МАҚОЛАЛАР Исломда спорт 7 февраля, 2024 0 304 Ислом шариати нафақат спорт билан шуғулланишга ижозат берган, ҳатто бу ишга барча мусулмонларни рағбатлантирган, чақирган ҳам. Ислом мўмин-мусулмонларни бадантарбия, отда чопиш, пойгада мусобақалашиш, сувда сузиш, мерганлик, ақлни чиниқтириш каби машқлар билан мунтазам шуғулланиб юришга буюрган. Ҳозирги кунимизда соғлиқни сақлаш, хасталикка чалинмаслик учун бадантарбия қанчалик аҳамиятли эканини ҳамма тушуниб етган. Каттаю кичик иложи борича бадантарбияга эътибор беради. Бу нарса, айниқса, ривожланган давлатларда жуда авж олган. Ҳамманинг кучли, қувватли, чапдаст, эпчил бўлгиси, хасталикларга чалинмай юргиси келади. Бунинг учун бадантарбия билан доимий шуғулланиш керак. Исломда бу ишга алоҳида эътибор берилган. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўплаб ҳадислари бор. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мен билан мусобақалашган эдилар, мен у зотдан ўзиб кетдим. Бир муддатдан сўнг мени жисмим оғирлашганида яна мен билан мусобақалашиб, мендан ўзиб кетдилар ва “ҳалиги билан биру бир”, дедилар» (Аҳмад ва Абу Довуд ривоят қилишган). Қаранг, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллари Оиша онамиз розияллоҳу анҳо билан югуриш мусобақаси ўтказган эканлар. Бу югуриш мусобақаси пайтида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёшлари эллик учдан ўтган эди. Кейинги, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиздан ўзиб кетган югуриш мусобақада эса у зотнинг ёшлари бундан ҳам катта бўлган. Бу, оилавий равишда бадантарбия билан шуғулланишдир. Афсуски, кўпгина мусулмонлар бунга ўхшаш нарсалардан бехабарлар. Олдинги уламоларимиз ушбу ҳадиси шарифни шарҳ қилишар экан, бир неча маъноларга урғу беришган. Улар: “Оишанинг ҳадисида оёқда югуриб мусобақа қилишга, маҳрам эркак-аёллар орасида мусобақа ўтказишга, бу иш виқорга, шарафга, илмга, фазлга ва ёшнинг улуғлигига номуносиб эмаслигига далил бор”, дейишади. Минг афсуслар бўлсин, кўпчилик мусулмонлар, хусусан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишни даъвосидагилар ушбу маъноларни англашдан йироқда. Улар бадантарбия билан шуғулланишни эп кўришмайди, буни виқорга, шарафга, илмга, фазлга ва ёшнинг улуғлигига муносиб эмас, деб билишади. Салама ибн ал-Акваъ розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Биз йўлда юриб борар эдик. Анcорийлардан мусобақада ҳеч енгилмаган бир киши: «Мадинагача мусобақалашувчи борми? Қани ким мусобақа қила олади?» дея бошлади. «Ҳурматли кишини ҳурмат, шарафлининг шарафини риоя қилмайсанми?» дедим. «Фақат Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламни», деди. «Эй Аллоҳни расули, ота-онам сизга фидо бўлсин! Қўйиб беринг, шу одам билан мусобақалашай», дедим. «Хоҳишинг бўлса, майли», дедилар у зот. Мадинага ундан ўзиб етиб бордим» (Муслим ва Аҳмад ривояти). Ушбу ривоятдан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари орасида доимий равишда спорт мусобақалари бўлиб турганини билиб оламиз. Салама ибн ал-Акваъ розияллоҳу анҳунинг “ансорийлардан мусобақада ҳеч енгилмаган бир киши” дейишлари шу маънога далолат қилади. Яъни, саҳобалар ичида мусобақаларда доимий равишда биринчи бўлиб ном қозонганлари ҳам бор экан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса худди Салама ибн ал-Акваъ розияллоҳу анҳуни спорт мусобақасига рағбатлантирганларидек ҳаммани рағбатлантириб турганлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ёш авлоднинг соғлом бўлиб ўсишини таъминлаш борасида фарзандларини бадантарбия билан шуғуллантиришга ота-оналарни тарғиб қилганлар. У зот: «Фарзандларингизга сузишни, отишни ва от минишни таълим беринглар», деганлар. Яна бошқа бир ҳадиси шарифда эса: «Ёзишни, сузишни ва отишни таълим бериш фарзанднинг ота-онадаги ҳақ-қидандир», дейилган. Ўйлаб кўрадиган бўлсак, Ислом ўзининг бутун борлиғи билан ҳаракат динидир. Унда ҳаракатсиз ҳеч нарса бўлмайди. Бир вақт намоз ўқиш учун инсон қанчалар ҳаракат қилади. Саҳарда уйқусидан туриб, таҳорат қилиб, намоз ўқиш жойига бориб икки ракат намоз ўқигунича инсоннинг ҳар бир бўғини ҳаракатга тушади. Рўза ҳам шунга ўхшаш: саҳарликка турилади, ҳаракат қилинади, хуфтонга қўшиб йигирма ракат таровеҳ намози ўқилади. Ҳаж ва умра ҳам асосан қаттиқ жаҳд ва ҳаракатлардан иборат ибодатлардир. Буларнинг ҳаммаси соғлиқ учун фойдали эканини ҳозирги пайтда мусулмон булмаган инсонлар ҳам яхши биладиган ҳолга келишди. Манбалар асосида: Билим юрти мударриси Муслимбек домла Йўлчибоев.