ФИҚҲ ИЛМИНИНГ ТАРИХИ

0
35

Фиқҳ илмининг тарихига назар соладиган бўлсак, Исломнинг аввалги даврида тафсир, ҳадис, усулул фиқҳ ва бошқа илмлар каби фиқҳ илми ҳам алоҳида илм шаклида ажралиб чиқмаганлигини кўрамиз.

Дастлаб Маккаи Мукаррамада 13 йил давомида асосан ақийдага тааллуқли оятлар тушди. Кейинроқ, Мадийнаи Мунавварага ҳижрат қилинганидан сўнг, ҳукмга тегишли оятлар ҳам туша бошлади. Уларнинг ҳаммасини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳали унча кўпаймаган мусулмонлар жамоасига ўқиб, тушунтириб берар эдилар. У вақтдаги мусулмонларнинг деярли барчаси араблар бўлиб, араб тилини нозик жойларигача яхши тушунишар, Қуръони Карим оятлари ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ҳеч қийналмай англашар ва уларга амал қилишар эдилар.

Асри саодатни қарангки, мабода баъзи тушунмовчиликлар бўлса, дарров Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан сўраб олишар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса уларга масаланинг жавобини баён қилиб берар эдилар.

Ўша вақтда саҳобаларнинг содда ҳаётларидаги асосий ишлари ҳам шундан иборат эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётларининг охирига келиб Қуръони Карим оятлари тушиши ниҳоясига етиб қолди. Кейинги босқичдаги оятларнинг кўплари фиқҳий ҳукмларга тегишли эди.

Турли қабила ва юрт одамлари Исломни қабул қилишди. Янги мусулмонлар қаршисида деярли йигирма уч йил давомида тушиб тўпланган оятларни ўқиб-ўрганиш, уларга амал қилиш, шариат аҳкомларини ўз ҳаётларига татбиқ қилиш вазифаси турар эди.

 

Андижон “Саййид Муҳйиддин махдум”

ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

Саид Афзалхон ЗИКИРЯЕВ

Load More In МАҚОЛАЛАР