ИЛМ ТАҚВОДОРЛАРГА БEРИЛАДИ.

0
34

“Илм” – луғатда «идрок қилиш» маъносини билдиради. Истилоҳда эса нарсаларни воқеликда қандай бўлса шундайлигича билиш илм дейилади. Аммо, илм унга амал қилинмагунча ҳақиқий илм ҳисобланмайди. Балки миядаги маълумот сифатида тураверади, эгасига фойда бермайди. Ўз соҳибини бахт-саодатга етаклайдиган илм эса фақат тақводорларга, яъни ўрганган илмларига амал қиладиган зотларга берилади. Бу ҳақида Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 282-оятида шундай марҳамат қилади: “Аллоҳга тақво қилинглар. Ва Аллоҳ сизларга илм беради”.

Дарҳақиқат, ким илм олмоқчи бўлса, албатта, биринчи ўринда тақво қилиши лозим бўлади. Тақво — Аллоҳдан қўрқиш, Аллоҳ таолонинг буйруқларини бажариб, қайтарган нарсаларидан қайтишдир.

Илм нурдир. Унинг нури қалбларни, йўлларимизни, дунё ва охиратимизни ёритади. Агар илмга амал қилмасак, у қалбимизга етиб бормайди, хотирамизни бир бирчагида маълумот бўлиб қолиб кетади.

Аллоҳ таоло Анфол сурасининг 29-оятида шундай марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар, агар Аллоҳга тақво қилсангиз, сизга фурқон беради, сизнинг гуноҳларингизни ювиб, мағфират қилади. Аллоҳ улуғ фазл эгасидир”.

Фурқон — фарқловчи, ажратувчи деганидир. Яъни, ҳақ билан ботилни ажратувчи. Ким тақво қилса, Аллоҳ таоло унга яхши билан ёмонни ажратадиган ҳидоят нурини бериб қўяди. Фурқонни бериш билан чекланиб қолмасдан, гуноҳларини ҳам мағфират қилади.

Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

У зот айтдилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса уни динда фақиҳ қилади. Мен фақат тақсимловчиман, Аллоҳ ато қилади».

Фақиҳ — дин масалаларни дақиқ жойларигача тушунадиган инсондир. Аллоҳ таоло кимга яхшиликни ирода қилган бўлса, уни динда фақиҳ, илм-маърифатни яхши англайдиган қилиб қўяди. Уламоларимиз илм билан бирга руҳий тарбияга ҳам қаттиқ эътибор қаратганлар. Чунки Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтганларидек, илм токи унга амал қилинмагунча эгасига фойда келтирмайди. Мўътабар китобларда буни «фиқҳун нафс», «тарбиятун нафс» каби номлар билан атаганлар. Илм олишда фақат хотира эмас, балки қалб ҳам иштирок этиши зарурдир. Бу ҳақида улуғ зотлардан бири шундай деганлар:

«Банда қалби ила Аллоҳга юзланаркан, Албатта, Аллоҳ таоло Ўзининг раҳмати ва марҳамати билан ризқлантирмасдан туриб бу мўмин қулини қабул қилмайди».

Шунинг учун илм олишда Аллоҳга қалбимиз билан юзланишимиз, холис ният билан ҳақ йўлга эргашиш истагида ўрганишимиз лозим.

Аллоҳ таоло юртимиздаги барча толиби илмларга юқорида зикр қилинганидек покиза қалб ила таълим олиш насиб этсин! Дунё бўйлаб пандемия хавфи тугамаган бўлса ҳам, ғайрат-шижоат билан дарс беришда давом этаётган устозлар ва таълим олишдан тўхтамаётган талабаларга Аллоҳ таоло фойдали илм ва барокатли умр берсин!

 

Раҳматулло қори УМАРОВ,

“Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта

махсус ислом билим юрти мударриси

Load More In МАҚОЛАЛАР