МАҚОЛАЛАР ҲАР БИР ЯХШИ ВА ЁМОН ОДАМ ОРҚАСИДА НАМОЗ ЎҚИЛАВЕРАДИ 9 декабря, 2022 0 143 Халқ орасида имомлар ҳақида турли иғволар тарқатиб фитна қилишлари ва имомларга эргашишдан қайтаришга уринишлари ҳақида Кейинги пайтларда масжидларимизда имомлик вазифасида турган аҳли илмларнинг шахсий камчиликларини пеш қилиб, уларга иқтидо қилмай алоҳида намоз ўқийдиган «тақводор»лар учраб қолмоқда. Бундайлар масжидга кириб, жамоатга қўшилмасдан ёлғиз намоз ўқишади. Сабабини сўрасангиз, бу имомнинг тақвоси йўқ, эътиқоди чатоқ, ундоқ-бундоқ ва ҳоказо важлар. Аслида эса уларнинг қалбини кибр балоси чиритган. Имом домлалар ортида туриб саждага бош қўйишга нафслари йўл бермайди. Улар тўғри қилишадими? Жамоатдан ажраб намоз ўқишлари учун имомнинг камчиликлари асос бўладими? Мазҳаббошимиз Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳни кўпчилик билади. Ул зотнинг тақвоси, илми ва амали, Аллоҳдан қўрқинчи, суннатга мутобаати, саҳобалар йўлини маҳкам тутгани, бидъатдан ҳазар қилиб, суннатга мувофақати тилларда достон бўлган. Шу зоти шариф ўзининг «Фиқҳул акбар» номли машҳур асарида бундай ёзади: و الصلوة خلف كل بر و فاجر من المومنين جائزة «Мўминлардан иборат ҳар бир яхши ва ёмон одам ортида намоз ўқиш жоиздир». Бу сўзлар аҳли суннат вал жамоат эътиқодий масалаларидан муҳим бирини баён этмоқда, яъни ўзини суннат ва жамоат йўлидаман деб билган ҳар бир мусулмон, яхшими-ёмонми, хулқи қандай бўлишидан қатъи назар, намоз аҳкомларидан хабардор ҳар қандай имомнинг ортида намоз ўқишни жоиз деб эътиқод қилиши керак. Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ бу ибора орқали аҳли суннат йўлини баён қилиш билан бирга ўша даврдаги хаворижларга раддия бериб кетмоқда. Хаворижларнинг энг тубан эътиқодларидан бири шуки, улар мухолиф фикрловчиларни мусулмон ҳисоблашмайди, ортида намоз ўқишни ҳаром деб фатво беришади. Жаноб Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: صلوا خلف كل بر و فاجر و صلوا على كل بر و فاجر و جاهدوا مع كل بر و فاجر «Ҳар бир яхши ва ёмон ортида ва ҳар бир яхши ва ёмон одамга намоз ўқинглар. Ҳар бир яхши ва ёмон бошлиқ ёнида туриб душманга қарши жиҳод қилинглар» (Байҳақий). Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Ҳажжожнинг ортида намоз ўқирди, Абу Саъид Худ-рий розияллоҳу анҳу Марвон ибн Ҳакам ортида ҳайит намозини ўқиган. Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумо ҳам Марвон ибн Ҳакамнинг ортида намоз ўқишарди. Ҳатто одамлар уйларига борганда намозни қайтариб ўқишса керак деб суриштиришган, лекин улар қайтаришмас экан. Иброҳим Нахаъий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Саҳобаларнинг ҳаммаси амирларнинг ортида, улар қандай одам бўлишидан қатъи назар, намозга иқтидо қилиб ўқишар эди». Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, аҳли сунна йўлида юрган мусулмон фожир имом ортидан ҳам эргашиб намоз ўқийверади. Имом ўз гуно-ҳига ўзи жавоб беради, иқтидо қилганлар эмас. Ўзини тақводор тутиб жамоатга қўшилмаганлар билиб қўйсинки, улар бир суннатни тарк этиб, бидъат йўлига кириб қолишган. Чунки асл суннийликда яхши ва ёмон одам орқасида ҳам на-моз ўқиш жоиз, уни тан олмаганлар эса аҳли бидъат бўлади! Билим юрти мударриси Б.Тожибоевнинг ““Салафий”ларга илмий раддиялар” китобидан Билим юрти матбуот хизмати