар, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг гапига тўхташар эдилар”.

Демак, уларда ҳам ўзлари ишончли деб билган кишиларга эргашиш бўлган.

– Аъмаш Иброҳимдан нақл қилиб айтади: “Агар бир масалада Умар ва Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳумларнинг гапи бир хил чиқадиган бўлса, ундан бошқасига ўтилмайди. Агар иккиси ихтилоф қилиб қоладиган бўлсалар, менга Абдуллоҳ ибн Масъуднинг сўзлари маъқулроқ. Чунки у кишининг чиқарган ҳукми мулойимроқ ва муносиброқ”.

– Товус айтади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир юз ўттиздан ортиқ саҳобаларидан фатво ёзиб олдим. Уларнинг ичида эркак ва аёллари ҳам бор эди. Кўпроқ еттитасидан ёзиб олганман”.

Бу гаплар Аллоҳнинг китоби ва расулининг суннатини билиш, салафларнинг сўзларини англаш, тўрт юз минг ҳадисни ёд олиш ва бундан бошқа ижтиҳод шартларини ўзида жамлаган кишига бошқалар тақлид қилиши вожиб эканини англатади.

Буни бир масалада мужтаҳидлар ихтилоф қилган пайтда ҳар бир киши Китоб ва Суннатдан ўзи ҳукм олиши лозим, деювчилар яхши англаб олшилари керак. Ҳа шундай! Зеро, билмагани учун аҳли илмдан сўрашга муҳтож бўлган киши мужаҳидларни хато қилгани ёки тўғри топганини қаёқдан билсин. Улар ўртасида қандай қилиб ҳакам бўла олади?!

Тепада ўрганганларимиз “Иъломул муваққиъийн” китобида салаф уламолардан нақл қилинган гаплар бўлиб, унинг асосида бироз хулосалар чиқардик.

Аллома Суютий “Тазйинул Мамолик” китобида бундай дейди: Абу Нуъаймнинг ривоятида Абу Мусъаб айтади: “Мен имом Моликнинг: “Етмишта шайх фатвога аҳллигимни айтмагунича фатво айтмадим”, деб айтаётганини эшитдим”.

Абу Нуъайм “Ҳуля”да, Хатиб “Рувотул Молик”да Халаф ибн Умардан ривоят қиладилар: “Мен Молик ибн Анас: “Ўзимдан билимдонроқ кишилар мени фатво айтишга лойиқ деб кўрмагунларича фатво беришга ўтмадим. Робиъа ва Яҳё ибн Саъиддан сўрагандим, улар менга фатво беришни буюрдилар”, деганини эшитдим. Шунда мен ундан: “Эй Абу Абдуллоҳ! Агар сизни бундан қайтарганларида нима қилардингиз?” деб сўрадим. Шунда у: “Қайтар эдим. Киши ўзидан билимдонроқ одамдан сўрамагунича ўзини бирор нарсага аҳл деб билмаслиги лозим”, деди.

Имом Моликнинг бу гапи ҳар қандай киши ҳам фатво беришга аҳл бўлмаслигини билдиради. Қолаверса, бундан англаймизки, инсон ўзининг йўналишида қай даражада эканини ўша маслакнинг катталари аниқлаб беради. Чунки бунга кичикларининг малакаси етмайди. Уларга ҳаммаси гўзал ва ажойиб кўринаверади. Катталар эса, илми ва тажрибаси орқали баҳо берадилар.

Хулоса шуки, инсон ижтиҳод ва фатво аҳлидан бўлмас экан, у фатвони эгаларидан сўрамоқлиги лозим. Бу эса, сўрагувчи сўралганга эргашганини ва унга тақлид қилганини англатади. Ҳадис ва фиқҳ имомларининг қавллари ва фатволари ўрганиб чиқилса ҳам, ижтиҳод қилиш унга аҳл бўлмаган кишига мумкин эмаслиги маълум бўлади. Ижтиҳод аҳли деб, унинг барча шартларини ўзида жамлаган инсонга айтилади. Буни юқорида имом Шофеъий, Аҳмад, Ибн Муборак ва Яҳё ибн Аксам каби имомларнинг гапларидан билиб олдик. Демак, ижтиҳодга лаёқатли бўлмаган киши илм аҳлига тақлид қилиши керак бўлади. Шуни унутмаслик лозимки, ижтиҳод ва тақлид иши асрларнинг энг яхшиси бўлган саҳобалар давридан бери давом этиб келаётган иш ҳисобланади.

Абдулҳодий ҒИЁС,

Тошкент Ислом институти катта ўқитувчиси

Manba:muslim.uz

Load More In МАҚОЛАЛАР