ФИҚҲ ИЛМИНИНГ ТАРИХИ – 2

0
18

Табиийки ёш саҳобалар ўзларидан катталардан, янги мусулмонлар эскиларидан шаръий масалаларни сўрай бошлашди.

Бу ишларда баъзи саҳобалар ўз илмлари, топқирликлари билан бошқалардан ажралиб чиқдилар. Уламоларимиз фиқҳ билан машҳур бўлган саҳобаларга Абу Бакр Сиддиқ, Умар ибн Хаттоб, Усмон ибн Афвон, Али ибн Абу Толиб, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс, Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳум ва Оиша онамиз розияллоҳу анҳони мисол қилиб келтирадилар.

Шунингдек, Набиййимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳолиси мусулмон бўлган узоқроқ юртларга ўша ердагиларга шариат аҳкомларини ўргатиш, уларнинг ҳаётида янги пайдо бўладиган масалаларни ҳал этиш учун ўз вакилларини юбора бошладилар.

Жумладан, Яманга Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни юборишни ирода қилдилар. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу ўз иш жойларига жўнаб кетаётганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан у киши ўртасида қуйидаги ривоятда зикри келган суҳбат бўлиб ўтди.

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунинг Ҳимс аҳлидан бўлган соҳибларидан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга юборишни ирода қилганларида:

“Сенга бир масала ориз бўлса, қандай қилиб ҳукм чиқарасан?”- дедилар.

“Аллоҳнинг китоби ила”,- деди.

“Аллоҳнинг китобидан топмасанг- чи?”- дедилар.

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннати ила”,-деди.

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатидан ҳам, Аллоҳнинг китобидан ҳам топмасанг-чи?”-дедилар.

“Фикрим билан ижтиҳод қиламан, бўш келмайман”,- деди.

Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг кўкрагига урдилар ва: “ Аллоҳ Расулининг вакилини Аллоҳнинг Расулини рози қиладиган нарсага муваффақ қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин”,- дедилар”.

Абу Довуд ривоят қилган.

Барча ҳадис китобларида келтирилган ушбу машҳур воқеъа асрлар давомида фақиҳларимизни янгидан-янги илмий чўққиларга, изланишларга чорлаши билан бирга, Қуръони Карим оятлари ҳамда бошқа ҳадислар билан бир қаторда фиқҳ илмига ҳужжат ва далил ҳам бўлиб келмоқда.

 

 

Андижон “Саййид Муҳйиддин махдум”

ўртамахсусисломбилимюртимударриси

Саид Афзалхон ЗИКИРЯЕВ

Load More In МАҚОЛАЛАР