Ижтимоий тармоқларнинг ёшлар онгига таъсири

0
492

Йигирма биринчи аср – оммавийлашув, ойлар талаб қиладиган масофалар сонияларга қисқарган, техника ривожланиш асри. Ижтимоий тармоқлар ҳақида эшитар эканмиз, бу сўз энди ҳеч биримизга бегона ёки нотаниш бўлмай қолди. Марказ, шаҳарлардан тортиб олис, энг чекка қишлоқ, туманларгача кириб борган ижтимоий тармоқлар эндиликда етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган инсонларнинг барчасига таниш ва қадрдон бўлиб қолди.

Техникалар ривожланган бу асрда ижтимоий тармоқлар инсон ҳаётини буткул ўзгартирди десак, муболаға қилмаган бўламиз. Негаки ўтган асрда инсонлар бир-бирларини топиш, суҳбатлашиш учун километрлар, балки шаҳар, давлатлар оша масофа босиб ўтган бўлсалар, эндиликда қўлидаги “телефон” номли қурилмани олиб, ўнлаб тури мавжуд бўлган ижтимоий тармоқларнинг бирига кирсалар, кифоя қиладиган бўлиб қолди. Шубҳасиз, бу ижтимоий тармоқларнинг ютуғи. Аммо, Махатма Ганди: “Уйимни деразасини очсам, тоза ҳаво билан бирга чанг ҳам киради…”, — деганидек, ижтимоий тармоқлар инсонларнинг вақтларини тежаш билан бирга, вақтини денгиз мавж уриб оққанидек олиб қўядиган ҳам бўлиб қолди.

Инсон ёши улғайиб борган сари оқни қорадан ажрата оладиган, вақтини қадрини биладиган, қадамини ўйлаб босадиган бўлиб қолади. Аммо, ёшларнинг ҳаммасида ҳам бу малака шаклланган бўлмайди. Мана шу сабаб ижтимоий тармоқларнинг “тўри”га илиниб қолиши, уларда тарғиб қилинадиган ёмон йўлларга кириб кетиши ҳам осон бўлади.

Инсон доимий равишда ўзини назорат қилиб, ёмон йўлга кирмасдан яшамоғи лозим. Ижтимоий тармоқларнинг ижобий томонлари борлиги билан бирга, салбий жиҳатлари ҳам мавжуд. Илмий китоблар, фойдали маълумотлар ҳақидаги тармоқлар борлиги билан бирга, ёмон йўлга тарғиб қилувчи, фитна-фасод, гуноҳ, фаҳш, беҳаёликка тарғиб қилувчилари ҳам бор. Афсуски ёшлар мана шундай тармоқларга кириб, ундаги ёмон нарсаларни ўқиб, томоша қилиб, тўғри йўлдан оғиб кетаётганларини сезмай қолмоқдалар. Мана шу сабаб ўзига хос маданиятига эга ўзбек халқи ёшларининг орасида оммавий маданият, бузуқ ғояларга учиб қолганлари ҳам учраб турибди. Бу жуда ҳам ачинарли ҳолат. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Киши яхши кўргани билан биргадир”, — деб марҳамат қилганлар. (Имом Муслим ривояти). Бу ҳадиснинг маъноси шуки, ким қайси бир урфни, қайси бир маданиятни, қайси бир тоифа инсонларни яхши кўрса, уларга ўхшашни хоҳласа, улар каби бўлишга интилса, у инсон бу дунёда ҳам, қиёматда ҳам уларнинг сафида бўлади, уларнинг тоифасидан ҳисобланади. Яна ҳам содда қилиб айтадиган бўлсак, мисол учун оммавий маданиятга тақлид қилиб яшаётганлар ёки қалбан уларни суйганлар, оммавий маданият вакилларини тоифасидан ҳисобланади. Ким қайси бир бузғунчи ғояни суйса, у улар сафидан деб ҳисоб қилинади.

Яна бир ҳадиси шарифда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Киши дўстининг динидадир”, — деб марҳамат қилганлар (Имом Муслим ривояти). Халқимизда “Дўстинг кимлигини айт, сенинг ким эканлигингни айтаман”, деган гап бор. Бунинг маъноси шуки, ҳозирги кунга келиб баъзи бир инсонлар ўзининг дини, ўзининг маданияти, ўзининг урфини эмас, балки ўзга дин, ўзга маданиятни улуғлайдиган, суядиган бўлиб қолмоқда. Бу эса айнан ватанпарварлик деган олий ва муқаддас тушунчаларимизга зиддир. Ким энди ўзганинг одатларини суйса, у суйганларининг тоифасидандир.

Ёшлар ижтимоий тармоқлар таъсири остида ўзининг муқаддас қадриятларини паст санаб, ўзгаларникини улуғлаётган ҳолатларига ҳам гувоҳ бўламиз. Бу эса ота-боболаримиздан мерос бўлиб келаётган буюк маданиятимиз, қадриятларимизнинг ўзак томирига болта уриш демакдир. Баъзи ёшларимиз ёт ғояларга эргашиб, ўзлигини, кимларнинг авлоди эканлигини, буюк мутафаккирлар, олимлар, мужаддидлар, муҳаққиқларнинг фарзандлари эканлигини унутиб қўймоқдалар. Мана шу сабаб биз ёшларнинг таълим-тарбиясига жуда ҳам зийрак ва эътиборли бўлмоғимиз лозимки, биз ҳам ўзимиздан кейин бобокалонларимизга муносиб, юртимиз номини кўкларга кўтарадиган, улардан фахрлана оладиган авлод қолсин.

Аллоҳ таоло бу машаққатли вазифани шараф ила адо этишга, ёшларнинг онгини фақатгина илм-у маърифат билан суғоришимиз ҳамда ҳар қандай ёт ва бузғунчи ғоялардан асраб-авайлашимизга муваффақ айласин.

 

Нажмиддинов БАХТИЁРЖОН,

Андижон “Саййид Муҳйиддин махдум”

ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

Load More In МАҚОЛАЛАР